№42, 16.10.2014 Ҳаёт манзаралари
"БАХТ НЕГА ОМОНАТ?!"
Ўқимишли, обрў-эътиборли оилада туғилиб, тарбия кўрган қиз бўлганимданми атрофимда мени ҳавас қилганлар, севги изҳор этган йигитлар, келин қилиш истагида бўлган оналар кўп эди.
Онам бир пайтлари пойтахтнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб қишлоғига қайтган, ниҳоятда камсуқум, тарбияли, жиддий, анча-мунча йигитни ёқтирмайдиган қиз бўлгани учун ёшлари ўтиб, йигирма етти ёшда отам билан турмуш қурганлар. Дадам ҳам олий маълумотли, илмли, одам қадрини биладиган, кўп нарсани тушунадиган инсон бўлса-да, негадир онам билан унчалик чиқиша олмасди. Баъзан улар арзимаган нарсаларни деб узоқ тортишадилар. Шунинг учунми, онагинам биз қизларини айни фурсатида узатишни, ўзи хоҳлаган, орзусидаги инсон билан турмуш қуришини истардилар. Айниқса, биз балоғат остонасига қадам қўйган пайтларимиздан бошлаб, онам бу гапни кўп таъкидлайдиган бўлдилар.
Мактабни тамомлаб, ўзим истаган соҳа мутахассиси бўлиш учун ўқишга ҳужжат топширдим. Ота-онамнинг дуолари, қолаверса, мактабда аъло баҳоларга ўқиганим самарасини бериб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтдим, талабалар сафига қабул қилиндим.
Талабалик давримда бўлажак турмуш ўртоғим билан танишдим. Менга имтиҳонларда ёрдам берган йигит билан анча яқинлашиб қолдик. У йигит ҳам ўзимизнинг вилоятдан, қўшни тумандан эди.
Уни-ку билмадим, аммо мен Собиржон акани илк кўрганимдаёқ севиб қолган эдим. Биз факультетда доимо бирга юрардик. Кўрганлар муносабатларимизга, муҳаббатимизга ҳавас қилишарди. Қишки таътилга келганимизда бизни унаштириб қўйишди. Ўшанда мен биринчи курсда, Собиржон ака эса магистратурада ўқирдик. Икки йилдан кейин тўйимиз бўлди. Очиғини айтишим керак, дунёда мендан-да бахтли инсон йўқ эди. Мен гўё бахт аталмиш қасрнинг маликаси эдим.
Қайнотам, эримнинг кўмаги билан ўқишни тамомладим. Йигирма бир ёшимда ҳам дипломли, ҳам фарзандли бўлдим. Бахтимнинг қуёши тобора чарақлаб, унинг ёрқин нурлари кўзларимни қамаштириб борарди.
Тўнғичим икки ёшга тўлиб тўлмай иккинчи қизалоғим дунёга келди. Гўдагимнинг пойи қадами билан дадасининг ишлари янаям юришди, унга юқори амал тегди. Бу орада қайнотам бизга деб қурдирган шаҳардаги ҳовлига кўчиб ўтдик. Уйимиз ниҳоятда ҳашаматли эди. Ҳаётидан доим нолиб юрадиган онам менинг иқболимдан, бахтимдан беҳад мамнун эдилар. Дугоналарим менга ҳавас билан қарашарди.
Ўша кезларда саодат офтоби нуридан қамашган кўзларим, бахтиёрлик суруридан кибр ғубори қўнган қалбим, Яратганнинг ҳар бир инъоми, ҳар бир туҳфаси синов эканини, машаққат ва қийинчиликларсиз келган бахт омонат бўлишини, шодмонлик ортидан келган ғам-қайғуни енгиш анча мушкул бўлишини англамаган экан.
Мен бир умр ана шундай шодлик ва бахтиёрликда яшайман, деб хаёл қилган эканман. Минг афсуски, кейинги пайтларда Собиржон акамнинг ўтириш-зиёфатлари кўпайгандан кўпайиб, уйга ярим тунда, баъзан тонгга яқин оёғида туролмайдиган даражада маст бўлиб келадиган одат чиқарди. Ўзига келгач, бунақа ишларининг охири ёмон бўлишини тушунтирган кезларим ҳам, икковимиз тортишиб жанжаллашган кезларимиз ҳам бўлган. Келгунларича минг бир хаёлда юрак ҳовучлаб ўтирардим. Бир оқшом болаларим билан дастурхон бошида ўтиргандим. Телефоннинг чинқириғидан бир чўчиб тушиб совуқ хабарни олдиндан сезгандай қўрқа- писа телефонни кўтардим. Гўшакдан қайнимнинг йиғламсираган овози эшитилди:
- Келин ая, ҳозир айтадиган гапимдан қўрқманг. Биз ҳаммамиз касалхонадамиз. Собир акам аварияга учрабди...
Қолган гаплар қулоғимга кирмади. Гўшакни ташлаб, бор овозим билан йиғлаб юбордим. Менга қўшилиб қизларим ҳам йиғи бошлашди. Мен Собир акамдан айрилиб қолдим, деб ўйладим. Дарҳол шаҳарда ўқийдиган укамга телефон қилиб чақириб олдим. Қизларимни унга ташлаб касалхонага югурдим.
Мендан бошқа ҳамма шу ерда экан. Қайнонам йиғлайвериб ҳолдан тойган, қайнотамнинг қадди басти чўкиб қолган. Қайнукаларим, эримнинг ошна-оғайнилар абгор қиёфада ўтиришибди. Ҳаммаси мендан кўзини олиб қочади. Дод-вой, тўполон қилиб эрим ётган хонага кирдим. Кирдиму... ҳаммаёғи дока билан ўраб ташланган, беҳуш ётган эримни кўриб ўзимдан кетиб қолибман...
Собиржон акам икки кундан кейин кўзини очди. Ўшанда ҳам бир сўз демади. Шифокорлар озгина умидимизни ҳам тобора йўққа чиқаришар, беморимизнинг соғлиги ҳақида саволимизга ҳаммаси вақтга боғлиқлигини билдириб жавоб бериш билан кифояланишарди. Бир ҳафтада чўпдай озиб, сочларимга оқ оралади. Сочларимни юлиб, бошимни деворга уриб йиғладим. Айниқса, дўхтирлар, "тайёргарликларингни кўраверинглар. Саноқли кунларгина умри қолган. Ҳеч қандай умид йўқ. Умуртқа поғонаси қаттиқ шикастланиб, бош мияга оғир жароҳат етган" деганда, ҳаётимга ўт тушди.
Бор будимизни сарфлаб Собиржон акамнинг ҳаётини асраб қолдик. Аммо у фақат тирик. Бундан ортиқ эмас! Юрмайди, ўрнидан турмайди. Қўлини ҳаракатлантира олмайди. Фақат тирик. Авваллари шунга ҳам рози эдим. Лекин негадир кейинги пайтларда феълимда қандайдир ўзгариш сезяпман. Собиржон акамга қараш, ногирон эр билан яшаш менга оғирлик қиляпти, назаримда. Ўйланиб қоламан гоҳида, мен ўша Собир акамсиз бир кун ҳам яшолмайдиган аёлманми?! Ёки юрагидаги ҳис фақат бойликка, тўкин ҳаётга эришиш бўлган аёлмидим?
Билмадим... Лекин мен ортиқ ногирон эр билан яшолмайман. Сабр-бардошим чок-чокидан сўкилиб кетяпти. Айни орзу-ҳавас кўриб, роҳат-фароғатда яшашим керак дамларимни майиб эрнинг кўзига қараб ўтказаманми? Менинг бу туйғуларим ҳеч кимни қизиқтирмайди, мени ҳеч ким тушунмайди ҳам!
Бундан буёғига қандай яшашни билмайман. Фикримни жамлаб, бир тўхтамга келишим керак. Аммо ўша "бир тўхтам" менга қандай келажак ваъда қилади. Буниси ҳам менга қоронғу. Англаганим шу бўлдики, одамзот ҳаётида бахт билан бахтсизлик ҳамиша ёнма-ён бўларкан. Бироқ унинг қай бири узоқроқ давом этиши кишининг ўзига боғлиқ экан.
Фариданинг изтиробларини оққа кўчирувчи
Рухшона ФАРРУҲ.
|