№50, 10.12.2014 Бугуннинг гапи
ОВСИН ОВСИНГА...
Халқимизда, "овсин овсинга тош отар, кундош кундошига пахта", деган нақл бор. Маълумки, элнинг ҳикмату мақоллари халқнинг ҳаётий тажрибаси ва кўрган кечирганлари асосида вужудга келган.
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: овсинларнинг бир-бирига қандай хусумати бўлиши мумкин? Нима учун овсинлар дўст бўлолмайди? Овсинликнинг адовати кундошникидан ҳам ўткирми? Биз ана шу саволлар билан турли ёшдаги аёлларга мурожаат қилиб, уларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
ЮРАККА УРИЛГАН НАШТАР
Нилуфар Пўлатова, фахрий ўқитувчи:
- Келин бўлиб узатилаётганимда онам раҳматли, қизим борган жойингда сен ҳақингда яхши гаплар чиқишини истасанг, овсинларинг билан опа-сингил бўл. Улар жуфтинг жигарларининг рафиқаси, овсинлар бир-бирига душман бўлса, ака-уканинг орасидан оқибат, меҳр кўтарилади. Овсинларингнинг барига бирдек меҳрибончилик қил, дилини оғритма", деб насиҳат қилгандилар. Аммо келин бўлиб тушган хонадонимда мен тамоман бошқача муҳитга тушиб қолдим. Борган кунимданоқ овсинларим ниш уришни бошлади. Кичиги хам бинойидеккина экан, ора-сирада хўжайиним иккимизнинг иккинчи бора турмуш қурганимизни писанда қилади, йўғимизда уйимизга кириб, анжомларимизни титкилайди. Хуллас, опа-сингил тугул, шунчаки ака-укаларнинг хотини сифатида ҳам яхши муносабатда бўлиш мушкул эди. Охири рўзғоримизни алоҳида қилиб олдим. Ахир мен ҳам одамман, менда ҳам ғурур, қадр-қиммат бор. Қолаверса, ўқитувчиман, ўзи шундоғам ишимиз оғир, машаққатли, камига овсинлар билан жанжаллашиб, асабимни бузиш менга оғирлик қиларди. Қарс икки қўлдан чиқади, дейишади, ким меҳрибончилигига жавобан юрагига наштар санчилишини истайди, албатта, ҳеч ким! Лекин алоҳида яшаб ҳам тинчимадим. Икки овсиним ҳам бирор маълумотга эга эмасди. Улар менга ҳасад қилишаётганини очиқ-ойдин билдиришган ҳам. Мана, то ҳанузгача биз овсинлар яхши муносабатда эмасмиз. Тўғриси, баъзан бу зиддиятда менинг ҳам айбим бордир, деган хаёлга бораман, ахир фаришта эмасмиз-ку! Бироқ дастлабки кунлардан қай тарзда овсинлар томонидан кутиб олинганимни эсласам, кексаларимизнинг овсинлар ҳақидаги ўша машҳур иборасини эсга оламан.
ОВСИНИНИ ЁМОНЛАГАННИ ЁМОН КЎРАМАН
Замира Турғунова, ишчи:
Мен турмуш қурганимга салкам ўн беш йил бўлди. Ўзим яшаётган хонадонга тўртинчи келин бўлиб тушганман. Ўтган ана шу давр мобайнида овсинларим билан бирор марта сен-менга бормаганман. Қайнонам раҳматли нафақат мени, балки барча келинларни ўз қизидай кўрарди. У ҳамиша аҳил-иноқ бўлинглар, аҳиллик бор жойда ҳаёт қийинчиликлари билинмайди, дер ва барчамизни ўзаро аҳил бўлишга ундар эдилар. Шу боис биз овсинлар бир-биримиз билан доимо аҳил бўлиб, опа-сингилдай муносабатда бўлардик. Орадан шунча вақт ўтса-да, ана шу муносабатларимизга асло дарз кетмади. Аҳиллигимиз туфайли ҳақиқатдан ҳам жуда кўп муаммолар осонгина ҳал этилади, ҳамиша бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.
Овсини ҳақида ёмон гаплар айтадиган аёлларни кўрсам, нимагадир уларни ёмон кўриб кетаман. Ундайларнинг ҳатти-ҳаракатларини тасаввуримга асло сиғдира олмайман.
БУ ДУНЁ ҚАЙТАР ДУНЁДИР
Дилрабо Мустафоева, чевар:
- Турмуш ўртоғим билан севишиб оила кўргандик. Бир-биримизни ардоқлардик. Унинг ёши мендан анча катта, оиласи бадавлат, ўзига тўқ хонадон эди. Авваллари куёвимнинг келинойиси синглисини келин қилмоқчи бўлиб юрганини эшитган эдиму, эътибор бермагандим. Тўйдан кейин бу миш-мишларнинг ҳақиқатга нечоғлик яқин эканини англаб етдим. Ҳар бир ишимдан айб топишлар, бўлар-бўлмас гапларни қайнонамга етказишлар, эримга мени ёмонлашлар… ва иззат-нафсимга тегадиган туҳмат турмушимни икки ойга ҳам етказмади. Сезишимча, қайнонам ҳам ўғлининг менга уйланишини хушламаган чоғи, овсинимни қайириб ташлаш ўрнига қўллаб-қувватларди.
Оилам барбод бўлди. Қорнимдаги бир ойлик гумона билан ўн саккиз ёшимда ота уйимга қайтдим. Овсиним билан қайнонам ҳомилам бошқа бировдан деб, туҳмат қилишди. Мен ёшлик, тажрибасизлик қилдим, ота-онам соддалик қилишди. Ажрашганимиздан кейин икки ой ўтиб собиқ эрим келинойисининг синглисига уйланди. Мен изтироб ва ҳижолатдан бош кўтаролмай эзилиб юрган чоғларим, овсиним синглиси ва қайнисининг дабдабали тўйида ғалабасини тантана қилди. Ўғлим туғилди. Худди отасининг ўзгинаси… Бошқа турмуш қилдим. Худога шукр, ҳаётимдан нолимайман. Аммо ўзи олий маълумотли ўқитувчи, тарбиячи бўлган овсиним ва синглисининг қилмишлари юрагимдан ўчмайди. Бировнинг бахтсизлиги эвазига бахт топиб бўлмайди. Бу дунёни қайтар дунё дейдилар, вақтлар келиб балки қилмишларига жавоб беришади. Улар ҳам қиз ўстиришяпти…
БИРИНГ ОПА, БИРИНГ СИНГИЛ БЎЛ!
Холидахон Қобулова, пенсионер:
- Овсинларнинг можаролари оила аъзоларини, жигарларни бир-биридан жудо қилиб юборади. Бу иллат назаримда кейинги 20-30 йил ичида кўроқ кўзга кўринди. Ёшларга насиҳат қилсангиз, сизларнинг даврингиз бошқа, у пайтлар билан ҳозирги кунни солиштирманг, дейди. Аслида замон ўзгармайди, одамлар ўзгаради. Раҳматли онам келинойим билан шу қадар яқин эдиларки, бир-бирларини кўрмаса, томоғидан бир қултум сув ўтмасди. Бирор марта "сиз"лари "сен"га бормаган. Ўзим овсин кўрмаганман, эримнинг ака-укалари йўқ эди. Худо раҳмат қилгур қайнонам ҳам овсинлари билан опа-сингилдан аъло эдилар. Аммо келинларимнинг ўзаро муносабатлари кўнглимга оғриқ солади. Арзимаган баҳоналар билан бир-бирига озор беради, болалари уришиб қолса ҳам оналари тортишади, уришишади. Фикримча, бу нохуш иллатларнинг илдизи тарбияда, агар яхши тарбия кўрган оқила қиз бўлса, борган жойида ҳаммани ҳурмат қилади. Бирини опа, бирини сингилдай кўриб иззату қадр топади.
ҚИЛДАН ҚИЙИҚ АХТАРМАНГ
Хурсандой Ҳайитова, уй бекаси:
- Биз тўққиз овсинмиз. Уйларимиз орасидаги масофа анча кўп, аксарият тўй-маъракаларда ёки бирор оилавий тадбир-йиғинлар баҳонасида учрашамиз. Худога шукр, орамизда уруш-жанжал бўлмаган. Лекин бир диёнатсиз аёл орамизда бор экан, унинг зулмидан энг кичик овсинимизнинг турмуши бузилиб, қайним бечора ҳалигача рўшнолик кўрмади. Кенжа овсиним 18 ёшида келин бўлиб келган, жуда сариштали, пазанда, уй-рўзғор юмушларини кам-кўстсиз бажарарди. Биз қайнонамдан узоқда яшаймиз, тўғриси, нима бўлганини яхши билмайману, овсинимиз нима қилса қилдию, қайнукам билан кенжа овсинимнинг уйини бузиб юборди. Кексайиб қолган қайнонам ёш гўдак мисоли, ким нима деса индамай тураверардилар. Овсинимиз қилдан қийиқ ахтариб келинчакни эзиб юборди. Аразлаб кетганида, биз икки овсинлар онаси билан гаплашиб келинни уйга қайтармоқчи бўлдик. Ҳалиги овсинимиз қайнукамга гап ўргатган чоғи, "хотиним билан яшамайман"га тушиб қолди. Ажрашишди. Собиқ келинчак бошқа жойга узатилиб, ўзидан тиниб-тинчиб кетди, бироқ қайнукамнинг аҳволи абгор бўлди.
Ҳурматли муштарий, бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Албатта фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
Рухшона ФАРРУХ тайёрлади.
|