№44, 30.10.2014 "СОҒЛОМ ҒАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.
Жараён
СУВ - БЕБАҲО БОЙЛИК
Сув - ҳаёт манбаи. Ана шу бебаҳо неъматсиз инсоният ҳаёт кечира олмайди. Қолаверса, мамлакатимиз иқтисодиёти, хусусан, қишлоқ хўжалигини оби-ҳаётсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис ҳам халқимиз сувни ҳамиша қадрлаб келган. Бугунги кунга келиб эса сувнинг ҳаётимиздаги аҳамияти, ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда.
Республикамиздаги мавжуд сув ресурсларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи, маълум бир қисми эса бошқа соҳалар ва истеъмол учун сарфланади. Сувга бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда мавжуд сув ресурсларини тежаш, улардан ўринли ва оқилона фойдаланиш ўта муҳим масала ҳисобланади. Бу борада республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётган Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари томонидан бажарилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш лозим.
Андижон вилояти, Балиқчи туманида айни кунда 9 та ана шундай уюшма фаолият кўрсатади. Туманнинг Бўстон агромассивидаги "Аралхон - Зарбулоқ" сувдан фойдаланувчилар уюшмаси намунали фаолият олиб бораётган уюшмалардан биридир.
- Уюшмамиз томонидан сувдан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда, - дейди "Аралхон - Зарбулоқ" сувдан фойдаланувчилар уюшмаси раҳбари Маҳмуджон Эрматов. - Бугунги кунда ҳудуддаги 45 та фермер хўжаликлари ерларига, шунингдек, Аралхон, Арчазор маҳаллаларидаги 1245 та аҳоли хонадонига сув етказиб берилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сувга бўлган талабнинг йилдан-йилга ортиб, сув ресурсларининг камайиб бориши мавжуд сувнинг ҳар томчисидан самарали фойдаланиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилишини тақозо этмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, уюшма томонидан ҳудуддаги ариқ, зовур ва лотоклар тозаланмоқда. Шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларига хўжаликлар тасарруфидаги суғориш тармоқлари, сув иншоотларини сифатли таъмирлаш, ариқларни механизм ёки қўл кучи билан лойқалардан тозалаш орқали хўжалик ички суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффицентини ошириш, тармоқда сувнинг беҳуда йўқолишини камайтириш, экинларни суғоришда тежамкор усуллардан фойдаланиш бўйича тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
Кўп йиллик тажрибага эга 6 нафар малакали мутахассис фаолият олиб бораётган мазкур уюшма фермер хўжаликлари ва аҳоли билан тузилган шартномаларга асосан ўз зиммасидаги мажбуриятларни тўла бажариб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида истеъмолчиларга 1400 кубометрдан зиёд миқдорда сув етказиб берилди.
Халқимизда "Сув - зар", "Бир томчи сув олтиндан қиммат", "Сув - бебаҳо бойлик" деган иборалар бежиз айтилмаган. Сувнинг ҳаётимиздаги ўрни нечоғли муҳим эканлигини, сувдан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлигини ҳар бир юртдошимиз англаб етиши лозим. Бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтаришда сувдан фойдаланувчилар уюшмалари хизмати шубҳасиз, каттадир.
Барно ҲАЙДАРОВА.
|