№31, 31.07.2014 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
ЮРТ ТАШВИШИ БИЛАН ЯШАШ ЗАВҚИ
Ўтмишга назар ташласангиз, ҳар бир даврнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида, албатта, аёллар иштирок этаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Чунки аёл - бу она, опа, сингил, суюкли ёр. Бугунги давр аёллари ҳам жамиятда ўз ўрни ва салоҳиятига эга бўлган фидойилардир. Маҳаллада иш олиб бораётган аёлларнинг ҳар кунги фаолиятининг ўзи бир мавзу.
Ушбу мақоламиз қаҳрамони Жалақудуқ туманидаги Туяпас МФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси - Одинахон Қўчқарова ҳам ана шундай фидойилардан бири. Табиатан содда, самимий бу аёлнинг сўзлари ҳам ўзига ўхшайди. Суҳбатдошини зериктирмайди.
- Асли Хўжаобод туманининг Қўшариқ қишлоғиданман, - деди у. - Марҳаматдаги гидромелиарация техникумини тамомлагач, туман сув хўжалиги бошқармасида фаолият бошладим. Жалақудуққа келин бўлиб тушсам ҳам, 25 йил қатнаб ишладим.
2006 йили оқсоқолларимиз "Энди маҳалла учун ҳам ишланг", дея маҳалла маслаҳатчиси вазифасига тавсия этишди. Шундан бери, мана, тўққизинчи йилдирки, маҳалла маслаҳатчиси сифатида одамларнинг ҳаётдаги ташвиш, қувончларига шерик бўлиб келяпман. Бирор хонадондаги муаммони ҳал этган куним ўзим ҳам хурсанд бўлиб яйрайман. Маҳалладаги икки минг нафар аҳоли билан бир- биримизга елкадош бўлиб яшаб келяпмиз.
Оилалардаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш, уларнинг ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишларидан асраш, тўй-маросимларни дабдабасиз, камчиқим қилиб ўтказиш, уйда ўтирган аёлларни иш билан таъминлаш - булар менинг кундалик юмушларим.
Маҳалламизда бу йил 30 нафар ёшлар касб-ҳунар коллежларини битирдилар. Олти нафари Андижон давлат университетида ўқишни давом эттириш мақсадида синовларга тайёрланмоқда. Уч нафари тиббиёт бирлашмасига, "Жони текстил" "Ҳарир толе" корхоналарига ишга жойлашдилар. Бундан ташқари, маҳалламиз ҳудудида туман бош пиллахонаси "Ўзқишкимё-таъминот" корхонаси ҳам жойлашган. Ёшларимиз у жойларда ўз касб-кори бўйича иш билан таъминландилар. 545 та оила истиқомат қилаётган маҳалламизда хонадонларни, кўча ва йўл бўйларини ободонлаштириш, гулзорларни кўпайтириш асосий ишимизга айланган. Бу борада туман миқиёсида ўтказилган кўрик-танловда маҳалламиз ҳам ғолиб бўлди. Мариқ номли кўчамизга табиий газ келтирилди. Юлдуз, Илтифот, Туяпас ва Сиёвуш кўчаларига асфальт ётқизишга, тоза ичимлик суви олиб келишга ҳаракат қиляпмиз.
Мақтаниш эмас-у, яқин йиллар ичида маҳалламизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Ёш оилалар учун 60 та замонавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар, "Ёшлар маркази" қурилди.
Ҳаётга қизиққан одамнинг армонлари ҳам ушалавераркан. Ўқитувчилик касбини яхши кўрардим. Қаранг, кеч бўлсаям ниятимга етдим. Ҳудди ўқитувчидек ҳис қиламан ўзимни. Чунки, доим ниманидир ўргатасиз, маънавиятни, эзгуликни тарғиб қиласиз.
Туман ҳокимлиги, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлими билан доимо ҳамкорликда иш олиб борамиз. Маҳалламиз раиси Ҳусанбой Эгамбердиев, котиба Дилфуза Ваҳобова, посбон Бахтиёр Мадаминовлар яқин маслаҳатгўй, ҳаммаслакларим бўлса, Тешабой Абдураҳмонов, Машрабхон Топиболдиева, Дилбархон Хуриллаева ва Майрамхон Тўрақуловалар менинг ишонган қанотларимдир. Уларнинг кўмагида кўп ишларни бажаряпмиз.
Бир пайтлар 1 қатор хўжаликларни сув билан таъминлашдан бошқа масъулиятим йўқ эди. Ҳозир юрт ташвишига шерик бўлиш, маҳалла аҳли билан ҳамнафас бўлиш масъулияти зиммамда. Оғир, аммо завқли. Қолаверса, умр йўлдошим, мураббий Ҳадятилло Ҳабибуллаев ўз касб-корига эга, уч нафар фарзандларим, келинларим ҳамиша мени тушуниб, қўллаб-қувватлашади. Набираларим эса ҳаётим мазмунидир.
Юрт ташвиши билан яшаш завқига ошнолигимдан, ўтаётган умримдан мамнунман. Шу завқ ва мамнунлик менга куч, ғайрат бахш этади.
Раҳима АБДУРАҲМОНОВА.
|