№34, 21.08.2014 ҲАЁТ МАНЗАРАЛАРИ
ОМОНАТ БАХТ
Онам пойтахтдаги олий ўқув юртида таҳсил олиб қишлоғига қайтган, ниҳоятда камсуқум, жиддий қиз бўлгани учун ёшлари ўтинқираб, йигирма етти ёшда отам билан турмуш қурганлар.
Дадам ҳам олий маълумотли, илмли, одам қадрини биладиган, тушунган кишилардан-у негадир онамга ҳеч маъқул келмайдилар. Онам нуқул:
- Мен ёшим ўтиб қолгани учун, кўнглим билан ҳисоблашмай, келган совчиларга розилик бериб юборганман. Отанг кўнглимдаги инсон эмас. Иложсизликдан текканман, - деб ҳасрат қиладилар.
Дадам кунда ичиб келиб, тўс-тўполон кўтармайдилар, пулни беҳудага сарфлаб, рўзғорнинг баракасини ўчирмайди. Фақат онам билан гаплари бир жойдан чиқмайди. Икковлари ҳеч келиша олмайдилар. Баъзан арзимаган нарсаларни деб узоқ тортишадилар. Шунинг учунми онагинам биз қизларини айни фурсатида узатишни, ўзи хоҳлаган, орзусидаги инсон билан турмуш қуришини истардилар. Айниқса, биз балоғат остонасига қадам қўйган пайтларимиздан бошлаб, онам бу гапни кўп таъкидлайдиган бўлдилар.
Мактабни тамомлаб, пойтахтга - ўзим истаган соҳа мутахасиси бўлиш учун ўқишга ҳужжат топширдим. Ота-онамнинг дуолари, мактабда аълога ўқиганим самарасини бериб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтдим, талабалик сафига қабул қилиндим. Билмадим, бу тақдирнинг менга инъомими, бўлажак турмуш ўртоғим билан пойтахтга келган илк кунларимдаёқ танишдим. Имтиҳонларда менга ёрдам берган йигит билан анча яқинлашиб қолдик. Йигит ҳам ўзимизнинг вилоятдан, фақат қўшни тумандан эди. Уни-ку билмадим, аммо мен Собиржон акани илк кўрганимдаёқ севиб қолгандим. Қишки таътилга келганимизда бизни унаштириб қўйишди. Ўшанда мен биринчи курсда, Собиржон ака эса магистратурада ўқирдик. Икки йилдан кейин тўйимиз бўлди. Очиғини айтишим керак, муҳаббатимга ҳеч қандай тўсиқсиз, синову машаққатсиз эришганим, орзуимдагидан ҳам аъло инсон билан турмуш қураётганим учун ич-ичимдан қувонардим. Келин бўлган хонадоним ҳам ўқимишли, зиёли оила эди.
Шундай қилиб, йигирма бир ёшимда ҳам дипломли, ҳам фарзандли бўлдим. Оила бўлгандан кейин муаммоларсиз, келишмовчиликларсиз ҳаёт бўлмайди. Баъзан қайнонам билан арзимаган дилхираликларга йўлиқиб қолардиму, бу нарса Собиржон акамнинг муҳаббати ва Худо берган бахтим олдида ҳеч қандай таъсир кўрсатолмасди.
Тўнғичим бир ярим ёшга тўлиб-тўлмай иккинчи қизалоғим дунёга келди. Гўдагимнинг пойи қадами билан дадасининг ишлари ҳам юришиб, кетди. Бу орада қайнотам бизга деб қурдирган шаҳардаги ҳовлига кўчиб ўтдик. Умр бўйи эрига кўнгилсизлигидан бахтини кемтик билган онагинам менинг бахтимдан беҳад мамнун эдилар. Дугоналарим менга ҳавас билан қарар, турмушга чиқмаган тенгдошларимнинг мендай бахтли бўлишни орзу қилишларини сезиб фахрланардим.
Ўша кезларда саодатдан қамашган кўзларим, бахтиёрлик суруридан кибр қўнган қалбим Яратганнинг ҳар бир инъоми, ҳар бир туҳфаси синов эканини, машаққат ва қийинчиликларсиз келган бахт омонат бўлишини англолмаган экан. Мен бир умр ана шундай шодлик ва бахтиёрликда яшайман, деб хаёл қилган эканман. Мен ҳеч қачон муҳаббат таъмини сезмаган эканман.
Кейинги пайтларда Собиржон акамнинг базму зиёфатлари кўпайгандан кўпайиб, уйга ярим тунда, баъзан тонгга яқин маст бўлиб келадиган одат чиқарди. Ўзига келгач, бунақа ишларининг охири ёмон бўлишини тушунтирганимда, икковимиз тортишиб жанжаллашган кунларимиз ҳам бўлган. Ҳеч гапимга қулоқ солмасдилар. Келгунларича минг бир хаёлда юрак ҳовучлаб ўтирардим.
Бир оқшом болаларим билан дастурхон бошида ўтиргандим. Телефоннинг қўнғироғидан чўчиб тушдим. Совуқ хабарни олдиндан сезгандай титроқ билан гўшакни олдим. Гўшакдан қайнукамнинг йиғламсираган овози эшитилди:
- Аяжон, касалхонадамиз. Собир акам автоҳалокатга...
Қолган гаплар қулоғимга кирмади. Болаларимни қўшнига ташлаб, касалхонага югурдим.
Мендан бошқа ҳамма шу ерда экан. Қайнонам йиғлайвериб ҳолдан тойган, қайнотамнинг қадди басти чўкиб қолгандай эди. Дод-вой, тўполон қилиб эрим ётган хонага кирдим. Кирдиму... ҳаммаёғи дока билан ўраб ташланган, беҳуш ётган эримни кўриб, ўзимдан кетиб қолибман...
Собиржон акам икки кундан кейин кўзини очди. Ўшанда ҳам бир сўз демади. Шифокорлар озгина умидимизни ҳам тобора йўққа чиқаришар, унинг соғлиги ҳақида саволимизга, ҳаммаси вақтга боғлиқ, деб жавоб беришарди. Бир ҳафтада чўпдай озиб, сочларимга оқ оралади. Айниқса, дўхтирлар эримни "Умуртқа поғонаси қаттиқ шикастланиб, бош мияси оғир жароҳатланган", дейишганда, борлиғимга ўт тушди.
Собиржон акамнинг ҳаётини асраб қолдик. Аммо у фақат тирик. Бундан ортиқ эмас! Юрмайди, ўрнидан турмайди. Қўлини ҳаракатлантира олмайди. Авваллари шунга ҳам рози эдим. Лекин негадир кейинги пайтларда феълимда қандайдир ўзгариш сезяпман. Собиржон акамга қараш, ногирон эр билан яшаш менга оғирлик қиляпти, назаримда. Ўйланиб қоламан гоҳида, мен ўша Собир акамсиз бир кун ҳам яшолмайдиган инсонманми?! Ёки юрагида фақат бойликка, тўкин ҳаётга эришиш истаги бўлган қизмидим?! Ана шуларни ўйлаб, ўйларимнинг адоғига етолмайман.
Бундан буёғига қандай яшашни билмайман. Фикримни жамлаб, бир тўхтамга келишим керак. Аммо ўша "бир тўхтам" менга қандай келажак ваъда қилади - бу ҳам менга қоронғу.
Фариданинг
изтиробларини оққа кўчирувчи
Рухшона ФАРРУҲ.
|