Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№30, 24.07.2014

ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР

ШИРИН СЎЗНИНГ ШИРАСИ

- Бизга қандай шикоятлар бор, аяжон?

Чеҳраси кулиб турган шифокор янги келган беморга юзланди.

- Оёқларим оғрияпти. - Дардини оча қолди бемор.

Шифокор беморни обдон текширди. Қон босимини ўлчади, юрагига қулоқ тутди. Сўнг асбобни йиғиштирар экан деди:

- Юрагингиз яхши. - Қон босим меъёрида. Деярли жиддий касаллик йўқ. Оёқдаги оғриқлар албатта, тузалади.

- Ўн кундан буён юра олмаяпман, асабийлашгандай гапирди бемор.

- Худо хоҳласа уч кунда оёққа туриб кетасиз.

Беморнинг юзидаги тундлик ёзилгандай бўлди.

Қаҳрамонимиз Насибахон Собирова иш кунини деярли мана шундай беморлар дардига малҳам бўлиш, ширин сўзи билан уларнинг соғайиб кетишига умид боғлаш каби суҳбатлар билан бошлайди. Чеҳраси-ю кўнгли очиқ бу шифокор аёлга ҳамма ҳавас қилади.

Дадаси Муталибжон Исамиддинов шифокор-кардиолог. Онаси Соҳибахон ая ўқитувчи. Насибахон оилада беш фарзанднинг тўртинчиси. Ўрта мактабни имтиёзли битирган қиз ота изидан борди. 1986 йили Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди. Ишни шаҳардаги ип-йигирув корхонаси тасарруфидаги шифохонанинг терапия бўлимида бошлади (Ҳозирда бу маскан вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, деб юритилади.). Мана шунга ҳам 22 йил бўлибди.

Дадаси Муталибжон отанинг қизига қайта-қайта уқтирадиган сўзлари бор:

- Инсоннинг умрига-умр қўшилишида, унинг ҳаёт фаслларини сермазмун ўтишида асаб торига малҳамлик қиладиган ширинсуханлик катта аҳамият касб этади. Ширинзабонлик, айниқса, шифокорнинг асосий даволаш қуролларидан биридир. Бемор дардига даво кутади, шу туфайли ҳам шифокор сўз қудратидан уддабуронлик билан фойдаланиши керак. Биргина сўзнинг ўзи беморни қувонтириши, шижоатга чорлаши ёки иккилантириб, ишончини йўқотиши, ҳатто, қўрқинч ҳиссини уйғотиши мумкин. Шуни ёддан чиқарма, қизим.

Ҳам ота, ҳам устози сифатида Насибахон дадасининг ҳар бир айтган маслаҳатларига тўла-тўкис амал қилишга интилади. Беморлар билан самимий, қувноқ муомалада бўлиш билан бирга уларнинг дардига тўғри ташҳис қўйиб даволашга ҳаракат қилади. Шунингдек, у олим, кардиолог Абдуғани Юлдашев, Сайфиддин Турсунов сингари устозларининг ҳам фикрларини, маслаҳатларини ўзи учун қонун, деб билади, амалда қўллашга уринади.

- Мен жуда бахтли аёлман, - дейди ревматолог шифокор Насибахон Собирова. - Икки дадам ва икки онам, мени тушунгувчи турмуш ўртоғим, уч фарзандим доим ёнимда. Шунингдек, севган касбимда ишлаётганимдан, ҳамкасбларим - Тоҳиржон Исмоилов, Дилмурод Қаландаров, Гулбаҳор Пиримқулова, Муҳаммаджон Ҳасановлар билан биргаликда беморлар дардига малҳам бўлаётганимдан фахрланаман.

Ҳа, инсонни мукаррам қилиб турган восита меҳнат ҳамда ширинсуханлик эканига яна бир бора амин бўлдим.

Мушарраф ОХУНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди