№49, 04.12.2014 Турмуш чорраҳаларида
ОТАШ ҚЎЙНИДАГИ ПАРИВАШ
Ҳаёт азобидан тугади сабрим,
Қон ютдим хиёнат остонасида.
Юрак йиғлар, айтолмай дардин,
Хорман, ёлғон дунё кошонасида.
Дилноза онасининг "Одамлар гапиряпти, кўнглим ҳам сезяпти Хуршида яхши қиз эмас, ундан узоқроқ юр", деганига қарамай, ўз билганидан қолмади. Онанинг кўнгли алдамади, қизи ўша дугонаси билан ҳамтовоқ бўлиб, залолат ботқоғига ботди.
Дилнозани яхши танирдим. Шу боис таътилга чиқиб, уйга қайтганимда, у ҳақдаги турли миш-мишларни эшитгач, ёнига бордим. Уёқ-буёқдан бир оз сўзлашганимиздан сўнг, у мени уйига таклиф қилди ва холи суҳбатимизда юрагида неки бўлса, барини тўкиб солди.
- Дилноза, сиз учун ҳаётда энг керакли нарса нима ўзи? - деб сўрадим ундан.
- Албатта, пул-да, - деди у кинояли оҳангда.
- Наҳотки, шундай бўлса, - ажабланиб савол бердим яна.
У дарров жавоб қайтармади. Кўзларини бир нуқтага тикканча хаёлга чўмиб, анча жим турди. Фикрларини йиғиб олсин, деб мен ҳам индамай турдим. Бир неча дақиқали сукунатдан сўнг чуқур "уф" тортиб, аста гап бошлади.
- Йўқ... Аммо авваллари шундай фикрда эдим... Ҳудди бошқалар каби...
- Тушунмадим...
- Биласизми, ҳаётда билиб-билмай хато қиларкансан одам. Мен ҳам унинг жимжимадорлигию зебу зийнатларига ошуфта бўлиб яхшигина алданганман...
Хуршидани танирдингиз-а? У менинг энг яқин дугонам эди. Хуршида билан болаликдан бирга ўсганмиз. У ўзимиз қатори оддий оиланинг фарзанди, ота-онасининг топиш-тутиши ҳам ўзингизга маълум. Биласизми, бошимга тушган барча кўргуликлар Хуршида иккаламиз бундан тўрт йил олдин мактабни тамомлаб, тиббиёт коллежига ўқишга кирганимиздан сўнг бошланди. Бир пайтлар оддий, содда ва самимий бўлган дугонамнинг қачон бу қадар ўзгарганини билмайман. Аммо коллеждаги Хуршида билан мактабдаги партадош дугонам Хуршида тамомила бошқа-бошқа одамга ўхшарди. Қизиғи, гарчи бой-бадавлат бўлмаса-да, Хуршида ҳамиша чиройли кийиниб юрар, ҳатто мобиль телефоннинг ҳам энг сўнгги русумдагисини тутарди. Унинг бўйни, қўлларини, қулоқларини безаб турган тилла тақинчоқларга ҳамманинг ҳаваси келарди. Бироқ кўп ўтмай у ҳақда ёмон гаплар тарқалди. Булар онамнинг ҳам қулоғига етиб боргач, менга у билан дугона бўлишни таъқиқлаб, ҳар қандай муносабатларга чек қўйишни айтдилар. Бироқ Хуршида менга ёқар, унинг ҳалиям мен билган Хуршида эканлигига ишонардим. Шунинг учун онамга "Хўп, сиз айтгандек қиламан", деган бўлсам-да, аммо ўзим у билан дўстликни пинхона давом эттиравердим. Чунки дугонам мени ҳудди аввалгидек ўзига жуда яқин олар ва баъзан пулдан қийналган маҳалларимда катта-катта пул бериб турарди. У бўйнимдан қучиб "Эй, дугонажон , бу ҳаётга бир марта келганимиздан кейин ўйнаб-кулиб қолишимиз керак-ку, ахир". Ҳазилга олиб, "Сен жуда чиройли қизсан, бу ҳуснинг билан манаман деган бойвачча йигитларни "илинтиришинг мумкин", дея кўп бора айтарди.
Ана шундай кунларнинг бирида Сардор исмли йигит менга дил изҳори қилди. Сардор коллежимиз яқинидаги олийгоҳда ўқир, ҳамиша замонавий кийиниб юриши, ўқишга янги "Ласетти" машинасида келиб-кетиши, ҳатто айрим ўқитувчиларнинг унга аввал салом беришларига қараганда, қайсидир амалдорнинг арзанда фарзанди эканлигини кўрсатарди. У ортимдан анча юрди. Ҳеч ҳолу жонимга қўймасди. Гапнинг рости, балоғат остонасидаги кўпчилик қизлар орзу қиладиган шундай йигитнинг менга севги изҳори қилганидан бошим айланиб қолди. Сардор мени ҳар хил совға-саломларга кўмиб юборди. Унинг бу қадар илтифотли ва эътиборли экани менинг кўзимни тамоман кўр қилиб қўйган эди. Хуршида ҳам "Гаплашсанг, шундай йигит билан гаплашасан-да, мен уни яхши биламан, отасиям "кучли одам", дея мени унинг муҳаббатига муҳаббат билан жавоб қайтаришга ундарди. Хуллас, биз бир йилдан ошиқроқ вақт шунчаки гаплашиб юрдик...
Навбатдаги туғилган кунимни иккимиз холи, чиройли қилиб нишонлашимизни таклиф қилганида, ҳеч нарсадан шубҳаланмадим. Ахир уни бир йилнинг ичида яхши билиб олганман деб ўйлагандим-да... Афсуски, одамнинг оласи ичида бўлиши рост экан. Онамдан базўр рухсат олдим ва дугонам Хуршиданинг олдига шошдим. У билан кўришиб, ундан ажо-йиб совға олдим. У мен учун торт пиширган эди.
Ҳеч қандай шубҳага бормай, шаҳар четидаги квартирада чиндан ҳам шоҳона қилиб ўтказилган туғилган куннинг эртасига мен номусимдан айрилган ҳолда кўз очдим. Йиғладим, сиқтадим, ҳатто ўзимни ўлдиришга ҳам тайёр эдим. Аммо Сардор "Дилноза, сени жонимдан ҳам ортиқ севаман, ишон, сенга, албатта, уйланаман", дея қасамлар ичиб, мени бу йўлдан қайтариб қолди.
Шу тарзда беш ой ўтди. Ўқишим ҳам ниҳояланиб қолган, уйимиз остонасини совчилар тез-тез супура бошлаган палла эди. Онам бир куни шу ҳақда шаъма қилиб қолдилар. Мен "лоақал ўқишимни тугатиб олай, турмушга чиқиш қочиб кетмас," дея баҳона қилиб, ҳозирча тўйга рози эмаслигимни айтдим. Лекин ич-ичимдан азобланардим. Шунинг учун Сардорга мени сўраб совчилар келаётганини ва ўзининг сов-чиларини тезроқ жўнатишини илтимос қилдим. У бўлса...
Бу ҳеч ёдимдан чиқмайди. Биз унинг машинасида гаплашиб ўтирардик. Сардор менинг ялиниб-ёлворишларимни жимгина эшитди.
- Йўқ! - деди у кескин оҳангда. - Мен сенга, умуман, совчи жўнатмайман. Аслида сен аввал бошдан расво экансан... Сен илк бор қўйнимга кирганингда, қиз бола эмасдинг...
Бу гапларни эшитиб ҳудди биров бошимга гурзи билан ургандек гангиб қолдим.
- Нималар деяпсиз?!
- Тушингни бориб сувга айт, - деди у захарҳанда оҳангда. - Дугонанг Хуршида менга ҳаммасини айтиб берди. Боз устига ўша куни менга олиб келган ширинлигингни Хуршида бермаган экан. Атайин ўзинг мени ҳеч нарсани сезмасин, деб дори қўшиб берганингни ҳам айтиб берди. Мен тўнка сенга ишониб, сенга уйланаман, деб юрибман яна...
- Ёлғон! - дея бўғзимда алам ва нафрат аралаш йиғи отилиб чиқди. - Ишонмайман... Ахир қанақасига...
- Энди йўқол, - деди Сардор рўпарага тикилиб. - Кўргани кўзим йўқ сени. Айтганча, сенга берган совғаларимни "хизмат ҳақи" деб қабул қил. Орамиз очиқ. Ўйнадик, кулдик, бир-биримизнинг кўнглимизни хушнуд этдик, энди хайр.
Машинадан қандай қилиб тушдим, уйга қандай етиб келдим, билмайман. Ёдимда қолгани: кўзларим жиққа ёш билан тўлган, ҳатто йўлни ҳам элас-элас кўрардим. Уйга келгач, бетоб эканимни айтиб, ўз хонамга кириб олдим ва тонггача йиғлаб чиқдим. Қулоғим остида унинг сўзлари ҳамон жаранглаб акс-садо берар, ҳудди биров оғир нарса билан бошимни пармалаётгандек миям тинимсиз лўқиллаб оғрирди. "Қандай қилиб... Қандай қилиб тили борди бу гапларни айтишга, деб ўйлардим. Ўз айбини яшириш учун энг яқин дугонамни менга ёмон кўрсатгани-чи? Наҳотки, йигитлар чиндан ҳам шу қадар қабиҳ бўлса?!" Орадан бир неча ҳафта ўтди. Шу муддат ичида ўз ёғимга ўзим қовурилиб яшадим. Бир куни онам ёнига чақириб, яхши оиладан совчи келганини, маслаҳатлашиб, мени ўша хонадонга узатишга қарор қилишганини айтди. "Ўқишим бор, турмушга чиқмайман", деган баҳоналарим бу сафар инобатга олинмади. Шундан сўнг ноилож бор гапни айтишга мажбур бўлдим. Онам аввалига "Сен бизни тириклайин гўрга тиқибсан", дея бошимга бир-икки муштлади. Сўнг рўмолининг четини юзига босиб анча йиғлади. Кечга томон дадамга "Опамникига ўтиб келай, тўйга маслаҳат оламан", деб баҳона қилиб, мен тушунтирган манзил бўйича Сардорнинг уйига борди...
Дилноза жимиб қолди. Унинг кўзларида қатра ёш кўринмас, бироқ қалби фарёд чекаётганини сезиш қийин эмас эди.
- Бечора онам... - деди Дилноза надомат билан. - У ерда илон пўст ташлайдиган ҳақоратларни эшитибди. Энг алам қиладигани, Сардорнинг отаси Хуршидани чақиртирса, энг яқин дугонам мен ҳақимда турли бўҳтон сўзларни айтибди. Унинг гапларидан сўнг онам бечоранинг сочлари ўша ернинг ўзида оқариб кетибди. У ҳам етмагандек, бир кун ичида бутун маҳаллага менинг номуссиз қиз эканим ҳақида гаплар тарқалди. Шундан сўнг кўчага ҳам чиқолмай қолдим.
Номусга чидолмаган яқинларим мени ўзимдан 37 ёш катта узоқ қариндошимизга ими-жимида узатишди.
- Нега курашмадингиз? Ахир сиз ҳақ эдингиз-ку?
- Кураш?! - Дилноза аламли кулди. - Ким билан курашаман? Ўз ота-онам мени қандайлигимни била туриб, менга ишонмаган бир пайтда кимга исботлайман ҳақлигимни? Пул учун мени сотган, менга туҳмат қилган энг яқин дугонамгами? Ёки қилар ишни қилиб қўйиб, тан олмай, ўзимни номуссизга чиқарган Сардоргами? Ахир мен, ҳатто ўз нафсига қарши курашолмаган бир бадбахт бўлсам...
- Турмушга чиққач, ҳаётингиз изига тушиб кетмадими?
- Агар буни ҳаёт деб аташ мумкин бўлса, ундан кўра қаро ерга кирганим афзал эди. Сендан аввал сен ҳақингда "ширин" гаплар етиб келган хонадонда ким ҳам сени одам ўрнида кўрарди? Мени жуда кўп турткилашди. Охири чидай олмай уйга қайтдим. Аммо бу ерда ҳам ҳеч кимга керагим йўқ эди. Кейин уйдан бошимни олиб чиқиб кетдим. Ҳали қўлимда бирор ҳунарим йўқ, ўқишим ҳам чала қолиб кетган. Аввалига кичкина ошхонада идиш-товоқ ювиб кун кўрдим. Бироқ бу ерда ҳам чиройим менга панд берди: эркак зоти борки, мени тўшакка тортишга интиларди. Дастлаб ўзимга маҳкам бўлдим. Кейин... бир куни алам устида ана шу йўлга киришга мажбур бўлдим. Ошхона хўжайинининг жирканч бағрига кирарканман, хаёлимда биргина ўй чарх урарди: наҳотки ҳаёт дегани шу бўлса?
- Сиз шу йўл билан ҳаётингизни йўлга соламан, деб ўйладингизми? - сўрадим ҳайратланиб.
- Балки... - деди Дилноза ўйга чўмиб. - Аммо... минг афсуски, бу гал ҳам адашибман. Ўтган уч йил мобайнида кимларнинг кўнглини овламадим, дейсиз. Бироқ бу ҳаётда ҳамма нарсанинг жавоби бор экан. Буни жуда кеч - бедаво дардга йўлиққанимдагина тушуниб етдим. Касалим ҳақида эшитгач, кўз олдимга, энг аввало, онам келди. Менинг тақдиримдан бехабар яқинларимни қаттиқ соғинганимни ўшанда билдим. Нима бўлса бўлар, дедим-у, уйга қайтдим. Келсам... отам мен уйдан чиқиб кетгандан сўнг уч ой ўзига келолмай, мени соғина-соғина вафот этган экан...
- Яқинларингиз сизни кечиришдими? - сўрадим журъатсизлик билан.
Дилноза бошини чайқади.
- Фақат онам кечирди, холос, - деди сўнг жилмайиб. - Она учун фарзанди ҳар қандай вазиятда ҳам азиз эканини ўшанда ҳис қилдим.
- Дилноза, агар ортга қайтиш, ҳаммасини қайта яшаш имкони берилганида нима қилган бўлардингиз? - сўрадим.
У бир муддат ўйланиб қолди. Сўнг чуқур хўрсиниб, надомат билан худди ўзига-ўзи гапиргандек аста пичирлади:
- Ҳеч қачон онамнинг гапини икки қилмасдим!
Зулхумор АКБАРОВА.
|