Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№45, 06.11.2014

Фаол аёлларимиз

МЕҲНАТ БАХТ КЕЛТИРАДИ

Ҳар куни хонадонларга бирма-бир кириб чиқувчи Муқаддамхон опа Соиповани янгисорликлар хушфеъл, меҳрибон ва ўз ишига талабчан аёл сифатида яхши танишади ва ҳурмат қилишади.

Айниқса, баҳорда ипак қурти боқиш билан шуғулланувчилар ундан билмаганларини сўрайдилар, ўрганадилар. У ҳам барчанинг кўнглига қарашга, қўлдан келганча уларга ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилади.

Пиллачилик катта меҳнат талаб қиладиган соҳалардан бири. Пилла етиштирувчи кишилар унинг оғир заҳматини яхши биладилар. Митти қуртни саватга жойлаб уйга олиб келган онахонлар деярли бир ой қуртхона атрофида парвона бўладилар. На уйқуни, на оромни биладилар. Чунки ипак қурти ўта нозик бўлиб, хонада ҳаво айланиб туришини, бир хил ҳароратда сақланишини талаб қилади. Суткасига 12-14 марталаб озуқа бериб турилади. Айниқса, тонг саҳарда туриб, озуқа, яъни тут барги келтиришнинг ўзи бўлмайди. Қуртхоналарни кенгайтириш, ғонларни сийраклатиш, сўкичак остига тушиб қолган қуртларни териб олиш каби юмушлар ана шу оғир, машаққатли ишнинг бир томони холос. Бундай ишларни қилиш учун сабр-матонат, қунт ва ирода керак. Муқаддамхон опа асли Жалақудуқнинг Капа қишлоғидан. Отаси Абдуллажон тоға ва онаси Тўпашхон ая узоқ йиллар жамоа хўжалигида ишлаган. Муқаддамхон опа 8 фарзанднинг иккинчиси. Болалигида дадаси уни шифокор бўлишини орзу қилса-да, ҳеч қандай меҳнатдан қочмайдиган, айниқса, дала ишларини қилишда йигитлардан ҳам ўтадиган қиз мактабнинг юқори синфларида ўқиб юрган кезларида пиллачилик соҳасига қизиқиб қолди. Мактабни битирган йили Муқаддамхон ота-онаси билан маслаҳатлашиб, жамоа хўжалигига пилла етиштириш учун ариза беради. Абдуллажон ота қизининг ана шу ишидан кўнгли тўлиб, уни қўллаб-қувватлади. Бутун оила ипак қурти боқишга қизиқиб қолди. Шижоат ва қизиқиш билан қилинган ҳаракат яхши самара берди. Ўша йили ўн беш грамм қуртдан 65 килограмм пилла олинди.

Мана, ўшандан буён ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтибдики, Муқаддамхон опа ҳар йили ипак қурти боқади. М.Соипова ишдан ажралмаган ҳолда Тошкент давлат аграр университетининг агрономия факультетини тамомлади. Аввалига жамоа хўжалигида ишлади, ҳозирда эса Жалақудуқ туман "Пилла" давлат корхонасида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Йиллар давомида қилинган тинимсиз меҳнатлар бесамар кетмади. Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида Президентимиз фармонига асосан Муқаддамхон Соипова қишлоқ хўжалигини юксалтириш, хусусан, пиллачилик соҳасидаги фидокорона хизматлари, ҳалол меҳнати учун "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи" фахрий унвони билан тақдирланди.

Ҳалол меҳнат ортидаги ризқ-насиба ҳамиша тотли бўлади. Меҳнати қадрланган инсон эса ўзини ҳамиша бахтли санайди. Қаҳрамонимиз ҳам ҳалол меҳнати ортидан ҳурмат, обрў ва энг асосийси, бахт топган аёлдир.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди