№30, 24.07.2014 ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИ
ҚАЙТАР ДУНЁ
Бу дунёнинг ишлари ҳудди тарозига ўхшайди, деганлар ҳақ экан. Баъзи-баъзида шайтоннинг йўриғига юрган кимсалар ёмонликлари жавобсиз қолмаслигини билишмайди, ким кўриб турибди, деган хаёлда юришади.
Гуласал турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг тўрт нафар фарзанди билан ёлғиз қолди. Турмуш ўртоғи Мадумар уддабуррон, уйим-жойим деб елиб-югурадиган йигит бўлганлиги учун аёлини кўча-кўйнинг ишларига чиқармаганди. Шундан бўлса керак, бу жудолик Гуласал учун оғир бўлди. Аксига олиб ўзи ҳам ёлғиз қиз эди. Сирлашгани, дардлашгани туғишганлари йўқ.
Мадумарнинг эҳсонларида тонг саҳарда келиб, қаро кечга қадар хизматларини қилиб юрган Ҳусниддин негадир дўстининг бевасига бошқача нигоҳ билан қарарди.
Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлгани учун бунга ҳеч ким эътибор бермади. Бу унга қўл келиб, Гуласалнинг ишончига осонгина кириб олди. Мадумар каттагина савдогарнинг ягона меросхўри эканлигини Ҳусниддин яхши биларди. Кун аро каттагина сумкалар тўлдириб рўзғор учун ҳаражатлар қилиб келган бу йигитнинг ёрдамларини Гуласал беғараз деб ўйлади. Болаларининг каттаси эндигина мактабга борадиган, уйдаги машинани ҳайдагани, бозор-ўчарларга боргани ҳам дастёр йўқлигидан қийналаётган аёлга Ҳусниддиннинг бу одатлари хуш ёқди. Эрининг қирқи ўтгандан сўнг, Ҳусниддин Гуласалнинг қўлини сўради. Кекса қайнона-қайнотасининг раъйига қараб ўтирмаган келин бу таклифни қабул қилди...
* * *
Улар жуда ҳам бахтли жуфтлик бўлишди. Фақатгина тўрт нафар болаларнинг чекка-чеккада тўкилган кўз ёшлари, қари кампир-чолнинг Аллоҳга қилган нолаларини инобатга олмаганда, ҳамма нарса текис кетарди. Бир йил ўтгач, ширингина ўғил дунёга келди. Бу пайтда улар никоҳларини расмийлаштиришга ҳам улгуришди. "Ўзининг йигирма йил бирга яшаган аёли, икки нафар фарзандига вафо қилмаган эркак менга рўшнолик кўрсатармиди?" деган хаёл Гуласални безовта қилмади. Уйда Гуласални илондек авраб, секин-секин бор бойлигини ўзига ўтказиб олган эр кўча-кўйда бемаъни аёллар билан юра бошлади.
Орадан уч йил ўтди. Гуласал эрининг бегона аёл билан ўралашиб юрганлигини кимдандир эшитиб, ойдинлик киритиш учун уйдан шитоб билан кўчага отланганида катта йўлда қаршисидан келаётган юк машинасини кўрмай қолди. Натижада у машинанинг ғилдираклари остига кириб кетди. Тасодифни қарангки, болага ҳеч нарса қилмаган, аёл эса ўша ернинг ўзида вафот этганди.
Бу воқеа Ҳусниддинни эсанкиратиб қўймади. Чунки у Гуласалга ташвиш келтирган аёл Сарвиноз билан ўн йилдан буён яшарди. Гуласал билан ўтказган уч йилида у Сарвинозга шоҳона яшаш имконини яратиб берди.
Ҳусниддин Гуласалнинг қирқи ўтмасдан уйга Сарвинозни икки нафар фарзанди билан кўчириб келди. Бир ҳовлида етти бола. Хусниддин билан Сарвиноз шаҳарма-шаҳар юриб, вақтларини саёҳатларга бағишлашарди. Болалар баъзан оч қолишарди. Оиланинг тўнғичи Ориф сувоқчилик қилиб пул топиб, укаларини боқа бошлади. Бундан хабар топган маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ота-онани танобини тортиб, қўймоқчи бўлишди.
Шом тушиб, маҳаллага қоронғулик чўка бошлади. Дарвоза тақиллади. Акам нон олиб келди деб ўйлаган болалар кўчага югуришди.
- Катталардан ким бор? - деди маҳалла котиби.
- Биз, - деди етти-саккиз ёшлардаги қизалоқ. - Акам энди келади.
Қизалоқнинг ёнидаги беш ёшлар чамасидаги ўғил бола аёлнинг қўлидаги иссиқ нондан кўзини узмасди. Кўпни кўрган аёл бу ҳолатни сезди.
- Акангиз келгунга қадар мана шу нонни еб ўтиринглар, хўпми!
* * *
Сарвиноз кўп вақтини майда-чуйда нарсалар сотиб бақоллик қилишга сарфларди. Қари қайнонасини ҳурмат қилмаганлиги, кўчада ясан-тусан қилиб юришни яхши кўрганлиги учун икки боласи билан эридан ажрашганди. Ҳусниддин уни шу қинғир кўчалардан топган. Энди бу икки нобакор кўнгиллари нима тусаса, шуни қилишиб юришибди.
Улар Тошкентга машҳур қўшиқчининг концертига кетиб, пойтахтда уч кун қолиб кетишди. Сарвиноз дўконларни айланиб ўзига кўп нарса харид қилди. Ҳусниддин негадир бундай бекаму-кўст ҳаётдан зерика бошлади.
- Ноз, нарсаларингни йиғиштир, йўлга тушамиз, - деди у юраги ғашланиб.
Тунги соат 23.00 да улар йўлга тушишди. Узоқ йўл азобини тортиб келаётган Ҳусниддин ухлаб қолмаслик учун машина магнитафонини баланд қилиб қўйганди. Бирдан уйқу ғолиблик қилиб кўзи илинди. Шу пайт у бошқараётган Нексия қаршисидан келаётган юк машинасига кўндаланг бўлиб, мажақланиб кетди. Уларни уйда кутаётган етти нафар болалар яна етим қолишди...
Умида ҚАҲҲОР.
|