№51, 17.12.2014 Бугуннинг гапи
АЁЛ ҚАДРНИНГ ЭНГ БАЛАНД ЧЎҚҚИСИДА ТУРСИН
Аёл - нозик ҳилқат, гўзал ҳаё ва ибо соҳибаси, меҳр ва садоқат тимсолидир. Аёл - она, аёл - ёр, аёл энг гўзал таърифларга муносиб зот. Аммо... орамизда шундай опа-сингилларимиз ҳам борки, улар ўзларининг ножўя хатти-ҳаракатлари билан аёл деган муқаддас номга доғ тушираётгани бизни мулоҳазага чорлайди.
Киракаш автоуловга ўтириб, ишга отландим. Ёнимдаги ҳамроҳим - талаба бўлса керак - ёшгина қизнинг телефони жиринглаб қолди. Қиз қўнғироққа жавоб берар экан, гўё унинг ёнида ҳеч ким йўқдай қизғин "суҳбат"ни бошлади. Буни кўрган ҳар қандай кишида наҳотки, унда қиз болага хос одоб-ахлоқ, тортиниш бўлмаса, деган фикр уйғониши табиий.
Қўнғироқ эгаси дугонаси шекилли, у билан қайсидир қизнинг ғийбатини қилди. У қизнинг, ҳатто биз билмаган хато ва камчиликлари аёвсиз айтилди. Сўнгра суҳбат мавзуси ўзгарди. Телефонда сўзлашаётган гўзал қизнинг қайси йигитни қайси ресторанда қанчага "туширгани"гача билиб олдик. Хулласки, манзилга етиб боргунча, аниқроғи, қиз ўз манзилида тушиб қолгунча қулоқ қоматга келди.
Шу ўринда савол туғилади. Жамоат орасида фаҳм-фаросатсизлигини намоён этган ана шу қиз қайсидир институтда ўқийди, сизу биз билан бир маҳаллада яшайди. Наҳотки, унинг шу даражага етиб боришига ҳеч ким эътибор бермаса? Ота-онаси, яқинлари кўпчиликнинг ичида турли муаммоларни ва ҳатто бегоналардан холи гаплашиладиган мавзуларни гапириш, айниқса, қиз бола учун уят эканлигини айтишмаса? Наҳотки, унинг ўзи шу оддий нарсани англаб етмаса? Ҳамма мавзуда очиқча мулоқот қилаётган қиз ўзбекона лутфни, ҳаёни, телефонда суҳбатлашиш одобини билмаса?! Бу "оммавий маданият" деб аталаётган удумларнинг тарбиямиздан устун келаётганлигими?
Қолаверса, одамлар шунчалар эътиборсизки, бу каби ҳолатларда "қизим, кўпчиликнинг орасида бундай гапларни гапириш уят" дейдиган бирор киши чиқмаяпти. Зотан, ёши улуғ кишилар у қизга насиҳат қилиши мумкин эди. Ахир қадимдан кексаларимиз "ундай қилма, айб бўлади" дея ёшларни тарбияли бўлишга ундаганлар. Ўзбекона тарбиянинг ана шу ўзига хос кўринишини унутмаслигимиз, ундан ўринли фойдаланишимиз лозим эмасмикан?
Одоб-ахлоқ билан боғлиқ бу каби кўринишлар йилдан йилга кўпайиб бораётганлиги ҳар биримизни жиддий ташвишга солиши керак. Ҳозир унинг олди олинмаса, вақтлар ўтиб, бундай ҳолатлар тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.
* * *
Оила устуни, шаксиз, эркак киши. Аёл эса унинг ёрдамчиси. Бироқ айрим оилалардаги ота ва онанинг "ўрин алмашинуви" туфайли ўзаро ҳурмат меъёрлари бузилиб, бу ҳолнинг фарзандлар тарбиясига салбий таъсири кузатилмоқда.
Бир оилани биламан. Очиғи, уйда эркак, яъни отанинг ўрни у қадар муҳим эмас. Бироқ онанинг айтгани айтган, дегани деган. Агар бирор сабаб билан аёлнинг гапи ерда қолса борми, кўринг томошани. Унинг бақир-чақирини етти маҳалла эшитади. Эр бўлмиш эса... ҳатто уни тинчлантириш тугул инсофга чақиролмайди. Бир гап айтиб балога қолади, осонгина оч қорним-тинч қулоғим қабилида иш тутиб қўя қолади.
Йиллар ўтиб, фарзандлари улғайса-да, аёлдаги қўрслик, қўполлик, дилозорлик йўқолмади. Унинг бўйи етган қизи ўзи танлаган йигит билан оила қурди. Тўйдан олдин сипогина кўринган қизнинг аста-секин асл юзи очила бошлади. Буни қарангки, ўша носоғлом муҳитда улғайган қиз онасидан андоза олгану, шу "одоб"ни янги хонадонда ҳам жорий қилмоқчи бўлди. Аммо куёв бу тарбияни "ҳазм" қилолмади. Турмуш ўртоғини ва унинг яқинларини ҳурмат қилмай, уларни "қўлга оламан" деб ўйлаган келинчакнинг хаёллари саробга айланди. Кўп ўтмай ота уйига қайтиб келди. Онаси эса қизини койиш ўрнига куёвининг маҳалласига бориб роса тўполон қилди. Уни тартибга чақирмоқчи бўлганларни ҳам силтаб ташлади.
"Қуш уясида кўрганини қилади", деб шунга айтадилар. Ўша аёлда аёллик нафосати, ибоси, одоби, назокати бўлмаганлиги учун ҳам фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатди. Эҳтимол, у оилада эр - подшоҳ, хотин - вазир деган ақидага амал қилганида, оилада устун бўлишга даъво қилмаганида, юқоридаги муаммо юзага келмаган бўлармиди?!
* * *
Бугун қиз-аёлларимизнинг кийиниш маданияти бизни мулоҳазага чорлайди. Гоҳида кўча-кўйда ёҳуд айрим хонадонларга кирганимизда ёш қизларнинг ва ҳатто, ўрта ёшли аёлларнинг кийган кийимидан уялиб кетасан киши. Тор кўйлак ёки "яримта" кофта, мини юбка кийиб олган ярим яланғоч кўринишдаги опа-сингилларимиз андишани, ўзбекона ҳаёни унутишгандай гўё. Улар ана шундай либос кийишдан ор қилишлари керак аслида. Қизларини, аёлини ана шундай "модний" либос билан кўчага чиқараётган эркакларнинг ғурури, шаъни қаерда қолди?
Тўғри, давр ўзгаряпти, замон тараққий этиб бормоқда. Бироқ замон ўзгаргани билан халқимизга хос одоб-аҳлоқни, кийиниш маданиятини унутмаслигимиз керак. Қолаверса, аёллик иффати, номуси, ҳаёси ҳеч қачон ўзгармайдиган тушунчалар эканлигини ўзбек аёли яхши англаши керак. Ҳар қандай матодан ярашимли, ўзимизга мос, миллийлигимизга хос кийим кийиш замондан ортда қолиш дегани эмас-ку!
* * *
Дугонам турмуш ўртоғининг ўзгариб қолганлигини айтиб хафа бўлди. Унга таскин беришга ҳаракат қилдим. Орадан маълум фурсат ўтиб, ўша дугонам дардлашмоқчи эканини айтиб қўнғироқ қилди. Учрашиб, анча суҳбатлашдик. У умр йўлдошига бағишлаган умри, меҳри эвазига ундан хиёнат қайтганини йиғлаб гапирар экан, буни фарзандларига билдирмаганини, уларнинг отасидан кўнгли қолишини истамаслигини айтиб куюнди. Юраги қон йиғласа-да, юзидан табассумини аритмаётган дугонамнинг иродасига тан бермай иложим йўқ эди. Муҳаббати топталса-да, кундош қаршисида мағрур туриб, аёллик қадрини баланд тутаётгани унинг сабр-бардоши баланд эканлигидан дарак эди. У айримларга ўхшаб қўни-қўшни, қариндош-уруғ, одамлар олдида овоза бўлишни ўзига эп кўрмади, фарзандлари онгида оталари хиёнаткор бўлиб эмас, балки ҳурматли ва қадрли бўлиб сақланиб қолишини истади.
* * *
Аёл ҳамиша қадрнинг энг баланд чўққиларида турсин. Унинг сабри пурвиқор тоғларга, ибоси чамандаги ғунчага, меҳри сарҳадсиз уммонларга қиёс. Ҳеч бир қиз-аёл аёл деган улуғ номга доғ туширмасин. Шу ўринда севимли шоиримиз Бобур Бобомуроднинг қуйидаги шеъри билан фикрларимизга якун ясамоқчимиз:
Юзлар ойу қошлар хилолий бўлсин,
Кўзлар юлдуз, нигоҳ зилолий бўлсин,
Майли, сўзим эриш, хаёлий бўлсин,
Аёлда ҳаммаси аёлий бўлсин.
Майли, нозлар бўлсин, карашма бўлсин,
Карашмалар дидга ярашма бўлсин,
Борган жойи жаннат, зар чашма бўлсин,
Аёлда ҳаммаси аёлий бўлсин.
Майли, рашклар қилсин, қизғонсин, куйсин,
"Ёр бермоқ-жон бермоқ" маъносин туйсин,
Лек аввал ўз иффат, қадрини суйсин,
Аёлда ҳаммаси аёлий бўлсин.
Биз Шарқданмиз, бизни деманг соддалар,
Ўрганганмиз ичиб ишқий бодалар,
Дил жомин синдирар эркакшодалар,
Аёлда ҳаммаси аёлий бўлсин.
Зилола РАҲМОНОВА.
|