№46, 13.11.2014 Огоҳлик!
ОДАМ САВДОСИ - ОЛАМ МУАММОСИ
Бугунги кунда айрим фуқароларимизнинг мўмай пул ишлаш илинжида ёлғон ваъдаларга учиб, чет элларга бориб, одам савдоси қурбонига айланиб қолаётганлиги ачинарли холдир.
Хорижга борган эркаклар асосан, қурилиш ишларига, аёллар эса идиш-товоқ ювувчи, тикувчи, уй бекаси каби ишларга жалб этилмоқда. Баъзи холларда аёллар одатий ишлар билан бирга, фоҳишалик қилишга ҳам мажбур қилинмоқда. Иш берувчилар уларнинг ҳужжатларини олиб қўйиб қўрқитишади, не-не машаққатлар билан ишлаб топган пуллари эса қўлларига тегмайди. Таҳликага тушиб қолган аёллар полицияга мурожаат қилишга қўрқишади, кўпинча мамлакатда яширин равишда бўлиб турганликлари боис, қўшмачилар томонидан таъқиб қилиниши ёки мазкур давлатдан чиқариб юборишларидан ҳайиқиб, ҳеч кимга мурожаат эта олмайдилар.
Одам савдоси инсон ҳуқуқлари поймол қилинишининг, аёлларни таҳқирлашнинг энг аянчли кўринишидир. Шу боис ушбу жиноятга қарши халқаро ҳамжамият, кўплаб мамлакатлар кенг кўламда кураш олиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам ушбу жиноятнинг олдини олиш, одам савдоси жиноятидан жабрланганларга ижтимоий-руҳий мадад кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Дунё миқёсида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар кўлами ортиб бораётганлигидан келиб чиқиб, чет эл сафарига отланган фуқароларимизга қуйидагиларни диомо ёдда тутишларини тавсия қиламиз:
- паспортингизни ҳеч кимга берманг! Шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатлар доимо ўзингизда туриши шарт.
- сизга чет элда ишлаш ёки ўқиш учун шартнома таклиф қилинаётган бўлса, шартнома сиз учун тушунарли тилда ёзилганлигига, унда иш ёки ўқиш жойининг манзили, шарт-шароитлари аниқ кўрсатилганлигига эътибор қаратинг.
- Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари ва консуллик ваколатхоналарининг телефон рақамларини аниқлаб олишни унутманг. Агар сиз қийин вазиятга тушиб қолсангиз ёки сизга кимдир зуғум ўтказиб, таҳдид қилгудек бўлса, ўз мамлакатингиз вакилларига мурожаат қилинг, улар сизга, албатта ёрдам беришади.
Шу ўринда Андижон темир йўл бекатидаги Тармоқ ИИБ ходимлари Андижон ва Наманган аэропорт-ларига ҳам хизмат кўрсатишини таъкидлаб, фуқароларимизга одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ходимларимизга мурожаат қилишлари мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Илёсбек АРЗИЕВ,
Андижон ТИИБ ВЕУН ВА ХПГ катта инспектори, капитан.
Отабек МАВЛОНОВ,
Андижон ТИИБ тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант.
|