№46, 13.11.2014 Қатра
УВОЛ БЎЛМАСИН...
Кексалар:
- Ҳеч нарсани исроф қилма, увол бўлади, бир кун уволи тутади, - дея кўп гапиришади.
-Ўчоққа ғўзапояни синдириб сол, гугуртни авайлаб ёқ. Дуодан сўнг дастурхонни четга қоқ. Нон увоғи оёқ остига тушмасин!
- Сувсиз ҳаёт йўқ, одамлар ҳаёти фақат сув билан. Юз-қўлини ювишади, чанқаганда, ичишади. Оқаётган сувга ахлат ташлаш, сувни исроф қилиш - гуноҳ. Сув увол бўлмасин!
- Одам борки, кўнгили бор. Кўнгил билан яшайди. Кўнгил билан бой. Асли кўнгил кулфати ҳам сўз, улфати ҳам сўз. Яхши сўздан кўнгил шод, обод. Ёмон сўздан, ҳақоратдан, туҳматдан кўнгил вайрон. Кўнгил увол бўлмасин!
- Йигит ва қиз бир-бирларини яхши кўришади, қўл ушлашиб юришади. Кўнгиллари тўла орзулар. Бир кун бир сабаб, бир баҳона ўрталарида айрилиқ ҳамроҳ. Йигитнинг кўнгли ғаш, қиз кўзида ёш. Эшитганлар айтишади: - Бир-бирларида кўнгиллари бор экан. Бер қизингни. Севги увол бўлмасин!
- Эр ишсиз, хамёни қуп-қуруқ. Кўчага чиқа олмайди, тенгдошлари билан юра олмайди. Уйи тўла болалари, аёли.. Кўнгли кўпни хоҳлайди, қила олмайди. Алам билан чекади, қарзга ичади. Хотини, болаларини ҳақоратлайди. Қўшнилар гапириб қолишади: - Аёли, болалари увол бўлмасин!
Гоҳ уйларда, гоҳ кўчаларда қоғозларни, газета ва журналларни ҳар жойга, ҳар тарафга ташлашади. Бирор нарсани ўраб бериб юборишади. Ўчоққа, тандирга тутантириқ килишади. Улар бир нарсани унутишади. Қоғозлар увол бўлмасин!
- Ўтмишни унутма, ёдда тут. Эслаб юр, - дейишади. Эсласам Усмон Носир, Қодирий, Чўлпонлар увол кетгандек туюлаверади.
Ҳеч нарса увол бўлмасин, ҳеч ким увол кетмасин.
Абдураҳим БОЗОРБОЕВ.
|