№49, 04.12.2014 Бадиа
ЁМҒИР ОСТИДАГИ АТИРГУЛ
Ёмғир... Осмон кўз ёши - ёмғир шаррос қуярди. У дарахт баргларини аёвсиз тўкар, одамлар эса шалаббо бўлмаслик учун пана жой излаб қочардилар. Машиналар қатнови тезлашар, йўлакларда эса аллақачон бебош ёмғирдан халқачалар юзага келган эди.
Мана, кўчада сукунат. Одамлар ивиб кетишдан ҳадиксираганми, атрофда уларнинг шовқини деярли эшитилмайди. Фақат... фақат соябон кўтариб, ғамгин нигоҳларини бир нуқтага тикканча хаёл уммонига ғарқ бўлган йигитгина ёмғирни писанд этмай турарди. У гоҳ қўлидаги соатга гоҳ йўлга қарар, кимнингдир ташрифига интизорлигини сезиш қийин эмасди. Йигит узоқ кутди. Нималардир хаёлини олди. Сўнг чўнтагидан бир дона атиргулни олиб, йўлакдаги ўриндиқ устига қўйди. Ва у кетди...
Ёмғир эса ўз ҳукмини ўтказиб, шаррос қуярди. Кимсасиз кўчанинг четларидаги дарахтлар бош чайқар, гўё "кетма" дея пойига баргларини сочарди. Йигит кетгач, орадан оз фурсат ўтиб, ўриндиқ ёнига бир қиз шошганича етиб келди. Узун сочлари ёмғирдан ивиган, кўзлари эса совуқданми, йиғиданми қизариб кетган. Маҳзун нигоҳлари кимнидир қидирди. Ногоҳ кўзи ўриндиқдаги атиргулга тушдию, уни шошиб қўлига олди. Гулни бағрига босиб унсиз йиғлади. Бир муддат шу алфозда турди-да, сўнгра атиргулни жойига қўйди. У ташлаб кетди ўзига аталган гулни - ҳадяни. Кетаётган қиз ортига қаради. Гўё "кечир" дедию, кўз ёшларми, ёмғирми ювган юзини рўмолчага босди. Сўнг югуриб кетди.
Ёмғир остида қолган атиргул эса икки қалбнинг айро тақдири гувоҳига айланганди.
Дилдора ҒАНИЕВА.
|