№52, 25.12.2014 ТУҒЁН
УМР САҲИФАСИ
Тонг отди. Уфқ томонлардан ажиб манзара ўзини кўз-кўз қилмоқда. Эшик олдидаги ариқдан шилдираб оқаётган сувнинг жилоси қулоқларни жунбушга келтиради. Эсаётган шабоданинг майинлигини айтмайсизми. Айниқса, шох-шаббалар бағрида табиат қўшиғига рақс тушаётгандай тинимсиз тебранаётган баргларнинг шитир-шитири осмону фалак бағрини қучиб учаётган қушларнинг чуғури ўзгача. Яна бир гўзал тонгни қаршиладим. Ташқарига чиқиб, юз-қўлимни ювгач, ҳовли ва кўчаларни супурдим, нонушта тайёрладим... Сўнг ўқишга отландим.
Кўча одамлар билан гавжум. Ҳар доимгидек, кимдир ишга, кимдир ўқишга, яна кимдир эса ўзга юмушлар билан қаергадир шошиб кетади.
Бугун негадир дарс қулоғимга кирмади. Хаёлим паришон. Нималарнидир ўйлайман, қоғозга битишга уринаман. Хонада устозим мавзуни тушунтирар, гуруҳдошларим мавзуга оид ўз фикрларини билдирардилар... Охири қўнғироқ чалинди. Барча дарслар ниҳоясига етди. Мен куннинг ярмини бекор ўтказдим. Атрофга тикиламан, ҳар тарафим гўзалликка бой.
Ўзимнинг телба хаёлларим билан уйга етиб келганимни ҳам сезмай қолибман. Кеч тушгунча яна уй юмушлари билан машғул бўлдим. Оила даврасида кечки овқатдан сўнг хонамга кираман. Ҳар галгидек ёзув-чизув ишлари.. Мана, умрим китобининг яна бир саҳифаси ўқилди гўё. Ҳаёт давом этади. Яна қоп-қора тун бағрида олис тушларим томон кетяпман. Эртага мени яна нималар кутяпти ва кун қандай ўтишини ёлғиз Яратган билади. Шу ўйлар билан оқ қоғозни қораладим, кейин уйқуга ётдим.
Моҳинур ҚОДИРОВА.
|