№51, 17.12.2014 Огоҳлик
ҚОНУН БАРЧА УЧУН БАРОБАР
Гўзал таърифларга муносиб аёлнинг, айниқса, айрим ўзбек аёлларининг жиноят кўчасига кираётганликларини асло оқлаб бўлмайди. Вилоятимиз божхона чегара постларида қайд этилаётган опа-сингилларимиз хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатлар янада ташвишлидир.
Маълумки, республикамиз ҳудудига нақд хорижий валюталарни олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби амалдаги божхона қонунчилиги орқали тартибга солинади. Белгиланган тартибларга кўра, республикадан ташқарига Ўзбекистон фуқаролари (резидентлар) 2000 АҚШ долларига тенг миқдорда, норезидентлар эса божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага муқаддам олиб кирган валюта миқдорида нақд хорижий валюта олиб киришлари мумкин.
Аммо бугун айрим шахслар белгиланган тартибларни бузиб, юртимизга ноқонуний равишда хорижий валюталарни олиб киришга ва олиб чиқиб кетишга уринмоқдалар. Хусусан, Андижон вилоят божхона бошқармасининг чегара божхона комплекслари ва божхона постлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 45 ҳолатда 47590 АҚШ доллари, 215920 Россия рубли, 108215 қирғиз сомини олиб ўтишга бўлган уринишлар аниқланди.
Жумладан, "Андижон-Аэропорт" божхона постида Андижон-Москва йўналишидаги 530-рейс билан Москва шаҳрига учиб кетаётган, юртимиз фуқароси Дилсабо Низомова томонидан 6550 АҚШ доллари миқдоридаги валюта Ўзбекистондан Россия Федерациясига олиб чиқиб кетилаётганлиги аниқланди. Ушбу иш юзасидан фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди.
Маълумки, юртимиз чегаралари орқали олиб ўтиладиган айрим товар ва ашёларга нисбатан қонуний чекловлар киритилган. Буни ҳар бир фуқаро унутмаслиги лозим. Андижон вилояти божхона бошқармаси чегара божхона постлари орқали ана шундай ашёлардан ҳисобланган психотроп моддаларни олиб ўтиш бўйича шу йилнинг 9 ойи давомида 8 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида "Андижон - Санкт-Петербург" йўналиши бўйича Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига учиб кетаётган юртдошимиз Саодат Ҳамидова ноқонуний равишда "Феназепам" таблеткаларини олиб кетаётганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат бўйича фуқарога нисбатан жиной иши қўзғатилган.
Айрим опа-сингилларимиз томонидан юқоридаги каби қонунбузарлик ҳолатларининг содир этилаётганлиги кўнгилни хира қилади. Бироқ қонун барча учун баробар. Уларнинг аёл деган номга доғ тушираётганликларини асло оқлаб бўлмайди.
Азиз юртдошлар, муҳтарама опа-сингиллар! Зарурат юзасидан ёки бошқа сабаб туфайли юртимиздан ташқарига чиқишга тўғри келиб қолса, билиб-билмасдан қонунларимизга зид хатти-ҳаракатлар иштирокчисига айланиб қолманг. Ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлинг.
Андижон вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати.
|