№38, 18.09.2014 МУТАХАССИС МИНБАРИ
Қизлар ички ишлар тизимига қай тартибда ишга киради?
Уларга қандай талаблар қўйилади?
Ушбу саволга Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бош инспектори Фарруҳ Назиров шундай жавоб беради:
- Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги нуфузи ва фаоллигини ошириш, турли жабҳаларда самарали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Хусусан, ички ишлар тизимида хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бугунги кунда улар эл-юрт тинчлиги, осудалигини сақлаш борасида фидойилик билан хизмат қилмоқдалар.
Ички ишлар тизимида ишлашни хоҳловчи қиз-аёлларимиз нималарга эътибор беришлари керак? Ишга қабул қилишда уларга қандай талаблар қўйилади? Ушбу саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Демак, қизларнинг ички ишлар тизимида ишлашлари учун муайян талаблар мавжуд. Жумладан, амалдаги буйруқ талабларига асосан қизларнинг бўй-басти, ёши ва маълумоти инобатга олиниб, улар танлов асосида ишга қабул қилинади. Танловлар турли йўналишларда ва бир неча босқичдан иборат.
Офицерлик лавозимига қабул қилиниш истагидаги қиз албатта, олий маълумотга эга бўлиши (педагогик, гуманитар фанлар йўналишларини ўзлаштирган бўлишлари керак), шунингдек, бўйи 165 см. дан паст бўлмаслиги керак.
Бундан ташқари, яшаш ва иш жойидан ижобий тавсифга эга бўлган қизлар танлаб олинади. Уларнинг соғлом бўлишлари муҳим жиҳатлардан бири бўлиб, ИИВ тасарруфидаги тиббий муассасада кўрикдан ўтадилар.
Сержантлик йўналишига ишга кирувчиларга ҳам ана шундай талаблар қўйилади. Улар Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясида имтиҳон топширадилар. Имтиҳонлар 2 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда номзодларнинг умумий саводхонлиги синовдан ўтказилади, иккинчи босқичда эса жисмоний тайёргарлик ва тест синовлари бўлиб ўтади.
Сафдорлик, яъни оддий аскар сифатида ишга қабул қилинувчи қизларга ҳам юқоридаги каби талаблар қўйилади ва улар албатта, ўрта махсус ёки олий маълумотга эга ҳамда 30 ёшдан ошмаган бўлишлари керак.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси кундузги бўлимида асосан, касбий вазифаларини самарали бажарадиган юқори малакали ички ишлар органлари мутахассислари таҳсил олади. Ушбу муассасада тўртта мутахассислик бўйича кадрлар тайёрланади:
- Тергов йўналиши;
- Тезкор-қидирув йўналиши;
- Жиноятларнинг олдини олиш йўналиши;
- Эксперт-криминалист.
Бу ерда ўқиш муддати 4 йилдир. Кундузги таълимда камида тўлиқ ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган, ўзининг маънавий-интеллектуал, касбий сифатлари ва соғ¬лиги бўйича ички ишлар органларида хизмат ўташ талабларига жавоб берувчи 25 ёшгача бўлган бўйи 160 см.дан кам бўлмаган, турмушга чиқмаган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган қизлар қабул қилинади. Тингловчиларга Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларида белгиланган тартибда стипендия тайинланади. Академияда ўқиш даврида тингловчилар амалдаги Низомга асосан форма (ки¬йим-бош), бепул овқат ҳамда ётоқхона билан тахминланадилар.
Хосият СИДДИҚОВА
ёзиб олди.
|