№35, 28.08.2014 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 23 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН
АЁЛ ҲАМИША ЭҲТИРОМДА
ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН НЕЪМАТ
Халқимиз азал-азалдан аёлини миллатнинг давомчиси сифатида улуғлаб келган. Оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбиясида аёлнинг хизматлари, ўрни ва роли беқиёс эканлиги боис унга ҳамиша юксак эҳтиром кўрсатилган. Лекин ижтимоий ҳаётда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига эътибор қаратилмаган.
Тўғри, совет тузуми даврида опа-сингилларимиз учун илм-маърифат эшиклари очилди. Аммо қатор чекловлар, тоталитар мафкура, фаолликка йўл қўймаслик, миллий қадрият, анъана ва урф-одатларнинг чекланиши сингари қатор омиллар аёлларимизнинг ўзлигини намоён этишларига имкон бермаган. Тан олиб айтишимиз керак, истиқлол шарофати билан ўзбек аёли чин маънода озод бўлди, нафақат оилада, балки жамиятда юксак нуфуз ва мартабага эга бўлди. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланди.
АЁЛ - ҚОНУН ВА
ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА
Ҳуқуқий-демократик тамойилларга асосланган кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлидан бораётган озод диёримизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки, ҳақ-ҳуқуқлари қонунларимизда қатъий белгилаб қўйилган. Хусусан, бош қомусимизнинг 18-, 46-моддаларида хотин-қизларнинг барча соҳаларда тенг ҳуқуқли эканлиги эътироф этилган бўлса, Фуқаролик кодексининг 17-моддасида барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш лаёқати тенг экани қатъий белгиланган. Оила кодексининг 2-моддасида ҳам оилавий муносабатларда аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 6-моддаси талабларида эса фуқароларнинг жинсига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга йўл қўйилмаслиги ва бундай ҳолатлар вужудга келса камситиш деб ҳисобланиши ҳуқуқий норма билан белгиланган.
Шу кунга қадар қабул қилинган Давлат Дастурларида белгиланган чора-тадбирларга ҳам назар ташлайдиган бўлсак, улар оила, хотин-қизлар, фарзандларимиз манфааатларига тўлиқ ҳамоҳанг эканлиги, аҳоли айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида зарур ишларни амалга ошириш кўзда тутилганлигига гувоҳмиз. Айниқса, "Соғлом она - соғлом бола" Давлат Дастури доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бугун Ўзбекистон хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида дунёда етакчи ўринлардан бирида эканлиги жаҳон жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда қабул қилинган ҳуқуқий хужжатлар замирида хотин-қизларимизга юксак эҳтиром, ғамхўрлик ва эътибор мужассам. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 143-моддасида аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилиши назарда тутилган. Ана шу ҳужжатнинг 150-моддасида эса икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга қатор имтиёзлар берилиши белгиланган.
КЕЧА КИМ ЭДИГУ
БУГУН КИМ БЎЛДИК
Юртимизда хотин-қизларга яратилган юқоридаги каби имкониятлар, шарт-шароитлардан фахрланмаслик мумкин эмас. Ана шу имкониятлар туфайли ҳам бугун мамлакатимиз аёллари ҳар бир соҳада ташаббускорлик кўрсатиб муваффақиятларга эришмоқда. Буни давлатимизнинг энг олий мукофоти - "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонига 13 нафар аёл муяссар бўлганлиги ёки истиқлол йилларида хотин-қизларимиз томонидан 478 та докторлик, 4000 га яқин номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинганлиги мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, уларнинг кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида 1999 йил 10 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармони иқтидорли қизларимиз учун ўз салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар эшигини очди. Бугунга қадар адабиёт, санъат, фан, спорт ва маданият йўналишлари бўйича 196 нафар иқтидорли ёшларнинг ана шу мукофот соҳибаси бўлганлиги қалбимизни фахрга чулғайди.
Дунёнинг тиргаги бўлган аёлга кўрсатилаётган юксак эҳтиром, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаган: "Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар", деган самимий гаплар қалбимизга қувонч бағишлайди. Ана шу эҳтиром ва эътирофга муносиб бўлиш эса биз аёлларнинг бурчимиздир.
Хафизахон КАРИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.
|