№42, 16.10.2014 Кечинма
ЮРАГИМ
Юрагим, сен ҳеч қачон оғринма. Сен ҳеч қачон яшашдан зерикиб қолма. Бу оламда фақат сенга бемалол суянишим мумкин. Ҳар қандай синов ва машаққатда ҳам сен ўзингни қўлга олишинг керак. Бирон-бир ташвиш сабаб кўз ёш тўкиб куйиниш, бу ожизларнинг иши. Чунки бир бор берилган умрда ҳасрат қилиб яшаш бефойда. Бизлар бир-биримизга суянч бўлмасак, тақдир устимиздан қотиб-қотиб кулади. Шунинг учун юракжон, мен хафа бўлган чоғимда сен мени юпат, кўз ёшимни арт. Сенга озор етказишса, мен сени овутаман. Ахир сени мендек, мени сендек тушунгувчи йўқ-ку оламда.
Тақдир синовларига бардош беролмасак, сабр-қаноат қилмасак, яхшиликка интилмасак, бахтнинг ўзи биздан юз ўгиради. Ён-атрофимиз гўзалликка бурканган. Сен ўзингни кўзинг билан эмас, ақл кўзи билан оламга назар ташла, юракжон. Шунда дунё нақадар чиройли эканини, яшаш нақадар тотли эканлигини англаб етасан. Ҳаёт фақат ташвишлардан иборат эмас. У берган неъматларнинг барча-барчаси мўъжизага ўхшайди. Буларнинг эса чегараси йўқ.
Аммо ҳамиша ҳам биз ўйлаган, биз орзулаган ниятлар амалга ошавермайди. Бунинг учун эса афсусланиш эмас, аксинча олға интилиш зарур. Оқ ва қора, эзгулик ва ёмонлик, нафрат ва муҳаббат ёнма-ён бу ҳаётда, олдимизга келаётган тўсиқларни енгиб ўтайлик. Ҳаётнинг, умрнинг қадрига етайлик, яқинларимизни юрагимизга яқинлигини эслатиб турайлик. Юракжон, меҳр меҳрдан сув ичади. Атрофимиз мўъжизага тўла. Фақат уларни кўра олсак, бас.
Хосият НИГОР.
|