№34, 21.08.2014 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
АСАКАНИНГ БАХТЛИ АЁЛИ
Жамиятимизни аёлларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар ҳар жабҳада фидойилик намуналарини кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар. Агар аёлнинг уйида тинчи бўлса, у барчасига улгуради. Оила, бекаликдан ошиниб, жамиятга фойда келтиради.
Маъмурахон Исмоилова Асака туманининг ижтимоий -иқтисодий ривожига самарали ҳисса қўшиб келаётган фаол аёллардан бири.
Опа 1976 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институтини, 1991 йилда Тошкент политология ва бошқарув институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. Асака тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида ҳам самарали фаолият кўрсатган. 1996 йилдан буён эса "GM - O'zbekiston" ЁАЖда бўлим бошлиғи, шу билан бирга, жамоатчилик асосида корхона бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасини бажариб келмоқда.
Маъмурахон опа доимий изланишдан, ўқиб, ўрганишдан толмайди. Фақат олдинга интилиб яшайди. Бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасида қатор ижобий ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу билан бирга, "Шижоат" аёллар клуби, "Аэробика" спорт тўгараги ташкил этилишида ташаббускорлик кўрсатган.
Устозлари Тошхон Ҳожиқосимова, Тилаволди Яқубов, Шаҳодатхон Ҳайдаровалардан олган ўгиту маслаҳатлари билан опанинг ўзи ҳам ибрат мактабини яратди. Ўз соҳасининг етук билимдонига айланди. Бугун эса опанинг ўзи кўпларга устоз. Шогирдлари Авазбек Матвалиев, Дилдора Шукурова, Таваккал Эргашев, Феруза Темирова, Ҳафиза Исомутдинова, Алиса Ажибаеваларлардан керакли ёрдамларини аямайди. Улар бугунги кунда устози изидан бориб, мамлакат автомобилсозлик соҳаси ривожига муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Бу тиниб-тинчимас, серғайрат аёлнинг меҳнатлари қадрланиб келинади. Опа Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15 йиллиги кўкрак нишони, шунингдек, республика хотин-қизлар қўмитасининг, туман ва вилоят ҳокимларининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Опа нафақат жамиятда фаол, балки оилада ҳам бахтли оила бекаси. Турмуш ўртоғи Абдуманноб ака билан уч нафар фарзандни тарбиялаб, қаторга қўшган. Ўғиллари Фаррухбек, Сарварбек, қизи Муштарийбегимлар олий маълумотли бўлиб, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқдалар. Келинлари Дилнозахон, Умидахонлар қайнота, қайнонасининг хизматларини қилиб чарчамайди. Беш нафар набиралари атрофида парвона.
Ҳа, меҳнат инсонни улуғлайди. Маъмурахон Исмоилова ҳам оилада, ҳам ишда шу меҳнати орқасидан қадр топди. Асаканинг фидойи, фаол аёлига айланди. Бу эътироф опага янада куч-қувват бағишлайди.
Мавлуда АЗИМОВА.
|