№46, 13.11.2014 "ОРАСТА ҚИЗЛАР" тўгараги фаолиятидан
ОРАСТА, ОҚИЛА ҚИЗЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА
Юртимизда қизларнинг илмли, зукко, оқила ва доно бўлишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Бу борада уларга маҳаллаларда, таълим муассасаларида ташкил этилган "Ораста қизлар" тўгараклари яқиндан ёрдам бермоқда.
Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицейда ҳам "Ораста қизлар" тўгараги самарали фаолият олиб бормоқда ва у ўқувчи қизларнинг севимли даргоҳига айланган.
Тўгарак раҳбари, лицей бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Маъмурахон Бозорова ташаббуси билан бу ерда қизлар ўртасида долзарб мавзуларда давра суҳбатлар, семинарлар, қизиқарли кечалар ташкил этилмоқда. Ўтказилаётган ана шу тадбирлар ўқувчи қизларнинг маънавиятини, ахлоқий қарашларини, муомала маданиятини юксалтиришга, орасталик, оилавий ҳаёт, шунингдек, соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини оширишга ёрдам бермоқда.
Жумладан, лицей маъмурияти билан ҳамкорликда қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш кўникмаларини шакллантириш, витаминларга бой бўлган маҳсулотлардан турли салатлар ва таомлар тайёрлашни ўргатиш мақсадида ўтказилган "Бекажон бекати" тадбири, "Одоб - инсон зийнати" мавзусидаги илмий амалий семинар ҳамда "Ахлоқ ва руҳият" мавзусидаги семинар барчада катта қизиқиш уйғотди.
"Бекажон бекати" тадбири доирасида қизлар турли пишириқ ва салатлар тайёрлашни ўрганиб олган бўлсалар, "Одоб - инсон зийнати" мавзусидаги илмий-амалий ҳамда "Ахлоқ ва руҳият" мавзусидаги семинарларда иштирок этган руҳшунос мутахассислар мавзу юзасидан ўқувчиларга кенг маълумотлар берди. Қизиқарли савол-жавоблар, баҳс-мунозараларга бой бўлган ана шу тадбирлар ўқувчиларнинг мавзу доирасидаги билимларини янада бойитди.
Дарҳақиқат, юқорида таъкидланганидек, "Ораста қизлар" тўгараги ўсмир қизлар учун оила ва ҳаёт ҳақидаги тушунчаларини бойитишда ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда.
- Тўгарагимизнинг асосий вазифаси ўсиб келаётган ёш авлодни, яъни қизларимизни мустақил ҳаётга, турмушга тайёрлаш, уларнинг пазандалик, орасталик борасидаги билимларини амалий жараёнлар билан янада мустаҳкамлашга кўмаклашиш, - дейди тўгарак раҳбари Маъмурахон Бозорова. - Қолаверса, қизларимизни одоб-ахлоқ меъёрлари, соғлом турмуш тарзи қоидаларига қатъий амал қилиш борасидаги кўникмаларини бойитиш, юксак маънавиятли инсонлар бўлиб камол топишлари учун зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
Ҳа, бу борада ўтказилаётган юқоридаги каби тадбирлар, шубҳасиз, ўзининг ижобий самараларини беради.
Зилола РАҲМОНОВА.
Суратда: тадбирдан лавҳа.
|