Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№31, 31.07.2014

БУГУННИНГ ГАПИ

ОНА ҚАЛБИ ОЁҚҚА ТУРСА...

Кўҳна Рим файласуфи Эпиктет "Барча кашфиётлар ичида энг гўзали яхши тарбия олган инсондир" деган экан. Дарҳақиқат, инсонийлик хислатининг энг юқори поғонаси ҳисобланган таълим-тарбия ўтмишда ҳам бугунги кунда ҳам барчанинг диққат марказидаги мавзулардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда бу борада жуда кўплаб ишлар амалга ошириб келинаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бир қатор қонунлар қабул қилиниши, таълимдаги ислоҳотлар, умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техник базаси мустахкамланиши, энг замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг ташкил этилиши бугун нафақат Марказий Осиёда балки дунё миқёсида ҳам илм аҳлини лол қолдираётгани бор гап.

Очиғи, юртимиздаги бундай юксалиш кўз ўнгимизда бўлаётгани учун бу ҳолга ҳаммамиз кўникиб улгурдик. Ўғил ёки қизимиз тўққиз йил мактабда ўқиганидан сўнг, албатта, бирор касб-ҳунар коллежида ёки академик лицейда таҳсилни давом эттириши ҳудди икки карра икки тўрт бўлади, дегандек барчага аён ҳақиқатдир. Бироқ таассуфки, яратилган ушбу шарт-шароитларни барча ота-оналар ҳам тўғри англаб етяпти, деб бўлмайди. Боиси, мактабга қатнаётган фарзандининг давомати билан қизиқмаётган, тўққиз йил ичида атиги бир ёки икки мартагина ота-оналар мажлисида иштирок этиб, "ўз бурчимни адо этдим", дея ҳисоблайдиганлар кам эмас. Қолаверса, тўққизинчи синфни тамомлаш арафасидаги фарзандининг келгусида қайси касбга лаёқати борлигини аниқлаш ҳам ота-онанинг асосий вазифаси ҳисобланади. Аксарият пайтларда ота-оналар бўй чўзаётган қизи ёки ўғлининг қизиқишлари билан ҳисоблашишни ортиқча ташвиш, деб биладилар. Бундай дейишимга асос бор. Зеро, мактабларнинг бирида 150 нафар битирувчи синф ўқувчиларининг ота-оналари мажлисга чақирилганида атиги 30 нафаригина келгани дилга оғриқ беради. Муаллимларнинг ташвиш билан айтишларича, айнан билим олишга хуши йўқ болаларнинг ота-оналари мактабга қадам босишмас экан. Ақалли биргина боланинг тарбиясидаги бу каби танаффуснинг аянчли оқибатлари йиллар ўтиб намоён бўлиши аниқ.

Таълим масканида бўлганимда, эътибор қилганим, ўз фарзандининг ўқиши ва тарбиясига бефарқ бўлмаётган, тез-тез муаллимлар билан учрашиб турган оналарнинг ўғил-қизлари билимли ҳамда тарбияли эканлиги кўзга ташланади. Гоҳида оталар кўпроқ иш билан банд бўлишларию, рўзғор юкининг оғир қисми уларнинг зиммасида эканлиги учун рисоладаги оналар тарбия ишида ташаббускор бўлгани яхши натижа кўрсатмоқда.

Айни кунларда мактабларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичи - академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежларига ҳужжат топшириши ниҳоясига етди. Мақсади аниқ ёшлар учун бу давр ниҳоятда завқли эканлиги сир эмас. Шу кунларнинг бирида ҳузуримга бир таниш аёл келди. Айтишича, ўғли мактабни тамомлаб, машинасозлик йўналишида ўқиш истагида ҳужжатларини бир коллежга топширган экану, имтиҳондан ўтолмай қолибди. "Шу ўқишга киришига ёрдам беринг" дея илтимос қилди. Ўша коллеж маъмуриятига мурожаат этганимда, дарҳақиқат, бир ўринга уч нафар бола тўғри келганлиги учун имтиҳон жорий этилган бўлиб, аёлнинг ўғли ўқишдаги асосий геометрия фанидан берилган атиги бирорта саволга ҳам жавоб бермаган экан. Мен қаршимдаги онадан "тўққиз йил давомида мактабга неча марта боргансиз?" деган саволимга тайинли жавоб ололмадим. Ўзининг касал эканлиги ва турмуш ташвишлари билан ўралашиб қолганини баҳона қилишдан нарига ўтолмади. "Мактабни битирув чоғидаги анкета варақасидаги иккинчи мутахассислик борасида қайси коллежнинг номини ёзгансиз?" деган саволга эса "устози билади" деган жавобни олдим. Аслида ота-она томонидан тўлдириладиган анкетага нима деб ёзилганини ҳам билмайдиган онани чин маънодаги она деб бўладими? Ахир қуш ҳам полапонини қанот чиқаргач, токи тўлақонли учишга ўргангунига қадар атрофидан кетмайди-ку!... Юқоридаги ҳолатда мактаб ўқитувчисига тўзим берсин. Ўқувчисини таълим-тарбияси ва қайси соҳада ўқитишгача бўлган масъулиятни ўз зиммасига олган эканлиги таҳсинга сазовордир.

Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг "Она қалби оёққа турса, ўғлим сира бўлмайди уруш" деган машҳур сатрлари ёдимга тушади. Ва ушбу сатрларга монанд агар она қалби оёққа турса, ўғил ёки қиз аросатда қолмагай, албатта, Ўзбекистон ёруғ келажагининг бунёдкори бўлади, дегим келади.

Феруза МИРЗАОЛИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди