Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№36, 04.09.2014

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

НОШУКРЛИК ҚУРБОНИ

Фотима ая ўғли Обиджонни уйладию, кўнгли жойига тушди. Данғиллама тўйнинг овозаси ҳар томонга кетди. Келини Хумора попукдеккина. Чиройига яраша одоби ҳам кишини қувонтиради.

Овозали тўй ўз-ўзидан бўлмади, албатта. Оила бирмунча қарзга ботди. Балки шу сабабдир кейинги вақтларда Фотима ая ўғлига нуқул яхшироқ пул топиши кераклигини уқдиргани уқдирган. Охири бир яқин танишининг хорижга ишлаш учун кетаётганини эшитдию, ўғлини ҳам ўзи билан олиб кетишини илтимос қилди. Илтимос ерда қолмади. Чилласи эндигина чиққан янги куёв онанинг юзидан ўтолмади. Келинчакни юпатди, тезда қайтишга сўз бериб, олис ўлкага отланди.

Фотима ая Обиджонни кузатдию, кўз олдидан санашга шошилгани долларлар ўтиб, ич-ичидан қувониб кетди. Ҳали янги оилага кўникиб улгурмаган келинчакнинг кўнгли қайнонани қизиқтирмасди. Хумора эрини қайтариш учун бир сўз айтолмади. Алланечук ғаш юраги билан ҳувиллаган уйда ёлғиз қолди.

Обиджон манзилга етиб борибоқ келинчакка қўнғироқ қилди. Хумора қалби йиғласа-да, ёрининг кўнглини бузмаслик учун қувноқ гаплашишга ҳаракат қилди. Обиджон кейинги гал қўнғироқ қилганида, келинчакдаги ижобий ўзгариш, янгилик ҳақида эшитдию, хурсандликдан осмонга парвоз қилди гўё. Хумора ҳам Обиджон келгунча ўзини яхши парвариш қилишга, юраги остидаги митти юракчани авайлашга сўз берди.

Бироқ... Икки ёшнинг қувончи узоққа чўзилмади. Орадан тўрт ой ўтгач, келган нохуш хабар нафақат оилани, балки бутун маҳаллани ларзага келтирди.

Обиджон фалокат туфайли ҳаётдан кўз юмганди. Ўғлининг бевақт вафоти онани буткул эс-ҳушидан айирди. Хумора эса тақдирнинг бу зарбасидан ўзини йўқотди. Ҳали келинликнинг ширин дамларидан воз кечолмаётган кўнглини нима деб овутишни билмаётган Хуморага ҳамма ачинди. Бироқ буларнинг барчаси фойдасиз эди. Туғилажак фарзандининг кемтик қалбига ким, қандай малҳам бўлади энди? Келинчак шу лаҳзада уни бахтсиз қилган Обиджоннинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган, мол-дунёга ўч қайнонасини жуда ёмон кўриб кетди. Озига, борига қаноат қилиб, ёш оила мустаҳкамлигини ўйлагувчи ота-оналарга ҳаваси келди. Тунлари ёстиғи жиққа хўл, кундузлари гўё бехуш одамдай карахт... Куни кеча ота-онасига сездирмай қабристонга борди. Қабрлар ичида мунғайиб турган қабрга бошини қўйиб узоқ йиғлади. Жазирама иссиқ эса шундоқ ҳам куйиб адо бўлган юракни баттар ёндирар, илиқ еллар эса келинчакнинг юзларини силаб юпатишга уринарди...

***

Инсонга берилган сабрнинг замирида беҳисоб синовлар ётади. Борига қаноат қилмай, фарзандларини ёт ўлкаларга ишга юбориб, оқибат пушаймон чўғида қовурилаётган ота-онанинг дарди ичида. Афсус, энди фарзандлари ҳаётга қайтмайди. Бу кўргулик, пушаймонлик ўти ҳеч қачон ўчмаслиги аниқ.

Шу ўринда борига шукр қилмасдан, яқинларини, оиласини қолдириб, ўзга юртларга ишлаш учун кетаётган одамларга қарата: "Унутманг, фалокат оёқ остида. Ўзга юртларда бирор фалокатга йўлиқиб, яқин инсонларингизнинг, фарзандларингизнинг бахтсизлик уммонига ғарқ бўлишига сабабчи бўлиб қолманг", дея хитоб қилгимиз келади. Яқиндагина рўй берган юқорида баён этилган ҳаётий воқеа барчамизга сабоқ бўлсин.

Ҳаётимиз мазмуни, бахтимиз фақат оиламиз, яқинларимиз билан эканлигини унутмайлик. Камроқ даромад, озроқ пул топсак-да, тинч юртимиздан, оиламиз бағридан узоқлашмайлик. "Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони афзал", деган ҳикматни ёдимиздан чиқармайлик.

Мавлуда АЗИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди