Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№35, 28.08.2014

КЕЧИНМА

Муҳаббатсан, жонимга тузоқ...

Мен муҳаббатни кўп изладим: қаро кўзлардан, рухсора сўзлардан, ойдай юзлардан... топмадим... уларнинг барчасида гўёки унинг излари қолгандай эди. Ногаҳон кўзим гулларга тушди. Муҳаббатнинг суратига ўхшатдим. Улар жуда чиройли экан. Тўғри, хунук гулнинг ўзи бўлмайди. Аммо қалб кўзи билан қаралса, уларнинг ташқи гўзаллигидан ҳам гўзалроқ эканини ҳис қилса бўларкан. Бу шундай ғайритабиий гўзалликки, уни инсонлар тилида тушунтиришнинг сира иложи йўқ.

Ўзим учун янгилик кашф этдим: инсонлар гулга ўхшар экан. Хунуги йўғ-у, бир-биридан чиройли. Фақат қайсининг-дир гули чиройли, қайсинингдир ифори, яъни, қалби гўзал. Қизиқ, гулларнинг туриши инсонларнинг ҳудди ўзи-я. Масалан, лолақизғалдоқ тоғу адирларда, мусаффо ҳаво оғушида ўсади. Тикани йўқ, унга эришиш осон. Кўрган заҳотинг юлиб оласан, томоша қиласан. Кўп турса, уч кун туради. Отиб юборасан. Унутасан.

Атиргул-чи, тиканлари бор. Бандидан узгунинг-ча қон қилади. Озорини чекасан, қадрига етасан. Унинг умри қизғалдоқдан узунроқ. Инсонларга ўхшатдим гулларни. Лекин гулларга ўхшаган инсонларни жуда кам учратдим. Меҳр билан парваришлайсан, худди атиргулдек. Улар эса озорини сира тугатмайди. Озорлар дастидан меҳринг сўнади. Сўнгач эса улар сенга қараб интила бошлайди. Аммо кеч...

Балки бу табиат қонунидир. Билмадим. Барибир инсон билан гул бир-бирига ўхшайди. Гуллар борки, шундай чиройли. Олдига борсанг ифоридан асар ҳам йўқ. Шу гулни она табиат яратганига шубҳа ҳам қиласан, киши. Бир қарашда бу шубҳа шаккокликка ўхшаб кетади. Аммо инсонларга боқиб шубҳанг йўқолади. Чунки чиройли инсонлар кўп. Лекин уларнинг орасида ҳиссизлари, меҳр-муҳаббатсизлари бисёр. Улар ҳам биз яшаяпмиз, деб ўйлашса керак. Балки ҳаётдан завқланишар ҳам. Завқлари сунъий гўзалликлар, пул, тўқ ҳаёт ва шу каби алдоқчи завқлар... бошқа ҳеч нарса уларни завлантиролмас. Ва улар тобора сунъийлаша боришади. Аввал нигоҳлари сохталашади, кейин кулгулари, секин-секин сўзлари... Худди ифорсиз гулдай. Бундай одамни ҳам Худо яратган, ундай гулни ҳам. Демак, улар табиатан сунъий сурат бўлиб яралган. Улар ҳам яшаяпмиз, деб ўйлашади. Менинг эса уларга раҳмим келади, ачинаман. Чунки самимият, ҳақиқий муҳаббат йўқолиб бормоқда...

Гоҳида хаёлимга муҳаббат инсонни улуғлагану, инсоният уни хор қилгани учун қайларгадир қочиб кетгандай ва энди инсониятдан шу тахлит қасд олаётгандай туюлади.

Мен муҳаббатни кўп изладим: қаро кўзлардан, рухсора сўзлардан, ойдай юзлардан топмадим. Энди умидимни узгандим, муҳаббатга аза очмоқчи бўлганимда ногаҳон муҳаббатнинг соясини кўриб қолдим. Ҳайратдан ёқа ушладим. Чунки унинг сояси оппоқ эди. Муҳаббатнинг сояси онамнинг оппоқ сочлари эди...

Онамнинг кўзларига боқдим. Муҳаббат менга табассум ҳадя этди. Онамнинг кўзларига вужудим билан тикилдим. Ўзимни кўрдим. Йўқ, аслида мен ўзимни эмас, онамнинг кўзи нимани кўрса, мен ҳам ўшани кўрдим, холос...

Муҳаббат онамнинг кўзида-ю, менинг қалбимда экан. Мен эса уни қайлардану, кимлардан изладим. Аслида муҳаббат ҳамма ерда жилва қиларкан. Лекин менинг муҳаббатим менинг қалбимда - юрагимнинг тубида жойлашган экан. Мен уни излаб бутун дунё сирларини-ю, ҳаёт қонунларини ўргандим. Инсонларни англадим. Ва муҳаббатни топдим. Қадрига етдим. Уни излаш давомида унинг не тилсимот эканлигини ва Муқаддаслигини билдим!

Орзунинг сойида оққан оқ гулим,

Юрагим қўрида қайнаган булоқ.

Сен менга онамнинг сочидай оппоқ,

Муқаддас муҳаббат, муҳаббат

оппоқ!

Ўлмас кўзларимни тутган қароғим,

Чархнинг осмонида ёлғиз қўноғим.

Кўнглим кулбасида ўчмас чироғим,

Сен менинг юлдузим Зуҳродай

узоқ...

Саид Абдулазиз ЮСУФЗОДА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди