Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№48, 27.11.2014

Дил изтироби

ЮРАГИМДА ЙИҒЛАЁТГАН ДАРД

Инсон орзу билан тирик. Умид билан бахтли. Меҳр билан соғлом. Аммо... орада армон деб аталмиш бир туйғу бор. Ана шу туйғуда бутун бир умрни емиришга қодир куч бор. Мен шу куч қудратини англаб етганимда кеч эди.

Оддий оилада вояга етдим. Онам уй бекаси, отам бор умрини ерга бағишлаган соддагина қишлоқ одами эди. Биттагина фарзанд бўлганим боис уларнинг бор меҳри фақат меники эди. Мактабни тугатгач, тиббиёт олийгоҳига ҳужжат топширмоқчи бўлдим. Онам: " Қиз бола ўқиб олим бўлармиди?" дея қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Лекин меҳрибон отажонимнинг биргина сўзлари билан онам ҳам рози бўлдилар: "Қўявер, онаси, эртага касал бўлсак, дардимизга шифо топса ёмонми? Ўзимизга нафи тегадику!"

Қаттиқ тайёргарлик, ота-онамнинг дуолари сабабми, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Астойдил билим олдим. Ҳар гал азим Тошкент бағридан қишлоғимга борсам, ота-онамнинг соғинчли нигоҳларига дош беролмай, "Албатта, етук шифокор бўлиб қайтаман, уларнинг ёнида бўламан", дея ўз-ўзимга сўз берардим. Аммо бора-бора бу тилак ўрнини пойтахтда қолиб ишлаш истаги эгаллади. Назаримда олис қишлоқдан кўра замонавий шаҳарда имкониятларим кўпроқ эди. Ва мен шундай қилдим. Онамнинг кўз ёшлари, отамнинг илтижога тўла сўзлари мени фикримдан қайтаролмади. Уларнинг оила қуришим ҳақидаги гаплари эса табиатимни хира қилди, холос. Мен учун оила ҳам, кўнгил истагию муҳаббат деганлари ҳам фақат илм ва ишда эди.

Йиллар ўтди. Пойтахт менга ўзим истаганимдан кўра кўпроқ истиқбол берди. Аввал номзодлик, кейин докторлик ишини ёқладим. Қанча-қанча беморларга шифо улашдим. Яширмайман, ёнимга олис жойлардан дардларига малҳам сўраб келувчиларни кўриб, юрагимда ғурур деган туйғу бош кўтаради. Аммо... Мана шу "аммо" менга тинчлик бермайди.

Иш, илм билан бўлиб қишлоққа боришим узоқлашди. Ҳар гал бораману, ота-онамнинг дийдорига тўйиб-тўймай ортга қайтаман. Бир сафар борсам, отамнинг юзлари заҳил, беморлиги шундоққина кўриниб турарди. "Кексаликнинг аломати-да, қизим", деганларига ишониб ортимга қайтдим. Орадан икки кун ўтиб, телефонимга хабар келди: "Тез етиб кел. Отангнинг аҳволи оғир". Ўша кунги мажлисни (қаранг, мажлис ҳам кўнглимга сиғибди!) ўтказиб, сўнг йўлга чиқдим. Кечга томон қишлоққа етиб бордим. Дарвозамиз ёнидаги 3-4 одамни кўриб, юрагим орқага тортиб кетди. Гўё учдим. Ҳеч ким билан кўришмай, отам ётган хонага отилдим. Бечора отажоним... мени эркалаб, йиғласам юпатиб, йиқилсам кўтариб катта қилган қўллари гўё жонсиз. Бошларида йиғидан қизарган кўзларини отамнинг тобора нурсизланаётган кўзларига тикканча ғарибгина онам... Ёнларида эса жигарининг биргина сўзларига муштоқ отамнинг яқинлари, бу мунг тўла даврада фақат мен кам эдим. Биргина фарзанди, кўзининг қорачиғи, умрини бағишлаб, умр сўролмагани, меҳрини бериб, меҳр кўролмагани мен кам эдим. Ғамгузоримнинг қучоғига отилдим. Овозимданми ёхуд фарзандининг иссиқ тафтиданми, отам кўзларини очди. Лаблари ҳолсиз пичирлади: "Келдингми, қизим, эркам?.." Гапиролмасдим, бўғзимни куйдираётган аччиқ йиғи забоним тиллашишига йўл қўймасди. "Қизим, мендан кейин онангни ёлғизлатма!" Бу меҳрибонимнинг сўнгги сўзлари бўлди. Дод солдим, фарёдим кўкларни тутди - фойдасиз. Умрини, топганини менга бағишлаган, меҳрини аямаган, шу даражага етишимга бош сабабчи отажонимдан айрилгандим. Тақдир энг катта армонни умримга муҳрлаб кетганди. Нега қошимга шифо сўраб келувчиларга малҳам бўлдиму, менга жон ришталарини боғлаган, ҳар доим қўллаган, умримга умр сўраб дуода бўлган - меҳрибонимнинг дардига шифо тополмадим. Излаганида, истаганида ёнида бўлолмадим, нега? Шу қадар тубанлашдимми: ишни, амални ота-онадан устун қўядиган даражада имондан олисладимми? Топганларим эвазига олганим - мана шу жавобсиз саволлар қатидаги АРМОН!

Англаганим: бу югурик ҳаётда ота-она ғанимат, меҳр ғанимат. Уларнинг қадрига етмаганимиз, меҳрини кеч англаганимиз эса ҳадсиз армондир.

Шифокорнинг армонларини оққа кўчирувчи Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди