Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№35, 28.08.2014

БИЗНИНГ МУЛОҚОТ

Мунаввара УСМОНОВА:

"РОСТГЎЙ, САМИМИЙ ИНСОНЛАРНИ ҲУРМАТ ҚИЛАМАН"

Адабиёт бўстонида ўзига хос ифор таратиш, ёзганлари билан эл эътирофига сазовор бўлиш барча ижодкорга ҳам насиб этавермайди. Мунаввара Усмонова эса ўз ижоди, гўзал шеърлари билан ана шундай мартабага етишган шоирадир. Истиқлол байрами арафасида истеъдодли ижодкор, севимли шоирамиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шеърият бўлими адабий маслаҳатчиси Мунаввара Усмонова билан учрашиб, ижод, она юртга муҳаббат сингари қатор мавзуларда суҳбатлашдик. Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга тақдим этамиз.

- Ўзингиз ва оилангиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз?.

Андижоннинг Марҳамат туманида, туғилганман. Раҳматли дадам Абдуҳоким ота, онам Зулфияхон ая саккиз ўғил, тўрт қизни тарбиялаб вояга етказди. Кўпчилигимиз олий маълумотли бўлдик. Ўз ота-онаси тўғрисида сўзлаганда ҳамманинг юраги орзиқиб, кўнгли тўлиб, тўкилса керак...

Дадам оғир-вазмин, мулойим, кўнгли кенг, чин маънодаги ватанпарвар инсон эди. "Ўзинигина эмас, эл-халқ манфаатини ўйлаган одамгина икки дунё саодатига эришади", дердилар. Уларни бақир-чақир қилиб ёки овозларини кўтариб гапирганларини эслолмайман. Аммо қарашлари сабоқ, қадами ибрат, айтган ҳар бир сўзлари биз учун ҳикмат эди.

Онам ҳақида ёзган ҳикояларимни, албатта, сизларга юбораман. Чунки онажоним "Иқбол" газетасининг доимий ўқувчиси. Ўзимнинг оиламга келсак, уч нафар фарзандим бор. Бир ўғил, икки қиз. Андижон шаҳридан келин туширганман. Одобли, зиёли, ориятли, пазанда ва меҳнаткаш. Ота-онасига раҳмат, дейман. Иккита набирам бор. Яқинда қиз узатдим. Кенжа қизим талаба.

Умр йўлдошим ижод аҳлидан эмас, аммо адабиётга кўнгли ошуфта инсон. Ўша инсоннинг кўмаги билан ота-онам, жигарларимдан йироқда яшадим, ишладим, ижод қилдим. Керагида отамдек насиҳат қилади, онамдек меҳр кўрсатади, акамдек тергайди, укамдек йўқлайди, яқин биродаримдек қадр қилади. Мени Худодан кейин қўллаган, йўллаган инсон умр йўлдошим Тўлқин ака бўлади.

- Мунаввара опа, Сиз узоқ йиллардан буён пойтахтда яшаётган андижонлик ижодкорсиз. Айтингчи, Андижон ва андижонликларнинг қайси ўзига хос жиҳатлари билан фахрланасиз?

- Андижон деганимда юрагим шодликдан қалқиб кетади. Бу табаррук тупроқ менинг борлиғим... Ҳар гал довондан ўтиб Андижонга яқинлашиб қолганимизда машинадан тушиб, анча масофагача пиёда юраман. Атрофдаги гўзалликдан баҳра олиб тўйиб-тўйиб нафас оламан. Ўтган йили Наврўз арафасида эди. Ўша куни ҳаво айниган, изғиринли шамол эсиб турганди. Вилоят ҳудудига кириб боришда икки йўлнинг четида бодомлар қийғос гуллаганини кўриб ҳайратландик. Бир-икки йилги ниҳолчалар шу қадар кўп гул олганки... Бироз йўл босгач, 3-4 та болани ёнига олиб ниҳолчаларни "гуллатаётган" аёлга кўзимиз тушиб тўхтадик. Бир ўсмир йигитча дарахтлардан кесиб олинган шохларни ерга мустаҳкамлаб ўрнатар, аёл икки ёш боласи билан гулчаларни тақиб, безарди. Узоқдан қараб, гулнинг қоғозчалардан қирқилганини сезмай қолибмиз. Аёл билан бироз гурунглашдик. Фермер хўжалиги аъзоси экан. Изғиринли ҳавода ёш болаларингиз билан шу ишни бажаришга сизни кимдир мажбур қилдими, деган саволимга, "Йўўғ-ейй, ҳеч ким мажбур қилмади. Серқатнов, катта кўчадан меҳмонлар кўп ўтади. Андижонимизга қадам қўйганларнинг кўнглига баҳор нафаси келсин, наврўз наврўзга ўхшасин, деб шундай қиляпмиз-да. Иссиққина уйда ўтириб, гулчаларни қирқиб олдик. Менга ҳавас, болаларимга эса меҳнат дарсидан сабоқ бу",-деди табассум қилиб. Мана шу бир андижонликнинг жўмардлиги, одамийлигининг бир кўриниши. Андижонликларнинг мардлиги, тантилиги, ҳеч кимга ўхшамайдиган тавозеси ва меҳнаткашлигидан ҳамиша ғурурланаман.

- Айтингчи, истиқлол халқимизга нималарни берди?

- Халқимиз учун Истиқлолдан-да улуғ неъмат йўқ. Истиқлол бизга "Ким эдигу ким бўлдик?" деган ҳаётий ҳақиқатни асослаб берди. Улуғ бобокалонларимиз, улуғ мутафаккирларимиз яратган илмий кашфиётлар, адабиёт ва санъат дурдоналари ҳануз жаҳон аҳлини ҳайратга солади. Ортимизга ўгирилмай, шу мукаррам тупроқни чангаллаб турган илдизимизни пайқамай яшаётган эканмиз. Ота-бобомиз ким эканини яхши билмай туриб, иншолар ёзибмиз, Ватаннинг қадрига етмай туриб, "Ватан" дея сатрлар битибмиз. Истиқлол эса аждодларимиздан мерос бўлиб қолган бебаҳо илм-фан ва маънавият хазинасидан тўла баҳраманд бўлишимиз учун шарт-шароит яратди. Ўзимизни, ўзлигимизни англаб етишимиз учун йўл кўрсатди, тўғри йўлдан боришимиз учун имкониятлар эшигини очиб берди.

- Бугунги ўзбек аёли ҳақидаги фикрларингиз... Уларнинг маънавияти қай даражада, юриш-туриши билан миллий қадриятларимизга ҳурмат кўрсата оляптими?

- Энди, эл орасида беш қўл баробар бўлмайди, деган гап бор. Бугуннинг аёли тўғрисида яхши гапларим кўп. Вилоятдаги меҳрибонлик уйида бўлганимда отаси ёки онаси тирик бўла туриб ўша даргоҳда тарбияланаётган болаларни кўриб...

Ўқувчилик пайтимизда уруш қатнашчиларини байрамлар билан қутлашга борардик. Бутун мактаб ўқувчиларининг бувисига айланган Тўхтахон она ёлғиз яшарди. Айтишларича, бир ёшга кирмаган гўдаги қўлида пайтида умр йўлдоши фронтга кетиб қайтмаган экан. Эридан "қора хат" келиб, аза очиб ўтирган ёш жувонни ота-онаси уйига қайтармоқчи бўлиб кўп уриниб кўндиролмаган экан. Ягона ёдгори ҳам қизамиқ чиқди баҳонаси билан кўз юмиб, ғам қўйнида ёлғиз қолганидаям, қайнона-қайнотасини хизматини қилиб юраверган. "Умр йўлдошимнинг руҳи келадиган ҳовлининг чироғини ўчирмайман", деб қасам ичган аёл 91 ёшга кириб оламдан ўтди. Ана фидойилик, ана қаҳрамонлик.

Юртимиз Қаҳрамонлари орасида 13 нафари аёллар эканидан беҳад фахрланамиз. Бири жон фидо муаллима бўлса, яна бири ер билан тиллашиб, тунни тонгга улаб меҳнат қилгани учун миллатнинг қаҳрамонига айланган аёлдир. Ҳар бирини босиб ўтган йўли, заҳмати, фаолияти, юртга бўлган меҳрини достон қилса арзигулик.

Бирининг кечмиши ибрат, сабоқ бўлса, қай бирининг қилмиши юракка доғ бўлади. Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган уч нафар опа-укалар билан суҳбатлашиб юрагим увишди. Ота-онаси тирик экан. Эр хотинни ташлаб қайсидир бир аёл макрига учиб кетган, хотин эса эрга қасдма-қасд уч норасида гўдагини кимнингдир қўлига топшириб, кўнгил сайрига равона бўлган. Қадр деймиз, жонидан бино бўлган гўдагига раҳм қилмаган инсонлардан қандай қадр кутиш мумкин?

Умуман, орамизда яхшилар кўп, эзгуликка интилувчи, оиласини муқаддас билгувчи, фарзанди учун жон фидо қилгувчи опа-сингилларимиз бисёр.

- Бугун ёшлар, айниқса, қизларимиз орасида ижодкорлар жуда кўп. Ижодкор сифатида улар нималарга кўпроқ эътибор қаратишини маслаҳат берардингиз?

- Мен таниган ёш ижодкорлар орасида қарашлари ўткир, сўзларининг мағзи тўла ёшларимиз анчагина. Улардан умидимиз катта. Лекин ҳавас учун ижод йўлига кирган сингилжонларимиз ҳам йўқ эмас. Менимча, бугун айрим ёшлар қулоғига тақиб олган "матоҳ"идан эшитган қўшиқларига ўхшатиб шеър ёзса керак. Бу ижод эмас, бу билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Маслаҳатим китоб ўқиш керак. Ўқигандаям танлаб, уқиб ўқиш керак. Инсоннинг сотмайдиган дўст, тарк этмайдиган қадрдони бу китобдир. Умуман, қўлига қалам олиб, адабиёт майдонига қараб одимлаётган барча қаламкашларга ҳурматим баланд.

- Қайнона-келин муносабатлари ҳақида тўхталсангиз...

- Қайнона-келин муносабати борасида хотира сандиғимда бисотим анчагина. Қисқа жавоб билан буни тушунтириб бера олмайман. Бу борада анчагина қораламаларим бор. Вақти келса, улар матбуотда чоп этилар.

Ўз оиламдан мисол қилсам, ёмон келин бўлмадим, чунки қайнонам раҳматли чин, доно инсон эдилар. Меҳрибон, пазанда, ширинсўз ва вазмин эди. Икки дунё саодатини топганлари рост бўлсин илоҳим. Оилада беш овсинмиз. Мен каттаси. Хатоларимизни кечириб, билмаганларимизни ўргатиб, она бўлиб бошимизни силаганлар. Ҳеч биримиз аразлаб кетмаганмиз. "Ғашингиз келса ҳам гап қайтарманг, болам, бирпасда ҳаммаси ўрнига тушади, хўп десангиз олам гулистон", дердилар, онаизорим. Келин туширганимга олти йил бўлди. Иккита набирам бор. Уйимнинг фариштаси, исмига монанд гулрухсор қиз. Ҳаёт менга шундай келинни инъом қилгани қайнонамнинг дуолари ижобати бўлса керак.

Менинг назаримда қайнона оғирликни қўлга олиб, кечиримлик бўлиши керак. Бировнинг умид билан улғайтирган боласини ўз боласидай бағрига олса, қисмат шамолига қоқинтирмаса, тақдир таёғига дучор қилмаса, узилмас арқон, бузилмас қўрғон бўлади келин.

- Ҳаётда қандай ақидаларга қатъий амал қилиб яшайсиз? Инсонлардаги қайси фазилатларни улуғлайсиз?

- Кечаги кунимни унутмаган ҳолда, бугунимни қадрига етиб яшайман. Ростгўй, самимий инсонларни ҳурмат қиламан.

- Юртдошларимизга, Андижон аёл-қизларига, газетамиз мухлисларига тилакларингиз?

- Андижон менинг юрагимга жон бергувчи қон, мушкулимни осон, йўлларимни нурафшон қилгувчи дуо, бешигим бошидаги тумор, онамдек хокисорим, отамдек интизорим, шоним ҳам, жоним ҳам мана шу тупроқ. Юртдошларимга икки дунё саодатини тилайман. Опа-сингилларимизнинг севимли нашри - "Иқбол"-нинг истиқболи мунаввар бўлсин.

Мен бош урган табаррук

тупроқ,

Товонимга чўғдек ботади.

Қизғалдоққа умрини

тикиб,

Отам шу маконда ётади...

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош Фахриддин

ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди