№31, 31.07.2014 ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИ
НИМАНИ ЭКСАНГ
Қўшни аёл билан уйда суҳбатлашиб ўтиргандик. Шу пайт эшик тақиллаб қолди.
- Сарвар, қара-чи, ким экан? - деди қўшним 12-13 ёшлардаги ўғлига. Ўғил яқинлашар экан, қўшни хонадан отанинг овози эшитилди.
- Сарвар, мени ким сўраса йўқ деб айт.
Сарвар жойида таққа тўхтаб қолди. У эшикни очишниям очмасликни ҳам билмасди. Кўзлари жовдираб бир менга, бир онасига қарарди, кўзларидан унинг умуман ёлғон гапиролмаслиги билиниб турарди. Болага ич-ичимдан ачиниб кетдим. Негаки, у жуда ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолганди.
- Ҳа, нега анграйиб қолдинг, қара, дадангни сўраса йўқ де. Қулоғинг карми, - деди қўшним зарда билан.
Бола эшикни очар экан, қўлларининг билинар-билинмас титраб кетаётганини сезиш қийин эмас эди.
Ҳақиқатдан ҳам кимдир дадасини сўради. Сарвар нуқул "дадам, дадам..." дер, сўзни айтолмас эди.
- Ишдами? - деди ташқаридаги киши.
Бола эса фақатгина "ҳа" дея олди. Унинг юзлари, қулоғигача қизариб кетди. Зум ўтмай телефон жиринглаб қолди. Қўшним яна ўғлини чақирди.
- Ўғлим, телефонни ол. Мени ишдан сўраётгандир. Ахир мендан бошқа ишчилар ҳам бор. Ўшаларни чақирсин. Аям қишлоққа кетди, деб айт.
Сарвар оғир аҳволда қолди. У бояги ёлғонидан ҳали ўзига келиб улгурмаган эди. Телефон гўшагини "Алло" деб кўтарар-кўтармас, гўшакдан аёл кишининг асабий овози келди:
- Фалончиеванинг уйими? Алло, ўғлимисан, аянг қани? Ишхонага тез етиб келсин. Уйдами ўзи?
- Аям, аям, ҳалиги...
Қўшним асабий тарзда: "Қишлоққа кетди де, гапирсанг-чи", деди шивирлаб.
Бола онасининг гапларини эшитди ё эшитмади. Аям йўқ эди, деди-ю телефон гўшагини қўйиб, ташқарига отилди.
- Вой, тавба, болаям шунақа бўладими? Бировларнинг болалари ёлғонни дўндириб ташлайди бу эса... - қўшним ўғлининг ортидан койиб қолди.
- Болангиз ёлғон гапирмаса яхши-ку, қаранг, ўзиям қийналиб кетди, - дедим гарчи қўшнимнинг кўнглига оғир ботса-да.
- Вой, - дея қошларини чимирди. - Ҳозир ёлғонни билмай кун кўриб бўладими? Бу болага қанча ўргатмай - бир пул. Ёлғон гапиролмайди. Шунинг учун ҳар кимдан гап эшитиб юради. Билсангиз, бу ҳаётда тўғрилик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди...
Бу воқеага ҳам бир йилдан ошди. Ўша қўшнимни бир куни эшик олдида жуда асабий ҳолатда учратдим. Йиғлаганми, ҳатто кўзлари шишган.
- Ҳа, опа, тинчликми? - дейишим билан гап бошлаб кетди:
- Сиз сўраманг, мен айтмай. Ичим куйиб кетаяпти. Шарманда бўлдим. Қўшнилар билан ўтирсам, анави муюлишдаги дўкончи аёл бор-у, у-бу нарсаларни сотиб ўтиради. Ўша келиб: "Опа, ўғлингиз Сарвар мендан анчадан бери "Аям айтди" деб оз-оздан пул олиб юрарди. Эрта товарга кетаман. Пул зарур эди, шуни қайтарсангиз", деса бўладими? Жон-поним чиқиб кетди, "Мен сиздан нега пул сўраттираман? Ахир эрим ишласа, ўзим ишласам. Битта-ю битта фарзандимиз бўлса", дедим. Ишқилиб, у нима деди, мен нима дедим, иккаламиз эл олдида роса сен-менга бориб олдик. Шу десангиз, ҳамма у тараф: "Қарзни бериб қутуласиз-да", дейишади. Ўғлим тўгаракка кетаяпман, деган эди. Излаб борсам йўқ. Бола деган ҳам шунчалик ёлғончи бўладими? Ахир тўғриликча сўраса, мен бермасмидим? Қўшнилар олдида нима деган одам бўлдим...
Мен эса унга нима деб тасалли беришни ҳам билмасдим. Ахир фарзандига ёлғонни ҳарфлаб ўргатган ўзи эмасмиди?
Бир куни ишдан қайтаётсам, Сарвар мени кўриши билан:
- Опа, сизни кутиб турувдим. Аям билан дадам қишлоққа кетувди. Ўқитувчим сўраганини айтганимда, аям сизни учрашиб қўйсин, деб илтимос қилувди… шунга ҳозир ўқитувчимга учрашсангиз, - деди.
Қўшнимнинг илтимоси ерда қолмасин, дея Сарварнинг муаллимасига учрашдим. Ўқитувчи опа Сарвардан роса шикоят қилди. Унинг дарсларига тўлиқ қатнашмаслиги, хулқи яхши эмаслиги ҳақида куйиниб сўзлади. "Ўзи яхши бола эди, негадир ўзгариб кетди", деб қўйди.
Кейин билишимча, қўшниларим қишлоққа кетмаган, бу гапни Сарварнинг ўзи тўқиб чиқарган экан. Балки ёмон хулқи учун ота-онасидан ҳайиққандир. Нима бўлгандаям, кўз олдимизда бир беозор, одобли бола ёлғончига айланиб бўлганди. Тез-тез қулоғимизга "Ҳозирги болалар бир бало-да, нима бўлган ўзи уларга" деган сўзлар чалинади. Лекин айбни нега ўзимиздан қидириб кўрмаймиз? Болаларнинг манман, ўткинчи ҳою-ҳавасга берилишида, ёлғончи, кийим-кечакка ўчлигида катталарнинг "ҳисса"си йўқ эмасми? Юқоридагидек оилалар кам дейсизми?
- Сени не умидларда ўстираётган бўлсам, сендан топганим шуми? Сен кимдан бунча ёлғончиликни ўргандинг? Бугун шунча бўлсанг, эртага сендан нима кутаман...
Қўшнимизнинг ўғлини койиб йиғлаётган овозидан ўйга толаман. Донишманд халқимиз "Нима эксанг, шуни ўрасан", деб бежизга айтмаган экан-да.
Гулшан ШЕРМАТОВА.
|