Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№38, 18.09.2014

БИЗНИНГ СУҲБАТ

Оилада, жамиятда ўз ўрнини топган аёл бахтлидир

Зарифахон Ҳайдарова: ҳаёт, театр, актёрлик машаққати ва аёл бахти ҳақида

Суҳбатдошимиз: Зарифа Ҳайдарова - 1963 йилда Избоскан туманида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган. Театр саҳнасида 50 дан зиёд ролларни ижро этган. Оилали, бир нафар фарзанди бор.

Меҳнат инсонни улуғлайди, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Зеро, ҳалол ва самарали меҳнатлари билан эл-юрт ҳурматини топаётган инсонлар орамизда оз эмас. Қарийб 28 йилдан буён Андижон вилояти мусиқали драма ва комедия театрида фаолият юритиб келаётган Зарифахон Ҳайдарова ҳам ана шундай ҳурмат ва эътибор топган юртдошларимиздан бири. Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан актрисага Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонининг берилиши унинг меҳнатлари эътирофи ва истеъдодига берилган муносиб баҳодир.

Ўз касбининг фидойиларидан бири, театрдаги ранг-баранг роллари билан томошабинларнинг ҳурматини топа олган ана шу санъаткор билан бўлиб ўтган суҳбатни сизнинг ҳукмингизга ҳавола этамиз.

- Зарифа опа, аввало, сизни унвон билан табриклаймиз. Айтингчи, ҳаёт ва театр саҳнасида ўзингизни қандай актрисаман деб ҳисоблайсиз?

- Табригингиз учун раҳмат. Ушбу унвон нафақат менга, балки театримиз жамоасига берилган унвон деб биламан. Чунки мени актриса бўлиб шаклланишимда ва мана шундай юксак унвонга сазовор бўлишимда театр жамоасининг, ҳамкасбларимнинг роли ва кўмагини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.

Ҳаёт ва театр саҳнаси мантиқан олиб қараганда бир хилдай. Аммо мен ҳаётда оддийгина аёлман, саҳнада эса артист. Ҳаётда оддий аёллик, оналик ва бекалик бурчларимни рисоладагидек бажаришга ҳаракат қиламан. Театр саҳнасида ижро этадиган ролларим ҳеч қачон ана шу бурчларимни бажаришга таъсир кўрсатмайди. Ёки аксинча ҳаётдаги муаммо ва қувончларим эса саҳнадаги қаҳрамонларни ижро этишимга халақит бермайди. Бироқ, уйда ҳам, ишда ҳам, кўча-кўйда ҳам саҳнадаги қаҳрамонимнинг ўй-хаёллари билан яшайман. Бахтли аёл ролини ижро этаётган бўлсам оилам даврасида ҳам ўзимни бахтли аёл кўринишида тутаман. Жабрдийда, хўрланган аёллар қаҳрамоним бўлса, улардек куюниб, ўксиниб сценарийдаги монолог ва диалогларни такрорлаб кун ботганини билмай қоламан. Мана шундай пайтларда саҳнадаги қаҳрамонимнинг характерини тўлақонли, томошабин ишонадиган тарзда очиб бериш нақадар мушкул эканлигини ҳис этаман.

- Аёл бахтини нимада деб биласиз ва сиз ўзингизни бахтли аёл деб ҳисоблайсизми?

- Яхши оиланинг яхши келини бўлиш, эсли-хушли фарзандлар тарбиялаб, қаторга қўшиш, ўзи истаган соҳада ишлаш, оилада, жамиятда ўз ўрнини топа олган ҳар бир аёл назаримда ўзини бемалол бахтли аёлман дея олади.

Ёшлигимда ота-онам мени шифокор бўлишимни жуда хоҳлаганлар. Аммо менинг қизиқиш ва орзуларим актриса бўлишга ундарди. Ўзим танлаган йўлдан дадил юра олдим. Шу менинг энг олий бахтим бўлса керак. Қолаверса, ҳаётда ўзим истаган кўп нарсаларга эришдим, шу боис ҳам ўзимни бахтли аёлман дея оламан. Яна фарзандим, кўзимнинг оқу-қораси Гулзодахон қизимнинг бўй-бастига қувонаман. У бу йил лицейни тамомлади, уни ўқитиб, олий маълумотли қилсам, яхши жойлардан насиб қилса турмушга узатсам, ўзимни бахти бекам аёллардан бири деб ҳисоблайман.

- Актриса аёл бўлишнинг машаққатлари ҳам борми?

- Албатта, ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққатлари бўлиши табиий. Аёл санъаткорлар учун касб машаққатидан ташқари яна айрим савияси ва тушунчаси паст, аёл шаънини оёқ ости қилувчи кишилар тарқатадиган гап-сўзлар ҳам бўладики, уларнинг ёлғон миш-мишлари, ғийбатлари одамни эсанкиратиб қўяди. Актриса ҳам оддий бир аёл. Бундай зарбаларга дош бера олмаслиги мумкин. Шундай пайтларда у қатъиятли ва иродали бўла олса, ёнида уни тушунадиган, унга юпанч ва таянч бўла оладиган яқинлари бўлсагина, ана шундай машаққатларни енгиб ўта олади. Акс ҳолда унинг руҳияти синиб қолиши мумкин.

Қолаверса, санъат кишиси ҳамиша элнинг назарида бўлади. Ана шуни ҳисобга олиб ҳар доим ўз ҳурматимиз билан юришга интиламиз. Бу бизга катта масъулият юклайди. Умуман, аёл учун машаққатсиз ишнинг, касбнинг ўзи йўқ. Чунки, у ўз касбини бекаму кўст адо этиш билан бирга, аёллик бурчларини адо этиш, фарзандлари тарбияси билан машғул бўлиш каби қатор ишларнинг уддасидан чиқиши керак. Шу маънода аёлнинг иродаси, сабру-қаноатига ҳар қанча таҳсинлар айтса арзийди.

- Саҳнада ижро этган қайси ролларингиз ҳаё-тингизга яқин?

- Ёзувчи Усмон Азимнинг "Алпомишнинг қайтиши" драмасини саҳналаштирганмиз. Ушбу драма учун муаллиф 1999 йилнинг энг яхши драматурги деб эълон қилинган бўлса, мен ушбу спектаклда Ойбарчин ролини ижро этиб, Марказий Осиё ва Қозоғистон театрлари фестивалининг "Энг яхши аёл роли учун" номинацияси ғолиби бўлганман. Шунингдек, Насрулло Қобулнинг "Тўда" асаридаги Зули образини севиб ижро этганман. Ўзимнинг ҳаётимга энг яқин бўлган ролим драматург Нурилло Аббосхоннинг "Танҳо юлдуз" спектаклидаги Умида образи деб айта оламан. Аслида мен ижро этган ҳар бир роль менга фарзандимдек азиз. Чунки уни ўзим яратаман, ўзим тарбиялаб, камолга етказаман. Унинг муваффақиятли чиқиши, одамларнинг илиқ кутиб олиши менга чексиз қувонч бағишлайди.

- Устозларингиз, ҳамкасб ва шогирдларингиз ҳақида тўхталсангиз...

- Яхши устоз тарбиясини олмаган санъаткор ҳеч қачон юксак марраларни эгаллай олмайди. Устозлар борасида мен омади чопган актрисаман. Устозларим Ўзбекистон халқ артистлари Обиджон Саидбурхонов, Азизахон Аминова, Малоҳатхон Исақова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Баҳодиржон Маматхонов (охиратлари обод бўлсин), Ўзбекистон халқ артисти Ҳошимжон Олимжонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жавлон Тошхўжаев каби устозларнинг дуоларини олиб, улар билан бирга ишлашга мушарраф бўлдим. Шунингдек, ҳозирда елкадош бўлиб ишлаб келаётган Оҳистахон Маҳмудова, Ҳабибулло Солиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мавлудахон Бойматова, Ҳабибулло Юнусов, Муҳтасархон Йўлдошевадек маҳоратли устозлардан санъат сирларини ўргандим.

Шукрки, шогирдларимиз ҳам бизнинг изимиздан бориб, эл ҳурматини топишмоқда. Барнохон Собирова, Зафарбек Саидбурхонов, Барчиной Бойматова, Иброҳимжон Норматовлар санъат соҳасида ўз йўлини топиб улгурган. Улар эришаётган ютуқлардан беҳад қувонаман.

- Юртдошларимизга, газетамиз мухлисларига тилакларингиз.

- Энг аввало, ҳамиша юртимиз тинч бўлсин. Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлсагина, биз санъаткорлар ўз санъатимиз, чиройли спектаклларимиз билан халқимизга қувонч улашамиз. Кундан кунга юксалиб бораётган юртимизга асло кўз тегмасин. Мана шундай озод ва обод заминда яшаётган ҳар бир юртдошимизга, қолаверса, "Иқбол" газетаси мухлисларига энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шоду хуррамлик уларни ҳеч қачон тарк этмасин.

Суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош

Сожида САИДОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди