№44, 30.10.2014 Ҳаёт - ибрат мактаби
ОТАНИНГ МЕҲРИ ТОҒ КАБИДИР
Телефон жиринглади:
- Алло, эшитаман?
- Яхшимисан болам, юрибсанми? Қўнғироқ ҳам қилмайсан-а?
- Ассалому алайкум, дадажоним. Соғлигингиз яхшими?
- Яхшиман, ўзинг яхшимисан, йиқилиб тушибди деб эшитдим. Ёмон тушмадингми, ишқилиб, эҳтиёт бўлиб юргин-да, болам.
- Йўқ , сал тойилдим, холос. Анча тузукман, дада.
Йиқилганимни айтмагандим. Уйга боролмайман деб укамга айтгандим. Укамдан эшитган чоғи. Ўзи касал, ҳоли бир танг, лекин фарзандига жонфидо...
Онам ўтди. Дадажоним онам меҳрини ҳам бизга бермоқчи бўлади. Ҳамиша биз - фарзандларини ўйлайдилар.
Фақат оналаргина фарзандига меҳрибон бўлади дейиш бу нотўғри. Отадаги меҳр тоғ қадар баланддир. Ўзбекларда фарзандлар, айниқса, қиз бола кичиклигидан ҳурмат сақлаб, дадаси билан оналар орқали гаплашишади:
"Қизинг қани, нимага ярим кечада келади, огоҳлантириб қўй. Гапирсам қаттиқ гапириб қўяман. Уйга эртароқ келсин".
Гоҳида шундай хаёллар оталарга ҳеч тинчлик бермайди: "фарзандларимга уй солиб берсам, ҳовлини боғ-роғ қилсам, мол-қўйи бўлса, бекам яшаса..."
Барчасини оталар бажаради. Оналар йўл кўрсатувчи. Фарзандлар кўпроқ онасига сирдош бўлади. Кўнглидаги гапларини оналар оталарга етказадилар. Баъзан бирор ножўя иш қилсак онам: "Дадангга айтаман", деб қоларди. Биз болалар ўша ишни қайта қилмасликка ҳаракат қилардик. Чунки отанинг ҳурмати катта-да.
Оталар улуғ зот. Ота-онамиз ҳамиша уйимизнинг тўрини тўлдириб турсин. Ахир улар борлиги учун хонадонимиз файзли ва нурлидир.
Мастура НАСРИДДИНОВА.
|