№37, 11.09.2014 ҲИКОЯ
ОТА ҚАРҒИШИ - ЎҚ
Иброҳим ака хотини Жамиланинг қазосидан сўнг ёлғизлигини ҳис қилди. Рафиқаси билан бир-бирларига кўнгил қўйиб турмуш қурган эдилар. Турмушлари давомида тўрт фарзандни биргаликда оқ ювиб, оқ тараб камолга етказдилар. Уларнинг учтасини биргаликда уйли-жойли қилдилар. Аммо тақдирнинг бешафқат синови Жамила опани ҳаётдан олиб кетгач, Иброҳим ака кенжасини ёлғиз ўзи ҳам ота, ҳам она бўлиб уйлади, қаторга қўшди.
Ана шундан сўнг чинакам ёлғизликка дучор бўлди. Қизлари бировнинг хасми, ойда бир келиб хабар олади. Ўғиллари ҳам ўз оиласи билан овора. Эркак киши эллик ёшдан сўнг аёлидан айрилмасин экан. Айни қаров керак маҳалда хотинидан айрилган Иброҳим ака тўрт йил ёлғиз яшади. Фарзанд-ларига бош бўлиб юрди.
Лекин кунларнинг бирида "Жамиланинг ёди билан ўтаман", деган аҳдидан қайтди. Бунга эса унинг оғир дардни тортгани сабаб бўлди. Иситмалаб ётиб қолган Иброҳим акани касалхонага ётқиздилар. Жарроҳлик операциясидан сўнг бир ой деганда ўзини тиклади. Шундагина унга аёл кишининг қадри билинди.
Касалхонада ётганида мунисаси, хотини тушига кирди: қучоқ-қучоқ булутлар орасида элас кўринган Жамиланинг: "Қачонгача ёлғиз яшайсиз? Мен энди сизга қарай олмайман... уйланинг" деган сўзларидан чўчиб уйғонди. Назарида рафиқасининг руҳи безовта эди.
Ўша вақтда Иброҳим ака туман маориф бўлимида услубчи бўлиб ишларди. Бир мактабни текширишга бордию, тақдир дуч қилган аёл билан танишди. Биология фани ўқитувчиси бўлган Назокат автоҳалокат туфайли турмуш ўртоғидан эрта айрилган, битта қизи билан акасининг ҳовлисида яшарди. Дунёқараши, фикрлаши кенг, юриш-туриши аёлнинг яхшилигидан дарак эди. Иброҳим ака Назокат билан гаплашгач, уйга фарзандларини тўплади. Мақсадини ётиғи билан тушунтирди. Ҳаммаси рози бўлгандай жим эди-ю, бироқ катта қизи Нодира даст ўрнидан турди-да:
- Уйланасизми? Уйлансангиз, бу ҳовлидан чиқиб кетиб, бошқа жойда оила қуринг! - деди важоҳат билан. Иброҳим ака ўтирган жойида тек қотди. Аранг:
- Нега, қизим? Ҳовли - менинг ҳовлим! Қолаверса, ҳаммангиз ўзингиз билан овворасиз... - дея олди.
- Бу ҳовлида онамнинг изи бор!
Уни бегонага бостирмайман! Бу ҳовлида онамнинг руҳи бор! Уни чирқиратмайман! - Нодиранинг ҳар бир гапи отанинг юрагига наштардек санчиларди. Қизга тушунтиришлар бесамар эди. Иброҳим ака шаҳд турди. Ғазаб тўла нигоҳини қизига қараб:
- Шунақами? Бегонани киритмайсанми? Сендан қарзим йўқ! Оталик вазифамни бажариб бўлганман! Тур, уйдан чиқиб кет! Сендай фарзандим йўқ! Мени энди "ота" дема. Мени билмасанг, сени Худонинг ўзи жазоласин! - деб юборди жаҳл билан. Нодира ҳовлидан дод солиб чиқиб кетди. Қолган фарзандлари дадасини тинчлантиришди...
... Иброҳим ака Назокатга уйланди. Унинг қизидан меҳрини аямади. Улар фарзандли бўлишгач, Нодиранинг қайнотаси Иброҳим акадан келини учун узр сўради. Бироқ отанинг кўнгли юмшамади. Юрагидаги оғриқ ўти пасаймади.
Аммо орадан кўп ўтмай қизининг уйидан келган нохуш хабар Иброҳим акани эсанкиратиб қўйди: Нодира туғруқхонада учинчи фарзандини дунёга келтириш чоғида вафот этибди. Иброҳим аканинг надомати дунёни тутди, афсусидан тоғ титради, лекин бари бекор, энди ўрнига тушмайди. "Жаҳл келганда ақл қочади" деганларидай жаҳл устида айтган гапларидан пушаймон бўлди. Инсон, айниқса, кексалик остонасида турган киши ҳар қандай ҳолатда ҳам ақл билан иш тутиши, ақл билан гап айтиши кераклигини ўйлади. Лекин... кеч эди.
Иброҳим ака минг азоб билан қизининг қабрига борди. Янгигина қабр мунғайиб турарди. Тўйиб-тўйиб йиғлади. Дилидан кечган сўзларни тилига кўчирди: "Кечирдим, болам, сен ҳам мендан рози бўл, тинч ёт, жоним қизим..."
Олимжон РАҲИМОВ.
|