№30, 24.07.2014 ҚАТРА
ҲАЁЛЛАР ОҒУШИДА
Мендан барча нарсани олишлари мумкин. Аммо ёшлик хаёлларимни, орзуларимни ҳеч ким тортиб ололмайди. Унда менинг бутун борлиғим, ҳасратларим, орзу-армонларим, нафрату шодлигим яширинган.
Мен учун азиз инсон эса юрагим тубида, зулматда калитсиз қулфлоғлиқ. Гоҳида юрагим сиқилиб, орзиқиб кетганда, астагина юрагимнинг сирли бурчагидан калит олиб очаман-да, суҳбатга тушаман. Негадир кўзларим намланади, иссиқ томчилар юзларимни ювиб, ёстиққа томади. Ўзимга келаман. Ажиб дунё. Шунча йиллар ўтиб, ҳали ҳам куйдиради. Ёки бу тақдирнинг "Бунинг барчасига юрак, кўз ва юз гуноҳкор" деганимикан?
Наҳотки, "Бахт" деганлари шунчалик ожиз, шунчалик енгил бўлса? Ахир уни мўъжизавий кучга эга деб айтадилар-ку, бутун орзу-умидларни ана шу сўз супрасига қўйиб, ундан хамир қориганлар-ку? Шу супрадан патир ҳам, оддий бўрсилдоқ нон ҳам, кулча ҳам чиққан-ку. Барчаси эса нон. Эҳтимол, менга қолгани шу кулчасидир. Кулча ҳам нон.
Мен уни кўзимга суртаман, ўпаман, аммо асло хор этмайман. Адо бўлишидан қўрқаман.
РАШИДА.
|