№32, 07.08.2014 ҲИКОЯ
Ўсма
Эгизаклардан бири тўсатдан бетоб бўлдию, оиланинг бир оёғи шифохонада қолди. Қизалоқ ҳар кунгидай яна кечаси билан бетобланиб чиқди. Унинг дардига чора тополмаётган шифокорлар қандай жавоб айтишни билмайди. Бундан ота-онасининг аҳволини тасаввур қилаверинг... улар бу бедаво дард тўққиз ёшли қизига қаёқдан ёпишганини билишмасди. Ҳатто, туну кун қизчанинг эгизаги Хасанбой ҳам синглисига шифо тиларди. Бора-бора қизнинг терисида ғалати доғлар, тошмалар пайдо бўлди. Унинг аҳволи кундан-кунга оғирлаша бошлади. Қилинаётган муолажалар кор қилмаётгандек эди. Охири шифокор қизнинг отаси Дилшод акани чақириб, сўнгги хулосани айтди:
- Ака, қизингизни уйга олиб боринглар, қолгани Яратганнинг марҳаматида қолди...
Зуҳрани уйга олиб келишди. Яна бир нажот деб, уни табибларга кўрсатишди. Аммо тайинли натижа бўлмади...
Дилшод ака мактабда ўқитувчи эди. Ташвишли икки кундан бери ишга чиқмаётганди. Бугун эрталаб аёлининг нолиши билан ишга кетди...
Зуҳра хонасида ётган жойида дераза томонга маъюс боқди. Секин ўрнидан турди. Токчада турган тувакчадаги гулларни бир-бир ушлаб сийпалади. Бир ой бу гуллар ҳам Зуҳра йўқ қаровсиз қолганди. У гулларни жуда севар, гўё тиллашарди ҳам. Гулларига сув қуйиб, бироз уларга термулди. Онасидан сўрига жой қилиб беришини сўради. У шу тоб мовий осмонга қараб ўйланар экан, ич-ичидан эзилгандай бўлди. Кўзини чирт юмди. Сўри ёнида у ёқ-бу ёққа иш билан чалғиб юрган она ногаҳон қизини кўриб ранги оқарди.
- Қизим, қизим... - деди.
Зуҳра холсизланиб зўрға кўзини очди.
- Қизим, нима овқат егинг келяпти, айтгин, ширин қилиб пишириб бераман...
Ота-онасининг эътибориданми, қизга бошқача меҳр беришаётганиданми гўё бедаво дардга дучор бўлганини ёш қалби билан сезгандай эди. Кечагина у ёқтирган гул қизил рангда очилганини кўрганди. Бугун эса у сўлибди, ёнидан бошқаси ғунчалабди. "Эҳ, умринг бир кунликмиди?" - дегандай маъюс тортди.
- Ойи, нимага бундай бўлиб қолдим... қачон тузаламан? Айтинг, ойижон...
Мавлуда опа тунларни бесаранжомликда ўтказар кундан-кунга сўлаётган қизининг юзига термулиб раҳми келарди. Муштдай бола қийналиб дард тортаётганига эзиларди.
Зуҳра баҳор келди дегунча онасига, ўсма сепайлик, дерди. Онаси қизининг раъйига қараб, биргалашиб, уруғ сепишарди.
Бир куни саҳарда Зуҳра онасига:
- Ойижон, қошларимга чиройли қилиб ўсма қўйиб қўйинг... - деди.
Мавлуда опа йиғлагудай бўлиб Зуҳранинг ингичка қошларига ўсма қўйди. Одатда она-бола бирон ерга меҳмондорчиликка кетаётганида ўсма қўйишарди. Шунда Зуҳра онаси билан "кимнинг ўсмаси қора учади", деб кулишарди. Ҳозир ўша пайтлар ёдига тушган Мавлуда опа беихтиёр йиғлаб юборди.
- Қизим, қизалоғим, сен албатта, соғайиб кетасан!.. - Қиз шунда онасининг кўз ёшларини артар экан:
- Ойижон, бир оз туриб янги, оппоқ кўйлагимни кийдириб, сочларимни ўриб қўйинг. Секингина ёстиқдан бошини кўтариб, онасининг тиззасига қўйди:
- Ойи... Ҳеч ҳам ухлолмаяпман, алла айтиб беринг, жон ойижон. Менинг ўсмам ҳар сафаргидан-да қора ва чиройли учди-я... - дея пичирлади-ю...
Мавлуда опанинг "қизим", деган хайқириғидан дунё ларзага келди.
...Мавлуда опа ҳар баҳор қизининг хотираси учун ўсма экади. Сўнг қизининг тенгқурларига улашади.
Ҳеч қайси она фарзанд доғида куймасин экан. Мавлуда опа доимо фарзандини ўйлади. Осмон узоқ, ер қаттиқ. Ўсма экибгина кўнгли таскин топади. Бундан ҳеч эринмайди. Шу билан ўзининг армонли қалби таскин топади. Хасанбой учун яшаши кераклигини ҳис қилади.
ОЙДИН ОЙ.
|