№43, 23.10.2014 ИШЛАР САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ
З. М. Бобур номли вилоят мусиқали комедия ва драма театрида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Андижон вилоят кенгашининг III конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, вилоят кенгаши фаоллари, туман ва шаҳарлардан сайланган делегатлар, партиянинг "Аёллар қаноти", "Ёшлар қаноти" фаоллари иштирок этган конференцияда ЎзМТДП Андижон вилоят кенгашининг 2010-2014 йиллардаги фаолияти, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, партиянинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш борасида олиб борилган ишлари сарҳисоб қилинди. Шунингдек, партия Марказий кенгашининг III създига делегатлар сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
Анжуманда партия вилоят кенгаши раиси Комилжон Отахоновнинг, шунингдек, тафтиш комиссияси раисининг ҳисоботлари эшитилди.
Музокараларда партиянинг ҳисобот давридаги фаолиятига холис баҳо берилиб, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, эришилган натижалар салмоғини янада кўтариш мумкинлиги, миллий қадрият ва анъаналаримизни бойитиш, истиқлол ғояларини мустаҳкамлаш, миллий мафкурани шакллантириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда партия ва партия аъзолари томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида гапирилди. Хусусан, ана шу давр мобайнида партиядан сайланган депутатлар ва фаолларнинг ташаббуси билан мамлакатимизга 30 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция киритилганлиги, турли йўналишларда 22 та лойиҳа амалга оширилганлиги, бунинг натижасида 3000дан ортиқ янги иш ўринлари яратилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Конференцияда кенгашнинг "Аёллар қаноти", "Ёшлар қаноти" фаолиятларини янада кучайтириш, электорат манфаатларига бевосита дахлдор бўлган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий масалаларга доир партиянинг позициясининг кенг тарғиб қилиш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Анжуманда жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга пухта ҳозирлик кўриш, депутатликка муносиб номзодларни кўрсатиш, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бориш билан боғлиқ ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Якунда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгашининг навбатдаги съездига вилоятдан делегатлар сайланди.
Гулжаҳон САЛИБОЕВА,
ЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби.
|