Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№47, 20.11.2014

Тадбиркор аёлларимиз

ҲУНАРЛИ ИНСОН ХОР БЎЛМАС

Халқимизда "Ҳунардан толе унар" деган нақл бор. Ҳунарли киши ҳамиша эъзоз ва эътибор топади. Избоскан тумани Қашқарлик маҳалласида яшовчи Иродахон Абдураззоқова ҳам ўз ҳунари ортидан бахту саодатга эришган аёллардан.

Кўрпа, ёстиқларни замонавий услубда тикиб, халқимизга тортиқ қилаётган бу ҳунарманд ҳақида ҳар қанча гапириш мумкин. Асли касби тарих фани ўқитувчиси бўлса-да, болалигидан ихлос қўйган тикувчилик ҳунарига ўзгача меҳр қўйди. 2005 йилда тадбиркорлик фаолиятини бошлаган Иродахон опа 2006 йили Москва шаҳрида дизайнерлик курсида таҳсил олиб келди. Замонавий услубдаги ётоқхона жиҳозлари: юмшоқ пар кўрпалар, чойшаб, ёстиқ жилдлари тайёрлашни пухта ўрганди. Ўрганганларини шогирдларига ҳам астойдил ўргатди. Дастлаб ўз уйида кичик цех ташкил қилиб, фарзандлари, синглиси, жиянлари билан иш бошлаган тадбиркорнинг имкониятлари янада кенгайди. Тайёрлаган маҳсулотлари анча харидоргир эди, у билан шартнома тузувчилар сафи ортди. Хусусан, туман ва вилоят касалхоналари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Турмуш ўртоғи ва яқинларининг қўллаб-қувватлашлари туфайли ўзи меҳр қўйган ҳунарнинг чинакам устасига айланди. Бир қатор кўрик-танловларда маҳорати чархланди. Жумладан, "Ташаббус-2009", "Ташаббус-2010", "Замонавий ўзбек аёли" кўрик-танловларида муваффақиятли иштирок этиб, туман ва вилоятда фахрли ўринларни эгаллади. Шунингдек, 2011 йилда "Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли" номинацияси ғолиби, бир қатор фахрий ёрлиқ, сертификатлар соҳибаси 2011 йилнинг 26 декабрида Тошкентдаги нуфузли "Зарқайнар" миллий галереясида республика тадбиркор аёлларининг кўргазмасида ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, ишлаб чиқариш йўналиши бўйича ғолиб бўлди.

"Йил аёли-2012" кўрик-танловида ҳам фаол қатнашиб, фаолияти ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

- Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон хор бўлмас экан, - дейди фахр билан Иродахон Абдураззоқова. - Болалигимдаги оддийгина қизиқиш бора-бора кучли иштиёққа, интилишга айланди. Бугун атрофимдаги шогирд-қизларимга фақат интилиш, ўрганиш, сабр мақсад сари олиб боришини кўп таъкидлайман. Бугунги эътиборни эгаллаган ҳунарим ортидан топдим. Асосийси, янги иш ўринлари яратиб, ишсиз хотин-қизларни тикувчиликка жалб қиляпмиз.

Иродахон опани сира бўш ўтирганини кўрмайсиз. Ҳали азим пойтахтда, ҳали яна қайсидир вилоятда харидорлари билан иш устида учратасиз. Тошкент шаҳрида ҳам цех ташкил қилиб, "Машҳура" ўқув маркази битирувчи қизларини ёнига олиб, уларни иш билан таъминлади. Бу жонкуяр ҳунарманд аёлнинг тайёрлаган маҳсулотлари харидоргирлиги билан ажралиб туради. Маҳсулотлари республикамизнинг барча вилоятлари бозорларига етказиб берилмоқда.

- Ирода опани устоз деб этагидан тутганимда анча ёш эдим, - дейди шогирдларидан бири Лайлохон Солиева. - Улардан ўрганганларим туфайли бугун ўз уйимда касаначилик асосида иш ташкил этганман. Шу орқали оиламга озми-кўпми даромад келтиряпман. Ҳзир ҳам Ирода опадан билмаганларимни ўрганаман. Улар ҳам ўз ўрнида янгича ғоялар берадилар, ўргатишдан чарчамайдилар.

Айни кунда юмшоқ пар кўрпалар, тўшаклар, чойшаблар, ёстиқ жилдлари қаторида болалар учун юмшоқ ўйинчоқлар ҳамда болалар ётоқхонаси жамланмалари тайёрлашни йўлга қўйган Иродахон опанинг келгуси режалари ҳам бисёр. У тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириб, коллеж битирувчилари, ишсиз хотин-қизлар учун 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қилмоқда.

Оилада бахтли аёлгина жамиятда ҳам чинакам бахт топа олади. Иродахон Абдураззоқова ҳам ана шундай бахт топган аёллардан. Турмуш ўртоғи Муҳаммадали ака билан тўрт қиз, бир ўғилни тарбиялаб вояга етказдилар. Беш набиранинг кулгусидан янада бахтиёрлик туядилар. Қизларининг бари бошқа соҳа эгалари бўлсалар-да, она изидан кетиб, ҳунар сирларини ўрганганлар.

- Онам доим "ҳунар ўрган, ҳунар ортида толе бор", дейдилар. Уларнинг ҳаёт йўли бизга ибрат. Онам турмушда ҳам, ҳунарли бўлишимда ҳам энг суянган устозим. Берган ўгитлари, насиҳатлари ҳамиша менга йўлдош. Ҳар ишда онамга ўхшагим келади. Улар каби оилада ҳам, ишда ҳам фидойи бўлишга ҳаракат қиламан, - дейди қизи Ферузахон Сотволдиева.

Бугун кўпчиликнинг эътиборини қозонаётган Иродахон Абдураззоқованинг фаолияти кўпларга ибрат бўла олади. Қолаверса, у намунали оила бекаси, бахти бекам аёл сифатида ҳам ҳурмат топа олган. Аёлга бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

Зилола Раҳмонова.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди