№40, 02.10.2014 Муборак айём
ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА ҚОИДАЛАРИ
Тез кунда бутун жаҳон мусулмонлари Қурбон ҳайити байрамини нишонлайдилар. Биз ушбу байрамнинг тарихи, қурбонлик қилишда нималарга эътибор бериш лозимлиги хусусида Андижон шаҳридаги "Қорақўр-ғон" жомеъ масжиди имоми Зуҳриддин Мусажонов билан суҳбатлашдик.
- Қурбон ҳайити байрами қандай байрам?
- Мусулмон оламининг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. "Ийд" сўзи арабчада "такрорланиш" деган маънони билдириб, байрамлар қайта-қайта келганлиги учун шундай ном берилган. Энг муҳими, икки ҳайит кунлари, хусусан, Қурбон ҳайитида Аллоҳ таолонинг хайру баракотлари замин ва бандалари узра ёғилади.
Ийди Қурбон ҳаж ибодатлари якунланиши муносабати билан ва Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади. Қурбонлик қилиш закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони Карим, ҳадиси шариф ва ижмоъ (уламолар ижмоъси) билан собитдир.
Аллоҳ таоло муборак каломида марҳамат қилиб шундай дейди: "Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва молларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир илоҳдир. Бас унгагина бўйинсунингиз ва (эй Муҳаммад) итоат қилувчиларга хушхабар беринг" (Ҳаж сураси, 34-оят).
- Қурбонлик қилиш кимларга вожиб ва қайси вақтда амалга оширилади?
- Баро ибн Озиб томонидан келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: "Батаҳқиқ, бугунги кундан бошлаб қиладиган ишимиз аввал ийд намозини ўқиш, сўнгра уйга қайтиб қурбонлик қилишимиздир. Кимда ким шундай қилса, у суннатга мувофиқ иш қилибди. Кимда ким намоздан олдин қурбонлик қилса, у оиласи учун тайёрланган оддий гўштдир, яъни қурбонлик эмас". Ушбу ҳадиси шарифга биноан, ҳайит намози ўқиб бўлингач, қурбонлик сўйиш бошланади. Шариатимиз кўрсатмасига мувофиқ, қурбонлик қилиш озод (яъни қул бўлмаган), мукаллаф (яъни балоғатга етган, ақлли), мусулмон, закот нисобига қодир кишиларгагина вожиб деб баён қилинган (Бу йилги закот нисоби 6 миллион 800 минг сўм деб белгиланган).
Қурбонлик сўйишнинг аввалги вақти ҳайит намозини адо этилгандан сўнг бўлиб, унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи кун аср вақтигача. Агар бирон кимса қурбонлик сўйишнинг охирги вақтигача нисоб пулга эга бўлса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Қурбонликнинг энг афзали қурбонлик қилувчининг ўзи сўйишидир. Агар ўзи сўйишни билмаса, бошқа одамга буюриш ҳам мумкин. Лекин сўйиш вақтида ҳозир бўлиш мустаҳабдир (савоби улуғроқдир). Расулуллоҳ (с.а.в.) қизлари Фотимага(р.з.): "Бориб қурбонлигингга шоҳид бўл, унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур", дедилар. "Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга - аҳли байтга хосми ёки оммаи мусулмонларгами?" дедилар Фотима (р.з.). Шунда пайғамбаримиз (с.а.в.): "Йўқ, оммаи мусулмонларгадир" деб жавоб бердилар.
Демак, ҳар бир бандага қилаётган қурбонлиги сўйилишига шоҳид бўлишлигининг савоби улуғроқдир.
- Қандай жониворлар қурбонлик қилиниши мумкин?
- Қурбонликка тўрт хил жонивор, яъни қўй (шохлиги ва шохсизи ҳам), эчки, туя, сигир каби ҳайвонларнинг эркаги ва урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, сигир 2 ёш, қўй ва эчки 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Қурбонлик учун сўйиладиган жонивор соғлом, семиз жонлиқ бўлиши лозим. Агар ўта озғин, сўйиладиган жойга боролмайдиган ҳолда чўлоқ, қулоғи, кўзи, думи ва думбасининг учдан биридан кўпроғи кесилган бўлса қурбонлик қилиш дуруст эмас. Ҳамма аъзоси бутун бўлиб, мажнун, шохсиз ёки бичилган бўлса ҳам қурбонлик қилса бўлади. Аммо қурбонлик ниятида бошқа жониворларни, паррандаларни сўйиш жоиз эмас.
- Қурбонлик гўштини тарқатиш тартиби қандай бўлади?
- Сўйилган қурбонликнинг учдан бир қисмини садақа қилиш, учдан бир қисмини едириш, учдан бир қисмини аҳли оиласи билан ейиш мустаҳабдир. Лекин сўйилган қурбонлик гўштининг ҳаммасини фақир, мискин, бева-бечораларга тарқатиб юборса ҳам бўлади. Серфарзанд бўлса, ҳаммасини оиласида ўз фарзандлари учун қолдириб қўйиш афзал. Мусулмон бўлмаган қўшниларга ҳам қурбонлик гўштидан бериш мусулмонлик зийнатидир.
Қурбонлик терисини сотиш, қассобга меҳнати эвазига бериш дуруст эмас, у фақир кишига садақа қилинади. Қассобга хизмат ҳақи алоҳида берилади, қурбонлик гўштидан ҳақ сифатида берилмайди. Қурбонлик қилиш вожиб бўлган кишилар қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қиймати даражасида садақа қилиши вожиб бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, барча мўмин бандаларни яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити байрами билан табриклаймиз ва қурбонлик қилгувчи мўминларнинг қурбонликларини Аллоҳ таоло даргоҳида қабул этсин.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Суҳбатдош Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|