№48, 27.11.2014 Бадиа
ГИРДОБ
Бугун ҳар қачонгидан ҳам барвақт уйғондим. Сабаби мени безовта қилган тушимдаги воқеалар тун бўйи тинчлик бермади. Тушимда учувчи эмишман. Қандай қилиб бу ҳолга тушганимни ўзим билмайман. Лайнер старт чизиғида турибди. Қаердаман, қаерга учиб кетишимиз керак, бу ҳам номаълум. Йўловчилар қандай юмуш билан сафарга отланишган, буниси ҳам сир. Лекин нима учун ҳаммаси аёллар? Мен шу хаёл билан парвозни амалга оширдим. Анча вақт ўтиб, қўниш учун рухсат берилди. Катта бир шаҳар аэропортига келиб қўндик. Башанг кийинган, қўли, қулоғи, бўйнига тақинчоқлар илиб олган бир аёл самолёт зинапоясида туриб ҳамманинг паспортини йиғиштириб олди. Йўловчиларнинг оёғи ерга тегмасиданоқ машиналар уларни қаёққадир олиб кетяпти.
Кабинадан чиқмай бир соатлар чамаси дам олдим. Борт механигм машинанинг созлиги ҳақида маълумот берди. Стюардесса ҳам келиб ортга учиш тўғрисида хабар берди. Шу пайт полиция назоратида бир гуруҳ аёллар самолётга бирин-кетин чиқиша бошлади. Ўзимга-ўзим берган саволларга энди жавоб топгандек бўламан, аввалига кўрганларим оддий ҳолдек туюлганди. Кейин эса уст-боши, кўриниши бир ҳолда афсус, надоматли, ҳорғин чехраларни кўриб, хаёлимга келган нарсадан ўзим қўрқиб кетдим. Наҳотки, булар пул топиш мақсадида ўзга юртларга бориб шу аҳволга тушишган бўлса?..
Уларни ич-ичимдан койийман-у, бироқ бу каби ҳолатларда менинг ҳам ҳиссам бордек ўзимдан нафратланиб кетдим. Виждоним қийналди. Учувчи эканимдан афсус чекдим.
Наҳотки, навбатдаги рейслар ҳам шу алпозда давом этса?.. Қўрқув исканжасида "Мен учувчи бўлмайман", дея дод-вой солиб, охири уйғониб кетдим.
Уйғониб қарасам, терлаб кетибман. Ўрнимдан туриб, юзимни совуқ сувга чайдим. Ҳамон ана шу тушдаги кўринишлар хаёлимни тарк этмасди. Кўрганларим оддий бир туш бўлса-да, аммо кўз ўнгимизда содир бўлаётган бу каби ҳолатлар ҳаётимизда ҳам учраб турибди. Булар энг даҳшатлиси эмасми?
Момо ва боболаримиз қадим замонларда очлик, қаҳатчиликни сўзлаб беришарди. Улар ҳар қандай қийинчиликларни сабр-тоқат ва бардош билан енгиб ўтишган.
Бугун-чи... ҳаммаёқ тинч ва тўкинчилик бўлган замонда мўмай даромад илинжида хорижга кетиш тўқликка шўхлик бўлмаяптимикин? "Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу", деб бекорга айтишмайди. Пул ва бойликни ўйлаб хорижга отланганлар тутқунликни бир кўз олдига келтириб кўрсин. Бу йўлни танлаганларнинг сўнгги манзили гирдобдан бошқа нарса эмас.
Абдуманноб ЙЎЛДОШЕВ.
|