Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Кадриятларимиз

№39, 25.09.2014

Вилоятимизнинг муқаддас қадамжолари

"ТУЗЛУҚ МОМО" ЗИЁРАТГОҲИ

Балиқчи тумани Мирзабошичек қишлоғида жойлашган "Тузлуқ момо" деб аталувчи зиёратгоҳ ва унинг номланиши ҳақида турли ривоятлар бор. Уларга кўра, ушбу қутлуғ масканда қилинган илтижо ва дуолар ижобат бўлади. Шу боис, бу ерга одамлар турли хасталикларга шифо истаб, бефарзандлар фарзанд, йигит-қизлар эса ўзларига бахт сўраб, зиёратга келадилар.

Зиёратгоҳда "Тузлуқ момо" мақбараси ва бир хил ҳажмдаги иккита шифобахш булоқ мавжуд. Булоқларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, Яратганнинг қудрати билан ана шу булоқлар суви танасидаги ҳар хил тошмалардан азият чекаётганларни дарддан фориғ этади.

Собиқ иттифоқ даврида ушбу маскан "эскилик сарқити" сифатида бузиб ташланган. Истиқлол уни бизга яна қайтиб берди. Бугунги кунга келиб, Балиқчи туман ҳокимлиги ташаббуси ва ҳомийлар кўмагида зиёратгоҳ ободонлаштирилиб, кўркам қиёфага эга бўлди. Мақбара таъмирланиб, булоқлар тозаланди, атрофи чиройли кўринишга келтирилди, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилди. Кўплаб мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Чойхона, сўри ва суҳбатгоҳлар қад ростлади. Бу ерда республикамизнинг турли вилоятларидан келган зиёратчиларни учратиш мумкин. Улар муборак гўшанинг сўлим жойларида ҳордиқ чиқаришади, жонлиқ сўйиб, эҳсонлар қилишади.

Хўш, Тузлуқ момо ўзи ким бўлган? Халқ орасидаги ривоятларга кўра, момонинг номи Сулаймон пайғамбар билан боғлиқ. Одамлар орасида кенг тарқалган бир ривоятда шундай дейилади:

"Тахти Сулаймон ҳар сафар таҳорат олгани чиққанларида қўлидаги узугини ечиб, вазирга бериб қўяр эканлар. Кунлардан бир куни у таҳоратдан қайтиб вазирдан узугини сўрабди. Шунда вазир узукни қайтариб берганини айтибди. Буни эшитган Тахти Сулаймон ўйланиб қолибди:"Назаримда мендан бир гуноҳ ўтди-ки, узук мендан ғойиб бўлди". Аллоҳ унинг кўнглига сафарга чиқиш аҳдини солибди.

У оддий бир киши кўринишида узукни қидириб шаҳардан чиқиб кетибди. Узоқ йўл юрибди. Юриб-юриб ҳозирги Тузлиқ момо зиёратгоҳи жойлашган ерларга келиб қолибди. Бу ерда бир чол ва кампир ёлғиз қизи билан яшар эканлар. Шу яқин орада балиқчилар ҳам кун кечиришаркан. Тахти Сулаймон тез орада улар билан иноқлашиб кетибди. Кунлардан бир кун балиқчилар маслаҳатлашиб мусофир йигитни чол-кампирнинг қизига уйлантириб қўйишмоқчи бўлишибди. Балиқчилар бу гапни Сулаймонга айтишганида унга маъқул тушибди. Шундай қилиб,чол-кампирнинг қизини Сулаймонга никоҳлаб беришибди.

Сулаймон рўзғор тебратиш учун ҳар куни далага чиқиб ишлар экан, чор атрофни айланиб, ўтин терар экан. Кунлардан бирида бир кишидан бир дев Сулаймоннинг қиёфасига кириб вазирнинг қўлидан узукни олиб қўйганини, тахтга ўтириб олиб, шариатга тўғри келмайдиган фармонлар бераётганини эшитибди.

Саройда ҳақиқатдан ҳам ғалати воқеалар бўлибди. Вазирлар "Сулаймон"нинг ишларидан ҳайрон бўлишиб, ёқа ушлашибди ва уни Сулаймон эканлигига шубҳа қила бошлашибди. Улар дев ўтирган тахтни ўраб олишиб Аллоҳ номи билан дуолар ўқишибди. Шунда дев тахтни ташлаб, дарё томонга қочибди. Қўлидаги узукни эса дарёга улоқтирибди. Узук шу заҳоти балиқнинг оғзига тушибди.

...Сулаймоннинг дўстлари бўлган балиқчилар дарёга тўр ташлаб, "Шу тўрга илинган балиқни мусофир йигитга берамиз" деб ният қилишибди. Тўрга катта балиқ илинибди. Шунда балиқчилар Сулаймонни чақириб: "Тўрдаги балиқни ўз қўлларингиз билан олинг" дейишибди. Сулаймон балиқни олиш учун қўл чўзган экан, балиқ оғзидан узукни чиқариб ташлабди. Сулаймон ўз узугини таниб, қўлига тақибди. Шу пайт вазир ва уламолар, дев ва парилар ўтирган учар гилам Сулаймоннинг ёнига келиб қўнибди. Сулаймон тахтига қайтмоқчи бўлиб, учар гиламга оёқ қўйганида, хотини унинг оёқларига йиқилиб ёлворибди:

- Хожам, мени ташлаб кетманг, ўтинаман. Сизсиз менинг ҳолим нима кечади, - дебди. Шунда Сулаймон:

- Сиз шу ерда қолиб, бу жойларни обод қиласиз. Сиз обод қилган масканни зиёрат қилган беморлар дардига шифо топади. Фарзанд кўрмаганлар фарзандли бўлишади, дея дуо қилибди.

Сулаймон шундай деб учар гиламга чиқиб, учиб кетибди. Қиз эса шу ерда боғлар яратибди, обод масканга айлантирибди. Кўп ўтмай у одамларнинг кўз ўнгида тўсатдан ғойиб бўлибди. У турган жойда эса туз уюмига ўхшаш тепалик пайдо бўлган эмиш..." Шу-шу одамлар ушбу масканни "Тузлуқ момо" деб аташиб, бу ерни муқаддас қадамжо сифатида зиёрат қилишар экан. Ушбу маскан маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Барно ҲАЙДАРОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди