№31, 31.07.2014 МУШОҲАДА
БОҒЧА ОПАГА ТАҚЛИД ЯХШИ...МИ?
(ЁҲУД АЙРИМ ТАРБИЯЧИЛАР ТАРБИЯГА МУҲТОЖМИКАН?)
Йўловчи машиналардан бирига чиқиб, ишга отландиму, ногоҳ ёнимдаги ҳамроҳларимнинг суҳбати эътиборимни тортди.
- Кичик қизим боғча опасига бирам тақлид қилади, гоҳо ўзим ҳам ҳайрон қоламан. Ўйинчоқларидан пардоз воситалари ясайди-да, ойнага қараб ясаниб ўтиради-я...
- Вой, бола нимани кўрса, шуни қилади-да. Боғча ёши айни ўрганиш ёши-ку ахир, ўртоқжон, - деди иккинчи аёл дугонасининг гапини маъқуллаб.
Шу суҳбат баҳона бўлдию, бу мавзу бўйича ўз мулоҳазаларимизни сиз билан ўртоқлашгимиз келди. Айтайлик, ўғлингиз ёки қизингиз боғча опасидан ўрганганларини сизга тўлиб-тошиб айтиб беряпти. Гаплари орасида тарбиячининг сўзлаш оҳангига имо-ишораларини-да беихтиёр қўшиб юборяпти. Бу ундаги тақлидми ёки ўрганиш? Ота-она сифатида болангизнинг боғчадан қандай яхши хулқу, қандай ёмон атворни ўзлаштираётганига эътибор беряпсизми? Худди шу мавзуни ёзиш хаёлида юрганимда, бир танишим ҳам тасодифан шу хусусда сўзлаб қолди. Унинг айтишича, қизи боғчадан келаркану, қўни-қўшнининг болаларига қўшилмай, нуқул уйда ўзи билан ўзи овора ўйнар экан. Ўйинчоқ телефонни қулоғига қўйиб, кимлар биландир "астойдил" суҳбатлашар, онасининг пардоз-андоз воситалари (қарангки, 3 ёшли қизалоқ қайси пардоз воситасидан қандай фойдаланишни яхши биларкан!) билан ясан-тусан қиларкан. Ниҳоят, танишимнинг ўзи боғчага бориб, қизининг у ерда ўзини қандай тутишини кузатмоқчи бўлибди. Аммо... кузатув тушликкача ҳам давом этмабди. Негаки, боғча тарбиячисининг хатти-ҳаракатлари худди қизиники билан бир хил бўлиб чиқади...
Боғча асли илк тарбия маскани. Эндигина атроф-муҳитни, ёнидаги одамларни, нима яхши-ю нима ёмон эканини фарқлашга уринаётган бола учун боғчадаги ҳар бир ҳаракат катта таассурот манбаи бўлиб хизмат қилади. Бола айни фикрлайдиган, ўрганадиган вақтини боғчада ўтказади. Табиийки, тарбиячи унинг онгига беихтиёр ўз табиатини муҳрлаб боради. Шунинг учун ҳам боғча боласида ота-онасидан кўра кўпроқ айнан боғча опасининг хатти-ҳаракатлари ва имо-ишораларини тезроқ ҳамда яхшироқ ўзлаштиради. Тарбиячининг одоб-ахлоқи, чиройли маданияти кичкинтойда ҳам шаклланса-ку яхши, бироқ юқоридаги каби нохуш ҳолатлар ўз асоратини қолдирса-чи? Хали мактаб ёшига ҳам етмаган қизалоқлар ёнида пардоз-андозни "жойига қўяётган" ёки тарбияланувчилари олдида телефонни қулоғидан туширмай оила, турмуш, муҳаббат можороларини ҳал қилаётган боғча опани ким деб аташ мумкин? Унинг "тарбиячи" эканини қай бир ҳолати оқлайди? Қани унинг тарбия беришдаги масъулияти? Аслида бундай тарбиячиларнинг ўзлари тарбияга муҳтож эмасмикин? Сиз нима дейсиз азиз газетхон?
Зилола РАҲМОНОВА.
|