№42, 16.10.2014 АНДИЖОНДА ХАЛҚАРО ИЛМИЙ СЕМИНАР
Бобур номли халқаро жамоат фонди биносида "Қадимги ва ўрта асрлар Фарғона водийси тарихи ва этнографияси муаммолари (Андижон ёдгорликлари мисолида)" мавзусида халқаро илмий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон - Хитой қўшма археологик комплекс экспедицияси ҳамда Бобур номли халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда республикамизда фаолият олиб бораётган, шунингдек, Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган археологлар, тарихчи олимлар, бобуршунослар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этдилар ҳамда Андижондаги археологик ёдгорликлар, у ерларда олиб борилаётган қазилма ва илмий-тадқиқот ишлари, Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан кейинги йилларда З. М. Бобур ҳамда халқимиз тарихидаги улуғ алломалар меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Анжуманда бир гуруҳ Ўзбекистон ва хитойлик археологлар томонидан Мингтепа археологик ёдгорлигида олиб бораётган илмий изланишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди. Мингтепа шаҳар харобаси қадимги Фарғона шаҳарсозлик маданиятининг намунаси эканлиги алоҳида қайд этилди.
Анжуманда мавзу доирасида мутахассислар томонидан қизиқарли маърузалар ўқилди. Маърузалар юзасидан савол-жавоблар бўлди, таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Якунда Бобур номли халқаро жамоат фонди ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида чоп этилган "Древний и средневековўй Андижан", "Андижон тарихи", "Бобур. Девон. Назм маҳорати", "Бобур ва бобурийлар библографияси", "Буюк соҳибқирон ўтган йўлларда" номли китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Бир сўз билан айтганда, анжуман Ўзбекистон заминидаги археологик ёдгорликлар жаҳон цивилизациясида ўзига хос ўрин тутиши, катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга эканлигини эътирф этилди.
Анжуманда вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари Ш. Шералиев иштирок этди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|