№30, 24.07.2014 МАРК ТВЕН, Америка адиби.
Сабоқ
Бир ўзига тўқ бойвачча хоним машҳур санъаткор Корнейни уйига таклиф қилди. Хоним Корнейга унинг қўшиқларини жуда ёқтиришини, санъатни қадрлашини айтди. Лекин у меҳмоннинг тушлигини хизматкорлари ёнига - пастки қаватга буюрди. Камтарин ва олижаноб санъаткор буни рад этмади, ранжимади ҳам. У яхши тушлик қилгач, атрофида ўтирган ўз мухлисларига - хизматкорларга шундай мурожаат қилди:
- Менинг азиз дўстларим, - деди у хотиржамлик билан. - Энди мен сизлар учун куйлайман.
Хизматкорлар бундай такаллуфдан ҳам ҳайрат, ҳам қувончга тўлишди. Пианино йўқлигига қарамай, у хизматкорларга бир соат давомида нафис ва жозибадор қўшиқлар куйлади ва уларнинг вақтини чоғ қилди. Соат роппа-роса ўнда хоним санъаткорни меҳмонхонага таклиф қилди. Корней мезбон ортидан даврага ташриф буюрди. Меҳмонлар уни қарсаклар билан қарши олишди:
- Биз сизни интиқлик билан кутяпмиз! - дейишди улар.
- Нимага?
- Сизнинг дилтортар наволарингиздан баҳраманд бўлмоқлик учун!
- Лекин мен аллақачон куйлаб бўлдим! - деди Корней ва давом этди, - ва мен бир кечанинг ўзида икки марта куйламайман.
- Наҳотки! Қачон?
- Бир соат олдин, пастки қаватда.
- Қандай қилиб ахир, бу бўлиши мумкин эмас? - қичқирди хоним ғазаб билан.
- Ўйлайманки, сиз азиз меҳмонларнинг у ерда бўлмаганингиз, албатта, бироз қизиқ бўлди, лекин биласизми, мен ҳар доим мухлисларим билан тушлик қиламан.
У шу сўзларни айтиш баробарида хонани тарк этди. Ўзига ҳаддан зиёд бино қўйган кибор хоним эса аламдан бир сўз деёлмади.
Инглизчадан
Моҳинур СИДДИҚОВА
таржимаси.
|