№43, 23.10.2014 Партиялар ҳаётидан
O'ZLIDEP ВИЛОЯТ ТАШКИЛОТИ КОНФЕРЕНЦИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ
З. М. Бобур номли Андижон давлат университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилоят ташкилотининг VI конференцияси бўлиб ўтди.
Унда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, вилоят кенгаши фаоллари, туман ва шаҳарлардан сайланган делегатлар иштирок этдилар.
Конференцияда вилоят партия ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлардаги иштирокини таъминлаш борасида партия ташкилотининг вазифалари ҳамда партия съездига делегатлар сайлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Анжуманда партия вилоят кенгаши раиси Толибжон Мадумаров партиянинг ҳисобот даврида олиб борган фаолияти, эришилган ютуқлар, галдаги вазифалар хусусида гапирди. Сўнг иштирокчиларни "Кучли ўрта синф - мустаҳкам, рақобатдош иқтисодиёт мамлакат равнақи демакдир" деб номланган сайловолди дастури лойҳаси билан таништирди. Унда партиянинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, жамиятимиз олдида турган муҳим масалаларни халқимиз, авваламбор тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар манфаатини кўзлаб ҳал этиш, мустақил Ўзбекистон равнақи, ушбу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсоннинг турмуш фаровонлигининг изчил ўсиб бориши учун хизмат қиладиган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги фаол иштирокини таъминловчи муҳим йўналишлар ўрин олганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш орқали мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланганлиги таъкидланди.
Конфиренцияда жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари борасидаги вазифалар ҳам кенг муҳокама этилди.
Конференция якунида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал - демократик партияси съездига делегатлар сайланди.
Дилшодбек АСҚАРОВ.
|