№42, 16.10.2014 Жараён
ҚИШГА КЎМИР ОЛДИНГИЗМИ?
ёхуд куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай бораётганлиги хусусида
Мана, куз фаслининг иккинчи ойи ҳам ўтиб, ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб бормоқда. Бу эса табиийки, қишга тайёргарлик мавсуми бошланди деганидир. Хўш, 2014-2015 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай кечмоқда?
Биз "Маҳалла" хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Иззатилло Хаджаев билан бу борада суҳбатда бўлдик.- Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари борасида маълумот берсангиз.
- Айни кунгача шаҳримиздаги 74 та маҳаллада, кичик даҳалардаги 719 та кўп қаватли уйлар ҳамда 16 МФЙ ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилди ва борилмоқда. Бунга кенг жамоатчилик жалб қилинган. Кўп қаватли уйларнинг том қисми, ертўлалари, коммунал хизмат, электр, газ, сув таъминоти кўрикдан ўтказилди. Юздан ортиқ кўп қаватли уйларнинг том қисми тўлиқ равишда замонавий қопламалар билан ёпилди, 20дан ортиқ кўп қаватли уйларда иситиш қозонлари ўрнатилди. Газ билан етарлича таъминланмаган маҳаллалар учун суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилди.
- Аҳолига кўмир етказиб бериш бўйича ҳолат қандай?
- Режа бўйича Андижон шаҳри аҳолиси учун 12000 тонна кўмир етказиб берилади. Кўмир сотиб олиш истагида бўлган фуқаролар МФЙларга мурожаат қилишлари мумкин.
- Битта оила қанча миқдорда кўмир олиши мумкин ва тўлов қандай амалга оширилади?
- Ҳар бир оила ўртача 500 килограммдан кўмир сотиб олиши мумкин. Тўлов эса нақд пул ёки пластик карточка орқали бевосита МФЙда амалга оширилади. Биринчи навбатда, кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож оилалар ҳамда газ таъминоти чекланган маҳаллаларга имтиёзли нархлардаги кўмир етказиб берилади.
- Мавсумга тайёргарлик доирасида яна қандай ишлар амалга оширилди?
- Яқинда "Исломобод" МФЙда аҳолининг ташаббуси билан маҳалла учун иситиш қозонхонаси қурилди. Бунда вилоят ҳокимлиги ва Марказий банк Андижон вилоят бўлимининг ҳиссаси катта бўлди. Бу янгиликнинг энг қулай томони, аҳоли бундай замонавий иситиш қозонхонасини банк кредити эвазига барпо этди. Фуқаролар бирданига йирик миқдордаги пулни йиға олмасликлари ҳисобга олиниб, банк томонидан тўрт йилга кредит ажратилди.
"Андижон кўмир етказувчи" унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи Алишер Мамажонов аҳолига кўмир етказиб бериш бўйича қуйидаги маълумотларни берди.
- Корхонамиз 2014-2015 йилги куз-қиш мавсуми учун кўмир келтириш ишларини аллақачон бошлаб юборган. Келтирилган кўмир навбат бўйича МФЙлар томонидан аҳолига тарқатилмоқда. Бир тонна кўмирнинг нархи 125100 сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, омборларимизда кўмир брикетлари ҳам мавжуд. Бир дона кўмир брикетининг оғирлиги уч килограмм бўлиб, нархи 770 сўм. Кўмир брикети узоқ ёниши билан ажралиб туради. Айни кунларда барча аҳоли ва бюджет ташкилотлари кўмир заҳираларини ғамлаб олишлари учун етарли имкониятлар яратилган. Вилоятимиз аҳолисининг совуқ кунларни хотиржамлик билан ўтказиши учун барча саъй-ҳаракатларни олиб бормоқдамиз.
Дилшодбек АСҚАРОВ ёзиб олди.
|