№33, 14.08.2014 МУҚАДДАС ҚАДАМЖОЛАРИМИЗ
Ширмонбулоқ зиёратгоҳи
Аллоҳ томонидан биз инсонлар учун яратилган булоқлар ҳақиқий тириклик манбаи ҳисобланади. Муқаддас Ширмонбулоқ ҳам Яратганнинг ана шундай иноятларидан биридир.
Ушбу булоқ асрлар давомида номи турлича аталиб, кейинчалик Ширин булоқ ва Ширмонбулоқ номи билан юритилган. Ҳозирда ҳам шу ном билан аталади. Ширмонбулоқ мазали, энг шифобахш, мўътабар ва табаррук булоқ деган маънони англатади. Чунки илоҳиёт тилида ер остидан саловат айтиб, илмий иборада эса ўндан зиёд минералларга тўйиниб чиқаётган булоқ сувлари инсон вужудини поклаб, танага қувват ва саломатлик бахш этади. Шу боис ўтган аср ўрталарида булоқнинг қуйи қисмига бетонли махсус хоналар қурилиб, сув билан даволовчи сиҳатгоҳ сифатида фойдаланилган ва унинг атрофига айвонлар бино қилинган.
Зиёратгоҳдаги барча кароматлар ҳам Яратганнинг иноятидир. Қадимий булоқ "Чирмон" (Яйлов) яъни яйловдаги булоқ деб юритилган ва бу жойни айтишларича, илонлар ўзларига макон қилган. Ривоятга кўра, ўткир дуо соҳиби Хазрати Али Карамуллоҳу Важхаху илонлар шоҳидан булоқ атрофидан кетишини, бу маконга бошқа жониворлар келишини айтади. Аллоҳ амри билан илонлар кетгач, ўрнига муқаддас балиқлар келади. Шунинг учун поклик ва ҳалоллик рамзи бўлган балиқлар инсонлар томонидан эъзозланган
"Буюк ипак йўли"нинг тармоғи Ширмонбулоқ орқали ўтгани бежиз эмас. Ширмонбулоқликлар асли бу ерларга ХIХ асрда Тожикистоннинг Ўрто юртидан кўчиб келишгач, Ширмонбулоқ қишлоғи барпо қилинган. Манбааларда бу ҳудуддаги Тоштепа, Сортепа, Шўртепа ва бошқа жойлар археология ёдгорликлари эрамиздан аввалги II-VI асрларда ҳам қадимий аҳоли манзиллари бўлганлиги қайд этилади. Шунингдек, Имом Абу Хурайра (р.а)нинг бу ерда бўлганлиги ҳақида ривоят ҳам бор.
Бу муқаддас булоқ Булоқбошидаги юзлаб булоқларнинг энг шифобахши ҳисобланади. Атрофидаги Чилустун тоғининг мевали боғлари, жаннатмакон гўзал табиати билан машҳур бўлиб, муқаддас зиёратгоҳ ва дам олиш масканига айланган. Айниқса, бу ерда ёз фаслида дам олувчи инсонлар сони ортади. Ўнлаб булоқлардан ташкил топган каттагина ҳовуз атрофи дарахтзор ва сўлим оромбахш айниқса, ховузнинг юқори ва қуйи қисмидаги учта булоқ жуда хосиятли. Бирининг суви юмшоқ ва илиқ, иккинчисиники совуқ ва мазали, учинчиси минералларга, темир моддасига бой бўлиб, одамлар уни оби зам-замга қиёслашади. Булоқдан бироз пастроқдан оқиб ўтувчи кичик Фарғона каналининг шиддатли шоввасидан ҳосил бўлган буғсимон майин зарралар нафас йўллари хасталигига шифо бўлса, тоғ бағридаги нодир ўсимликлардан барпо этилган боғга ташриф буюрувчилар руҳий тетикликни ҳис қиладилар.
Дилшодбек ЮСУПОВ,
вилоят адабиёт ва санъат музейи
раҳбари ўринбосари, санъатшунос.
|