№30, 24.07.2014 ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ
КАМҚОНЛИК - ЖИДДИЙ МУАММО
ТЕМИР ЕТИШМАСЛИГИ
* Оналар ўлимидаги барча ҳолатларнинг 40 фоизи (ҳомиладорлик ҳамда туғруқ давридаги ўлим) камқонлик билан боғлиқ.
* Анемия билан хасталанган аёллардан вазни енгил болаларнинг туғилиши эҳтимоли 30-40 фоизга кўпроқ бўлади. (бу эса кичкинтойлар учун хатарли ҳисобланади).
* Камқонликда жисмоний куч-қувват ва чидамлилик 20-40 фоизга пасаяди, мушаклар заифлашиб, унинг оқибати натижасида ишчанлик қобилияти жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган кишилар орасида 17 фоизга, ақлий меҳнат билан шуғулланадиганлар ўртасида 6 фоизга пасайиб кетади.
Камқонлик бугунги кунда аёллар ва болалар ўртасида кенг тарқалаётган хасталиклардан биридир. Унинг келиб чиқиш сабаби овқатланиш, яъни тановул қилинаётган озиқ-овқат таркибида темир моддаси етарли эмаслигидир. Аҳоли орасида, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар ва болаларда кўп учрайдиган бу касаллик овқатланиш билан боғлиқ.
Аксарият одамлар танани бақувват қиладиган, қон миқдорини кўпайтирадиган озиқ-овқатлар деганда гўштли, ёғли, қанд моддасига бой бўлган таомларни тушунадилар. Аслида юртимизда беҳисоб бўлган мевалар, сабзавотлар, ошкўклар, мош, ловия, нўхот, думбул каби маҳсулотлар ҳам темир моддасига ва шифобахш витаминларга бой. Пишиқчилик фаслида мевалардан тўйиб истеъмол қилиш, уларни қуритиб, қишга сақлаш керак. Чунки мевалар қоқи ҳолатида ҳам таркибидаги моддаларни сақлаб қолади.
Организмда темир етишмаслигининг камқонлик белгилари турли сабабларга боғлиқ. Оз миқдорда бўлса-да, узоқ вақт давомида қон йўқотиш организмда темир моддаси етишмаслигига олиб келади. Шунингдек, қон йўқотиш оқибатида келиб чиққан камқонлик, яъни жароҳатланиш, аборт ёки туғиш, бачадон раки ёки меъда ичаклар раки, меъда ва 12 бармоқли ичак яраси, бавосил, ўпка сили, геморрогик диатез каби турлари ҳам аёлларимизда кўп учрайди. Бу хасталикларнинг олдини олиш мақсадида йилда бир маротаба терапевт ва гинеколог кўригидан ўтиб, керакли таҳлилларни ўтказиш керак. Бу билан сиз жиддий касалликларнинг олдини олган бўласиз.
Касалликнинг бошланишида бемор умумий ҳолсизлик, яъни тез чарчаш, бош айланиши, қулоқларда шовқин, болдир мускулларида оғриқ, ҳаво етишмаслиги ва юраги тез уришидан шикоят қилади. Бемор юрак соҳасида оғриқ сезади, тери қатламлари оқарган ва қуруқ бўлади. Оғиз бурчаклари ёрилиши, тирноқлар юпқалашиб тез синадиган бўлиб қолади. Тил қизариб, оғриши мумкин. Бу В12 витамини етишмаслигидан келиб чиқади. Темир танқислиги натижасида ёш қизларда сийдик тутолмаслик ҳолати рўй беради. Ошқозон ичак йўлларида меъда секрецияси бузилади, таъм билиш пасаяди.
Камқонликнинг олдини олиш ва даволаш уч йўналишда олиб борилади. Булар тўғри овқатланишни йўлга қўйиш, таркибида темир моддаси, витаминлар билан бойитилган ундан тайёрланган нонни истеъмол қилишдир.
Камқонликнинг олдини олиш ва даволашда фортификация усулидан фойдаланилади. Бу озиқ-овқат маҳсулотларини темир моддаси, витаминлар билан бойитиш, яъни Ўзбекистоннинг биринчи навли унидан тайёрланган буханка ва патир нонлар ана шундай бойитилганлиги учун ҳам саломатлик учун фойдали.
Табобатнинг пири комил устози Ибн Сино инсон саломатлиги биринчи навбатда у истеъмол қилаётган озиқ-овқатга боғлиқ эканлигини таъкидлайди. Шунинг учун ҳам бойитилган ундан тайёрланган неъматлар ҳам қувват, ҳам шифобахш бўлиши билан инсон организмига фойдали.
Хуллас, камқонлик айниқса, оналар ва болалар учун хавфли хасталик ҳисобланади . Шундай экан, камқонлик хасталигига қарши курашиш ва унинг олдини олиш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Сайёра ДЖАЛИЛОВА,
Андижон шаҳар тиббий диагностика маркази шифокори.
|