№29, 17.07.2014 ҚАТРА
ИЛИНЖ
Тўтинисо она кексайиб қолди. Юз баҳорни қаршилади. Қўлида ҳасса. Баъзида бир жойда ўтиравериб зерикади-да, аста ҳассасини дўқиллатиб, дарвоза тагидаги супачасига бориб ўтиради. Ўтган-кетганни кузатади. Кўчада кўринганки одам ёнига келиб, бир қур сўрашиб ўтиб кетади. Танигани билан узундан-узоқ сўрашади. Яна йўл қарайди. Қизларининг яшаш манзили йироқ бўлганлиги учун улар кўпам тез-тез келишавермайди. Ўзи асли улар ҳам кексайиб қолишган. Лекин онаизор учун барибир ёш. Хавотир олади. Бирровгина дийдорини кўрсатиб кетишса, осмон узилиб ерга тушмасди. Нима кўп, кўчада машина кўп... деб қизларини ичида койиб ўтирарди. Азбаройи уларни кўргиси келганидан уйда ҳам ўтиролмай қоларди.
Баъзида қизлари келиб, "энди биз уйга қайтайлик", десаям, "кетиб қоласизларми?" деб бир зумда мунғайиб қолади. Гўё уларни бошқа кўролмайдигандек.
Буни оиласидагилар яхши билишади. Кампир гоҳида бир нуқтага қараб, узоқ ўйга чўмиб қолса, ўғли биладики, қизларини кўргиси келяпти. Дарров ўғлини чақиради.
- Машинангда бориб, аммаларингни олиб кел. Энам сизларни соғинибди, дегин, - дейди онасига билдирмай.
Бир зумдан сўнг қизлари уйга кириб келишганида, Тўтинисо она бутун гиналарини унутиб юборади. Яйраб ўтиради. Ўғли, қизлари ёнида. Шу тобда онадан бахтли инсон йўқ дунёда. Аслида ҳам шундай...
ЗУМРАДХОН.
|