№30, 24.07.2014 МУЛОҲАЗА
КИТОБМИ ЁКИ ИНТЕРНЕТ!
ИНСОНИЯТ ЯРАТГАН МЎЪЖИЗАЛАРНИНГ ЭНГ БУЮГИ - БУ КИТОБДИР.
Китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб-фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблайди. Ўзбек халқи ҳам дунёдаги энг китобхон халқлардан биридир. Китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ҳадиси шарифда "Илм олмакка интилиш ҳар бир муслим, муслима учун қарзу фарз" - дейилади.
Агар ўйлаб қарайдиган бўлсангиз, киши маънавиятини ҳеч нарса китобдек беғараз бойита олмайди. Руҳиятингизни ҳеч нарса китобдек, билим олишдек, ўрганишдек буюк неъмат билан безай олмайди. Кишининг интеллектуал ривожланишида китоб асосий ўринни эгаллайди. Чунки кишининг ўзини-ўзи тарбиялашида китоб ҳам билим манбаи, ҳам ўзингизни кўриш, таққослаш, таҳлил қилиш, мунозара юритиш, баҳслашишда маълум даражада кўзгу вазифасини ўтайди. Шу ўринда буюк аллома Абдураҳмон Жомийнинг китоб ҳақида ёзган қуйидаги сатрлари ёдимга келди:
Китобдан яхшироқ дўст
йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлгай у
ғамгин замонда.
У билан қол танҳо ҳеч
бермас озор,
Жонингга юз роҳат
беради такрор.
Ҳақиқатан ҳам, бизгача сақланиб қолган шундай ёзувлар, китоблар бўлмаганида ўз ўтмишимизни билолмаган, илм-фанимизни ҳам тараққий эттира олмаган бўлардик.
Инсоният яратган, қайта-қайта ўйлаб кўрган ва у эришган нарсаларнинг бари ҳудди сеҳрли сандиқдай китоблар саҳифаларида сақланган.
Айрим ҳолларда телевидениеда, жамоатчилик жойларида "...ҳозирда китобга бўлган қизиқиш камайди, одамлар китоб ўқимай қўйди, ҳамма маълумот, ахборотлар, электрон китоблар интернетда мавжуд, барини интернет орқали ўқиш мумкин, китоб варақлаб ўтиришнинг ҳожати қолмади", деган гапларни эшитиб қоламан. Мен бунга умуман қўшилмайман. Биз тафаккурга, фикр мусобақасига эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам кучайган бир даврда яшаяпмиз. Шу боис, китобхоналарнинг ахборотга бўл-ган эҳтиёжи ҳамда қизиқишлари кўп қиррали. Бугун ёшларимизни, асосан, илм-фаннинг барча соҳаларига доир адабиётлар ва ахборотлар, янги технологиялар қизиқтирса, катта ёшдаги китобхонларимизни кўпроқ нашр қилинган янги бадиий адабиётлар, ойномалар ва рўзномаларда чоп этилаётган ахборотлар қизиқтиради.
Биз бугун ахборот технологиялари ривожланаётган, ахборот асрида яшамоқдамиз. Бугун замонавий технологиялар ёрдамида интернет тармоғидан барча керакли ахборотларга эга бўлиш мумкин.
Электрон кутубхона эса интернетнинг ажойиб имкониятларидан биридир. Бу кутубхонанинг электрон шакли бўлиб, ундан фойдаланиш жуда кулай. Ҳар бир фойдаланувчи дунёнинг ихтиёрий нуқтасидаги электрон кутубхона маълумотларидан фойдалана олиши мумкин. Интернетдаги электрон китоб-ларга бўлган қизиқиш ва эҳтиёж кун сайин ривожланмоқда. Чунки, электрон китоблар жой эгалламайди. Электрон китобларни исталган пайтда осонгина топиш, бепул кўчириб олиш мумкин. Ўқиш ҳам қулай. Матнни катталаштириб, рангини, шаклини ўзгартириб ўқиш ҳам мумкин.
Инсон ўзига, фарзандларига ҳамиша яхши китоб учун пулини ҳам, вақтини ҳам аямаслиги керак. Театр, музейларга бориш, мумтоз мусиқаларни мароқ билан тинглаш, ўқилган китоблар хақида фикрлашишни канда қилмаслик зарур. Келинг, бир эслаб кўрайлик, сиз қачон фарзандингизни қандай китоб ўқиётгани билан қизиқдингиз, қайси байрамда унга китоб совға қилдингиз ёки унга янги китоб сотиб олиб бердингиз? Ёшларнинг лоқайдлигига ўзимиз айбдор эмасмиканмиз?
Агар уйга китоб олиб келинса, оилада китоб ўқилса, бу анъана фарзандлар томонидан, албатта, давом эттирилади. Киши болаликдан китоб ўқишни одат қилмас экан, кейин ҳам китобга қизиқиши қийин. Шунинг учун китобга бўлган муҳаббатни фарзандларда ёшликдан уйғотиш ота-онанинг энг асосий вазифасидир. Айрим ота-оналаримиз фарзандига 200 минг сўмга телефон сотиб олиб бермоқда-ю, 15-20 минг сўмга китоб олиб беришни эсидан чиқармоқда, уларнинг қайси бири фарзандига кўпроқ фойдали эканлигини эса ўйлаб ҳам кўришмайди.
Халқимизда ажойиб бир мақол бор "Қуш уясида кўрганини қилади". Одатда болалар ҳар нарсага қизиқувчан бўлади. Уларнинг саволларига ҳеч эрикмасдан жавоб бериш зарур, керак бўлса жавобларни биргаликда китоблардан излаб топиш лозим. Бундан ташқари, уларда тақлидчилик ҳисси кучли бўлади. Улар кўпроқ ота-оналарига тақлид қилади. Ҳали ўқишни билмайдиган фарзандларимизга, албатта, ўзимиз эртаклар, ривоятлар, ҳикояларни кўпроқ ўқиб беришимиз, унда ёзилганларни бирга таҳлил қилишимиз, байрамларда, туғилган кунларида уларга кўпроқ китоб тақдим қилишимиз керак. Биз шунга эришишимиз керакки, фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совға бўлсин. Шундагина фарзандларимиз биз орзу қилгандай, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичикка меҳрибон, Ватанига содиқ, инсофли, саховатли ва олийжаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.
Гулнорахон ИСМОИЛОВА,
Бобур номидаги вилоят Ахборот кутубхона
маркази директори.
|