№40, 02.10.2014 ФИДОЙИ МУАЛЛИМА
Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидойилиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.
Булоқбоши туманидаги 30-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Бўтакўз Исоқова ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади. Ёшларнинг жонкуяр устози, уларнинг камоли учун фидойилик билан меҳнат қилаётган Бўтакўз Исоқованинг олиб бораётган ибратли фаолияти таҳсинга муносибдир.
Аввал Андижон педагогика билим юртини, сўнг педагогика институтини тамомлаган ёш мутахассис 1985 йилда тумандаги 17-мактабда ўз фаолиятини бошлади. 1990 йилдан эса ҳозирда ўзи ишлаётган мактабга ишга ўтади. Устозлари Шарофатхон Ғофурова, Саломатхон Туманова, Муқаддамхон Сотволдиевалардан касб сирларини ўрганди, билимларини бойитди. Мана қарийиб 30 йилдирки, самарали меҳнат қилиб, болажонларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўтган ана шу давр мобайнида юзлаб кичкинтойларга ҳарф танитди, ўқишни, ёзишни ўргатди.
Б. Исоқова меҳнат фаолияти давомида ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди. Ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди, услубий қўлланмалар ишлаб чиқди. Унинг илғор иш услубларини ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида турли йилларда тўрт марта бошланғич синф ўқитувчиларининг вилоят семинари ўтказилди.
Бугун Бўтакўз Исоқова ўз ишининг етук мутахассиси, моҳир мураббий сифатида эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор топган. Ўзининг ташаббускорлиги, интилувчанлиги, камтар ва касбига фидойилиги билан ҳамкасбларидан ажралиб туради. Ана шу фазилатлари, қолаверса, касбига, шогирдларга бўлган меҳр-муҳаббати, ҳар қандай вазиятда ҳам ўқувчилар кўнглига йўл топа олиши унинг меҳнат фаолияти самарали бўлишида муҳим омил бўлди.
Тиниб-тинчимас устоз дарсларни ноанъанавий усулларда ўтиш, ўқувчиларга пухта билим бериш, уларни миллий қадриятларимиз, истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида, соғлом ва баркамол тарбиялаш борасида доимий изланиб меҳнат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Бўтакўз Исоқованинг оиласи ҳам қишлоқдаги ибратли оилалардан бири. Турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандини олий маълумотли, эл-юрт корига ярайдиган комил инсонлар қилиб вояга етказди. Қизи Гулнозахон ҳам ўзидай ўқитувчи бўлиб, айни кунда самарали меҳнат қилмоқда.
Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Қолаверса, кимки ўз ишига фидойи бўлса, меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Чекка бир қишлоқнинг оддий бир аёли Б. Исоқова ҳам бутун фаолияти давомида фидойилик билан меҳнат қилди. Унинг меҳнатлари юртбошимиз томонидан муносиб тақдирланди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрами арафасида ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун Бўтакўз Исоқова ҳам бир гуруҳ юртдошларимиз қатори Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан "Дўстлик" ордени билан тақдирланди. Бу фидойи муаллимнинг меҳнатлари эътирофидир.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|