№43, 23.10.2014 Ҳикоя
ОНАМДАН АЗИЗ ИНСОНИМ ЙЎҚ
Хожасидан айрилганидан сўнг, ундан ёдгор қолган ёлғиз ўғлини кипригида асраб-авайлаб улғайтирди. Қаттиқ меҳнат қилди, ишлади, фарзандини бировдан кам қилмасликка тиришди. Онанинг орзуси - ўғли улғайиб катта ўқишларда ўқиб, эл-юртга фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишиши эди. Бу орзу йўлида неки қийинчилик келса, ҳаммасини сабр билан енгишга ҳаракат қилди.
Тунларни ана шу орзунинг ширин хаёллари билан ўтказарди у. Ёш эди, гўзал эди. Унга уйланиш таклифи билан оғиз солганларни кескин рад этди; ўғлини бегоналар остонасида ўкситишни истамади. Одамларнинг кирини ювди, уйини тозалади, ўғлини ҳеч нарсага зориқтирмади. "Ўғлим албатта ўқийди. Катта одам бўлади, обрўли инсон бўлади. Мен у билан фахрланиб, умримнинг охиригача ўғлим билан яшайман" деган орзулар билан ўтарди кунлари.
Орзу астойдил қилинса, унга эришиладиган йўллар ҳам ёришиб бораверар экан. Ниятда гап кўп экан. Ният хайрли бўлса, оқибат ҳам бахайр бўлар экан. Ниҳоят ўғли ҳуқуқ олий ўқув юртида ўқиди. Мутахассислиги бўйича ҳужжат олиб, ҳокимлик идорасида масъул лавозимга тайинланди. У ўғлини чиройли кийим-бош, бўйинбоғ таққанини кўриб, йиллар давомида чеккан заҳматлари, тортган азоб-уқубатларини буткул унутиб юборди. Ўғлининг гап-сўзи, қош-кўзи, бўй-басти раҳматли эрига жуда ўхшайди. "Отангга ўхшаган мард, ҳалол, бир сўзли инсон бўл, одамларга зулм қилма, виждонингга қарши борма, ҳар ишда отангнинг изидан боргин. Аммо умринг отангга ўхшамасин, умринг баракотли, ризқинг бутун, мартабанг улуғ бўлсин, ўғлим" дея ўғлининг биринчи иш куни дуолар билан уни ишга кузатди. Ортидан сув сепиб, йўли ойдин бўлишини тилади. Яқин-ёндош хонадонлардаги болаларга ширинликлар тарқатиб, ўғлининг топган тутгани яхшиликларга, ширинликларга сарфланишини Аллоҳдан сўради.
Энди севинчидан еру кўкка сиғмаётган онанинг орзуси ўғлининг бахти томон бўйлади. Ажабо, орзулар ҳам серфарзанд бўлар экан-да. Бир пайтлари ўғлининг катта ўқишларда ўқишини, ишга хизмат машинасида боришини орзу қилиб Аллоҳга ёлворарди. Энди муҳаббатидан қолган ёлғиз ёдгорига муносиб қайлиқ учрашини сўраб туну кун тили илтижода тинмайди. Аллоҳнинг фазлу марҳамати беҳисоб экан- худди ўзи истаганидай ўғлига муносиб қиз топилди. Гўзал, келишган, ёш ва бадавлат, обрў-эътиборли оиланинг фарзанди. Она келинликка танлаган қизининг зоҳирий гўзаллигига мафтун, унинг ички олами, маънавий дунёсидан бехабар эди. Хурсанд эди у, яна ширин хаёлларга эш бўлиб ўзининг келинлик дамларини эсларди. Сўнг хаёлларни йиғиштириб ўғлининг тўйини катта қилиб ўтказишни, овозаси бир қанча пайт одамларни лол қилдиришини орзу қиларди. Тўй арафасида ўғли янги уй сотиб олди. Кўзларидан севинч ёшлари тинмай, она янги уйнинг қайси хонасида ўзи яшашини, қайси хонасида невараларини ўйнатишни орзу қилиб шошарди.
Никоҳ кунига бир ой қолган эди. Куёв бўлмиш қайлиғи билан бирга уй учун зарур мебел ва ошхона ашёлари сотиб олиб, уй безатиш билан овора эдилар. Бир куни жиҳозларни жойлаштираётганларида нишонлиси куёв бўлмишдан сўради:
- Жаҳон, уй жуда чиройли бўлди. Мамнунман. Лекин ахлат идишини қайга қўямиз?
- Ҳайҳотдай уйда ахлат идишини қўядиган жой тополмадингми?- Йигит ҳайратланиб сўради. - Ошхона пештахтасининг тагига қўй.
- Йўқ, у ерга қўйиб бўлмайди.
- Унда айвонга қўй!- Йигит шугина нарса учун майдалашаётган қайлиғидан жаҳли чиқиб қаттиқ оҳангда гапириб юборди.
- У ерга ҳам қўйишнинг иложи йўқ-да!- Қиз ҳам оҳангни дағаллаштирди.
- Ё, тавба, бир ахлат идишини қўядиган жой тополмай муаммо қиляпсанми?!
- Уни айтмаяпман, Жаҳон,- истеҳзо билан кулди қиз.- Онангни айтяпман, онангни!..
Қизнинг оғзидан чиққан жумлалар йигитнинг дилига наштардай ботиб, миясини ўқдай тешиб ўтди. Бутун борлиғини унга бағишлаган, унинг келажаги учун бировларнинг хизматини, меҳнатини қилган онасини ахлат идиши ўрнида кўряптими бу қиз? Демак, бу уйнинг ахлат идиши онаси экан-да!?.. Оҳ жафокаш, заҳматкаш аёл, оҳ дилпора, фидойи она! У онасини жон қадар яхши кўради, шу пайтгача дунёдаги жамики эзгуликларни фақат онасига раво кўриб яшади. "Онамнинг олдида умрбод қарздорман, то тирикман, хизматидан бўйин товламайман" деб астойдил ўзига уқтирарди. У умр йўлдошликка танлаган қиз эса онасини "ахлат идиши" деяпти. Бу қандай ноҳақлик? Бу қиз билан қандай қилиб ҳаёт йўлида давом этади?..
Қизга ортиқ бир сўз демади. Уй ишларини ниҳоялаб, онасининг олдига борди. Бўлғуси келинининг ношойиста феъл-атворидан бехабар она, келин-қиз билан ўғлини роса дуо қилиб, алқади. Ўғил онасига уйда бўлиб ўтган гапларни айтмай, сирти кулиб, ичи йиғлаб жим юрди. Ниҳоят тўй куни ҳам келди. Аъло даражада тараддуд кўрилган, тўй уловлари шоҳона безатилган. Ёшу қари гўзал ва бахтиёр жуфтликнинг хайрли кунида ҳамроҳ бўлишни истаб, никоҳни қайд этиш маҳкамасига тўпланган. Мудир келиндан сўради:
- Қизим, Аҳмад ўғли Жаҳонни завжаликка қабул қиласанми?
- Ҳа. - Қизнинг жавоби жўшқин ва қувноқ чиқди.
- Яхши. Ўғлим, сен Зайнаб қизи Зелиҳани завжаликка қабул қиласанми?
- Йўқ! - Куёвнинг жавоби кескин ва қатъий чиқди.- Қабул қилмайман!- Бу овоз маҳкамани оёққа турғизди. Кимдир ҳайрат, кимдир ғазаб билан Жаҳонга тикиларди. Мудир ҳам бундай ҳолатга биринчи марта тушаётгани сабабли, ҳайрон қолди. Сўнг сўради:
- Шу пайтгача қаерда эдинг? Тўй кунигача ўйлаб бир қарорга келсанг бўлмасмиди?
- Жанобим, мени афв этасиз. Ҳозир бунинг боисини эшитасиз. Мен жуда кичкиналигимда отам вафот этиб, онамнинг қўлида қолдим. Онам кўча-куйда одамларнинг юмушини бажариб, қора меҳнатдан бўйин товламай мени боқди, ўстирди, тарбиялади. Ўзи емаган егуликларни едирди, ўзи киймаган кийимларни кийдирди. Катта одам бўлишимни, обрўли ўқишларда ўқиб, катта идораларда ишлашимни истади. Ўқитди, касбли-корли қилди. "Келин оламан, ўғлимни жуфт қилиб бахтини кўраман" деб сарпо йиғди, тўй бошлади. Мана бу қиз эса - у келин либосида ўзига ҳайрат ва кўз ёш билан қараб турган қизга бармоғини ниқтади,- онамни, мана шу жафокаш онагинамни "ахлат идиши" деди. Бу ёруғ дунёда онамдан бошқа азиз инсоним йўқ. Менга онамни одам ўрнида кўрмай, ахлат идишига менгзайдиган қизнинг кераги йўқ. Ундан кўра бу дунёда тоқ ўтганим бўлсин!- Ўғил шундай дея, йиғлаганча онасини бағрига босди. Йиғилганлар қизга нафрат билан тикилдилар. Йигитни эса "ўзига муносиб, онасини қадрлайдиган жуфт тақдир қилсин" дея дуо қилиб қолдилар. Йигит онасининг кўзёшларини артиб, елкасидан қучиб етаклаганча маҳкамадан чиқиб кетди.
Бир аҳволда қолган қиз шармандаликдан бош кўтаролмай қолди. Мана орадан йигирма йилдан ошиқ муддат ўтди, аммо ўша қиз ҳалигача турмуш қурмади...
Заҳро КАНОР.
Туркчадан Умида АДИЗОВА таржимаси.
|