№31, 31.07.2014 МУНОСАБАТ
СЎЗИ ШИРИН БЎЛСИН ҚИЗ БОЛАНИНГ
Биз қизларни гулга қиёслайдилар. Қиз бола одобли, шарм-ҳаёли, ширин сўзли бўлса, бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилади. Борди-ю бунинг акси бўлса-чи?!
Бир куни ўқишга кетаётиб, қўл телефонида жуда қўпол, хунук сўзлар билан баланд овозда гаплашаётган қизнинг сўзларини тасодифан эшитиб қолдим. Унинг оғзидан чиқаётган сўзларга илон пўст ташлайди. Мен ҳайрон бўлдим, қизиқ, қиз бу ҳолатда ким билан гаплашди?.. Дугонасими, ёки бирон ёмон кўрган кишиси биланми? Тилидан чиққан бу сўзларнинг заҳрини ўзи ҳис қилармикин?!
Ҳар не бўлганда ҳам қўчада, жамоат жойида ҳаттоки, машиналарда кетаётиб ҳам бу таҳлика гапириш одобдан эмас-ку...
Эсимда: болалигимда онам мени қўшнимизникида қолдириб, ўзи бир юмуш билан кетди. Қўшнининг қизи, бошқа болалар бир-бирларини айтиб бўлмас ёмон сўз билан ҳақорат қилишаркан. Бола кичкиналигидан бошлаб, ён-атрофидаги одамларга қараб, унинг сўзларини, юриш-туришларини, қўйингки, ҳар бир ҳаракатини кузатиб, унга ўзича тақлид қила бошлайди. Мен ҳам шунинг учунми ўша хунук сўзни тезда "ўзлаштирдим".
Эртаси куни қўғирчоғимни ўйнаб ўтириб, "ўзлаштирган" сўзим билан унга танбеҳ бера бошладим. Шу пайт онам ёнимга келиб сўради:
- Оймома, қўғирчоғингни шунчалар ёмон кўрасанми?
- Яхши кўраман, фақат у ёмон қиз бўп қоляпти-да.
- Агар уни шунақа сўзлар билан уришаверсанг, у сендан хафа бўлиб, баттар ёмон қиз бўлади. Қизимнинг қўғирчоғи ёмон бўлса, мен ҳам хафа бўламан...
Мен шу-шу у сўзни бошқа ишлатмадим. Онам ўша пайт менинг сўзимга беэътибор бўлганида ёки ётиғи билан тушунтирмаганида, ким билсин, ундан ҳам ёмон сўзларни ўрганармидим.
Демоқчи бўлганим, юқоридаги айтиб ўтилган беандиша қизнинг оиласидагилар унга керакли тарбияни бера олишмагандир. Унга етарлича эътибор қаратишмагандир балким. "Қуш уясида кўрганини қилади", деб бежиз айтишмаган-да катталар.
Буларни айтишдан мақсад қизларни танқид остига олиш эмас, аксинча, уларнинг муомаласидаги қусурлар, номига, ҳуснига ярашмаслигини эслатиш. Бу билан ўзларига тегишли хулоса чиқариб, ён-атрофидагиларга ўрнак бўла олишса?..
Ойдиной
АБДУРАҲМОНОВА,
Жалақудуқ тумани.
|