Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№46, 13.11.2014

Бугуннинг гапи

ИНТЕРНЕТ ДОМИДАГИ БОЛАЛАР

Бугун бутун дунёни қамраб олган интернет тармоғининг имкониятлари эзгулик манфаатларига хизмат қилиши билан бирга, инсониятни ташвишга солаётган муаммоларнинг кенг тарқалишига кўмаклашувчи восита бўлиб қолаётгани хусусида кўп гапирилмоқда.

Ахборот технологиялари тараққиёт учун нақадар зарур ва катта қулайликлар яратишини барчамиз чуқур англаймиз. Аммо ўйланадиган жиҳати - кишилик жамиятининг тамаддуни меваси бўлган интернетдан қандай мақсадларда фойдаланиш масаласи бўлиб қолмоқда. Айниқса, интернетдаги онлайн ўйинларга муккасидан берилиб кетган болалар ва ижтимоий тармоқларда вақтини совураётган ўсмирлар муаммоси бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланган.

Халқаро ижтимоий сўров ташкилотлари томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, айни кунда дунё бўйича бир миллиарддан ортиқ киши интернетдан фойдаланади. Уларнинг 1 фоизи болалар деб ҳисобланса ва бу болаларнинг 1 фоизи беҳаё сайтларга киради деб тахмин қилинса, билингки, дунёдаги 100 минг нафар вояга етмаган ёшларнинг онги турли беҳаё мазмундаги нарсалар билан заҳарланмоқда. Бунга кабелли телевидение, беҳаё матбуот нашрлари ва дисклар қўшилса, бу рақам янада ошади. Огоҳ бўлинг, юртдош, мана шу бир фоиз ва 100 минг нафар вояга етмаган ёшлар сафига юртимиз ёшларининг ҳам қўшилиб қолмаслиги кафолатланмаган. Шу боис ушбу масалага жиддий эътибор қаратишимиз лозим.

ИНТЕРНЕТ КЛУБГА БОРИШ ВАҚТИ

Вояга етмаганлар ва коллеж ўқувчилари дарс вақтида ҳамда соат 22.00 дан кейин интернет клубларга кириши таъқиқланган. Қайси интернет кафеда бу қоидага амал қилинмаса, биринчи жазо кафе бошқарувчисига берилади. Бунда унга жарима солишдан тортиб, айниқса, мафкуравий хуружларни тарғиб қилувчи сайтлар ва ўйинлардан фойдаланишга рухсат берган бўлса, ишни судгача ошириш, кафени ёпишгача бўлган чоралар кўрилади. Бироқ тан олиш керак, интернет кафе бошқарувчиларининг айримлари кириб келаётган маънавий таҳдидлар ҳақида зарур тушунчаларга етарли даражада эга эмаслиги ҳам бор гап.

ИНТЕРНЕТНИНГ САЛОМАТЛИК ВА РУҲИЯТГА ТАЪСИРИ

Баъзан ота-оналар мактаб ёшидаги болаларининг диққати тарқоқ, хотираси заифлигидан нолийдилар. Шу ўринда улар фарзандларининг интернетдан истаганча фойдаланаётганликларини афсуски, эътиборга олмайдилар. Шифокорларнинг таъкидлашларича, бош мия асосан кераксиз маълумотлар билан кўп ишлайверса, эслаш қобилияти сустлашар экан. Шунингдек, бола ўта инжиқ, жаҳлдор, насиҳатларга қулоқ солмайдиган, ўзбошимча, ҳиссиётсиз бўлиб ўсади. Ёшларнинг компьютер ва интернетдаги сайтлар ҳамда ўйинларга боғланиб қолиши нафақат юқоридаги ҳолатларни келтириб чиқаради, балки бошқа турли хил хавфли касалликларга чалинишига ҳам сабаб бўлади.

Интернетдаги турли хил сайтлар ва ўйинларга боғланиб қолиш натижасида эса ўсмирнинг дунёқараши бир жойда қотиб қолади. Болада жамиятга бефарқлик юзага келади, фаоллиги сусаяди. Оқибатда, одамлар билан мулоқотда бўлишдан ўзини тортиб, интернет кафеларда соатлаб ўтирадиган бўлиб қолади. Айниқса, энг мураккаб давр - 12-15 ёш оралиғидаги ёшларга нисбатан янада ҳушёрроқ бўлган маъқул. Аммо бу фикрлар болани компьютердан биратўла қаттиқ қўрқитиб қўйиш дегани эмас. Уларни интернетга йўлдан оздирувчи восита сифатида эмас, балки ижодий иш қилиш учун ёки бирор бир ахборот, янгиликни олиб таҳлил қиладиган, хуллас, билим олиш йўлида кенг маълумотлар берувчи манбаа сифатида қарашга ўргатиш лозим.

ҲУШЁР БЎЛИНГ, ЗАМОНДОШ!

Фақат ўйинларгина эмас, ҳозирги ёшларнинг дунё воқеаларига қизиқишлари ёки маълум бир янгиликларга интилишлари уларни интернет клубларга етаклайди. Бу эса кўпинча интернет тармоғига боғланиб қолишга олиб келади. Баъзи ёшлар тармоқдан олаётган маълумотларининг моҳиятини англаб етмайдилар ҳам.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда интернет тармоғида болалар порнографиясини тарғиб қилаётган сайтлар сони 4 миллиондан ортиқ. Ким учундир эрмак, ким учундир даромадли бизнесга айланган бу жиноят, афсуски, бизнинг юртимизга ҳам аллақачон кириб келган. Хоҳлаган одам бундай сайтларни томоша қилиши мумкин.

Руҳшунослар интернет тармоғи орқали уятсиз расм ва киноларни кўриш, ҳатто катталарнинг ҳам фикрлаши ва идрокини ўзгартириб юборишини, ҳали шаклланиб улгурмаган бола дунёқарашида эса порно ҳақиқий тўнтариш ясашини хавотир билан таъкидлайдилар. Тадқиқотларга кўра, бутун дунёда йилнинг ҳар кунида ҳали балоғат ёшига етмаганлар ВИЧ вирусини юқтиради. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида эрта никоҳдан ўтиш ҳолатларининг ортиб, аёллар ва болалар иштирокидаги жиноятларнинг ўсиб боришида интернетдаги порносайтларнинг "хизмати" ниҳоятда катта эканлигини ҳеч ким инкор этмаса керак.

ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Дунёнинг кўплаб давлатлари қонунчилигида порнографик маҳсулотлар муомаласи, уларни тайёрлаш ва тарқатиш учун жазо чоралари белгиланган.

Юртимизда ҳам порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама ва намойиш қилиш тақиқланган. Амалдаги қонунчиликка кўра, порнография, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб этувчи маҳсулотларни тарқатишда айбдор деб топилган шахсга энг кам иш ҳақининг 400 дан 600 баробаригача жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, 6 ойлик ҳибсга олиш ёки 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

"ОДНО" ДЕГАН ДАЖЖОЛНИНГ ҚИЛҒИЛИКЛАРИ

"Одноклассники" ижтимоий тармоғи асирига айланиб қолаётган вояга етмаган ёшларнинг маънавий аҳволи кишини ташвишга солади. Тобора оммалашиб бораётган ушбу сайт билан боғлиқ аянчли ҳолатлар ҳақида ёзмаган, гапирмаган маънавият кишиси қолмади. Бу тармоқнинг "хизмат"лари билан боғлиқ воқеалар хусусида ҳар куни эшитяпмиз. Мана, улардан бири:

Ўсмир ёшидаги қиз "одноклассники.ру" сайтига аъзо бўлиб, профил очиб, суратларини жойлаштириб олади. Вақтини бемазагарчиликлар билан ўтказишни одат қилганлар қизнинг суратини беҳаё тасвирларга, чўмилиш кийимидаги суратларга монтаж қилиб (аслида ўзбек қизи ижтимоий тармоқдаги профилига сурат жойлаштириши одоб-ахлоқ мезонларига тўғри келадими?!) интернет сайтларига тарқатиб юборади. Воқеанинг кейинги тафсилотлари қандай бўлганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. "Одно" деган дажжолга мафтун бўлаётган ёшларнинг ахлоқи, маънавияти бизни ташвишга солади.

ШАЙТОННИНГ МАЛАЙИ

Одноклассники.ру номи остидаги шайтоннинг малайи ёшларимиз маънавий дунёсига ўт қўяётгани етмагандай, кап-катта одамлар ҳам унинг домига осонгина илиниб қолаётганлари ачинарли. Мазкур сайтда очилган саҳифа ва суратларнинг аксарияти кимларнингдир найранглари, сохта ва ёлғон кўринишларидир. Ишонч билан айтиш мумкинки, интернетнинг айнан ушбу ижтимоий тармоғи 80 фоиз ҳолатларда фақат фаҳш, зино, шахс шаънини булғаш ва ахлоқсизликлар учун хизмат қилмоқда.

Одноклассники.ру тармоғи фойдаланувчиларининг ёзишмаларига кўзи тушган одам уятдан ловуллаб ёнади. Алламбало лақаблар билан саҳифасига маълумотлар киритган айрим ўзбек қизлари ҳаё деган сўз ҳақида тасаввурга эга эмаслар чоғи? Ор-номусдан чекиниб, беҳаёларча тушган суратларини намойиш этаётган қизлар ўзи, аҳли оиласи, хонадонининг шаънини ўйламасмиканлар? Ўсмир йигит-қизлар саҳифасидаги "Муҳокамалар" бўлимида ёзилган гап-сўзларга илон пўст ташлайди. Ушбу ижтимоий тармоқнинг ижобий томонларини ҳам излаб кўрдик. Унда балки айрим йигит-қизлар дўст орттираётгандир, кимдир олисдаги қадрдонлари билан суҳбатлашаётгандир, берилаётган турли эълонлар кимгадир фойда келтираётган бўлиши мумкин. Аммо ўзбек ёшлари учун фойдадан кўра зарари кўп бўлаётгани, халқимизга хос одоб-аҳлоқ, тарбия мезонларига зид эканлиги, вақт ўтиб тузатиб бўлмас маънавий жароҳатлар келтириши мумкинлиги ҳар биримизни жиддий ташвишга солиши керак.

БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ

Айтмоқчи бўлганимиз, фарзандларимизни маънавий буҳрон, аҳлоққа зид хуружлардан асраш учун ҳар биримиз масъулмиз. Боланинг бегонаси бўлмайди. Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидай, бола бизники, уни четдан биров келиб тарбиялаб, комил инсон қилиб бермайди. Фарзандларимизни келажагимиз эгалари дея эътироф этяпмизми, келажагимизни асраб авайлашимиз даркор. Бу - ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир!

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди