№52, 25.12.2014 ҳикоя
Шервуд АНДЕРСОН,инглиз адиби.
КЕКСАЛИК
У мункайиб қолган чол эди, кичкинагина Кентукки шаҳарчасидаги темирйўл зиналари устида эрта тонгдан то қош қорайгунча ўтираверарди.
Шу ерга афтидан сайёҳ бўлиб келган, уст-бошлари башанг бегона бир киши чолнинг рўпарасига келиб туриб қолди.
Қария унга тортинибгина кулимсираб қўйди. Чолнинг табассуми худди ёш боланикига ўхшарди.
- Нима бўлди, биродар, биронта касаллик сизни безовта қиляптими, дейман? - деб сўради у. Чолнинг овозида юракни зирқиратиб юборадиган самимий оҳанг зоҳир эди.
Нотаниш киши бошини тебратиб "йўқ" деган бўлди. Қария бир пас сукут сақлади-да, кейин инқиллаганча ўрнидан туриб, базўр қаддини ростлади.
"Ҳа, қон йўқотадиган касаллик жуда ёмон-да", деб қўйди у ўзича. Шундан сўнг оқариб кетган тилини сунъий тишлари орасидан чиқарди-да, негадир бир айлантириб қўйди. Титроқ қўлини бегона кишининг қўли устига қўйди-ю, бехос кулиб юборди.
"Ҳечам ташвишланманг, азизим" - деб хитоб қилди у кейин. "Мен ҳамма касалингизни даволайман - йўтал дейсизми, шамоллашингиз борми, ҳатто сил бўлмасаям, бари-барига шифо топиб бераман. Мен ҳатто қўлдаги сўгалларни ҳам юлиб ташлай оламан. Аттанг, ҳозир буни қандай қилиб бажаришимни сизга тушунтириб бера олмайман-да, яхшиси, бу сир бўлиб қолаверсин. Энг асосийси, мен қилган меҳнатимга бир тийин ҳам пул олмайман, дарвоқе, менинг исмим Том - мен сизга маъқул келдимми ўзи?"
Бегона одамнинг чеҳраси ёришди. У дўстона жилмайганча, бош ирғаб, чолнинг гапини тасдиқлаган бўлди. Шу топда қариянинг ҳардамхаёллиги қўзиб, ҳар хил гаплар айтиб, алжирай бошлади.
"Менинг отам қаттиққўл одам бўлганди", - дея ҳикоясини бошлаб кетди чол. "У менга ўхшаб кетарди, отам ҳам мендай темирчи бўлиб ўтганди, аммо отамнинг бошида ҳамма вақт бўйрадан қилинган шляпаси бўларди. Далада маккажўхоридан мўл ҳосил олган йиллари у, албатта, камбағалларга ҳайр-эҳсон қилар, "далага бориб, қорнингизга керагича дондан олаверинглар", деб ҳиммат кўрсатарди, аммо уруш даврида доннинг бир бушели учун беш доллардан тўлаб, ўзи қуриб қолди.
Мен отамнинг айтганига кўнмай, ўзим топган қизга уйлангандим. Бечора олдимга келиб, юзимга очиқ-ойдин айтган эди-я: "Том, деган эди раҳматли, уйланадиган қизинг менга ҳечам ёқмади".
"Сизга ёқмаса ёқмас, бироқ мен уни севаман", - деб жавоб бергандим унга.
"У менга барибир ёқмайди", - деб яна таъкидлаб қўйганди отам раҳматли.
Ўшанда ота-бола ёғоч хода устига ўтирволиб, алламаҳалгача гаплашган эдик. Ҳа, отам ажойиб одам эди-да, бўйрадан қилинган шляпасиниям ҳеч бошидан олмасди. "Мана кўрасиз, мен тўйимизга рухсатнома олиб келаман", - деб туриб олгандим ўшанда.
"Энди мендан сариқ чақаям ололмайсан", - деганча норози бўлиб қолганди отам бечора.
- Тўйим менга йигирма бир долларга тушганди - шу пулни топаман, деб далада анча тер тўккандим - устимдан челаклаб ёмғир қуйиб турсаям, ҳатто совуқ кунлардаям, ҳеч балога қарамай, жон-жаҳдим билан меҳнат қилавергандим.
Турмуш қурадиганларни рўйхатдан ўтказувчи ходимнинг берган саволи: "Ёшингиз йигирма бирдан ошганми ўзи?" деб сўраш бўлганди, холос. Мен ҳам, хотиним ҳам "Ҳа", деб жавоб бергандик ўшанда.
Отам ўшанда тўй билан боғлиқ бари ишни аллақачон ҳал қилиб қўйганди. Тўйдан сўнг: "Тўрт томонинг қибла", - дедилару, бошқа гапирмай кетдилар, унинг охирги гапи шу бўлганди. Чўнтагимизда бир мири ақчамиз йўқ, роса абгор бўлгандик. Хотиним бўлса биз ҳеч қанча яшамасдан индамай ўлиб кетаверди".
Қария гапдан тўхтаб, хўрсинганча осмонга тикилиб қолди. Қош қорая бошлаган палла эди, қуёш уфқ томон бош қўйишга чоғланаётганди. Бутун само булутлар билан ола-була бўлиб кўринарди.
"Ҳа, мен энди қариб қолдим. Мана сиз бўлса, бошқа дунёсиз, ёшсиз, нари борса, ўттиз еттига киргандирсиз-да, лекин мен ёшимнинг анчасини яшаб бўлдим", - деб пичирлади чол.
- Акам ёмон одам бўлган, ўлгудай ичи қора эди. Юзи чиройли, сочлари ярашиб турган бўлсаям, ўзи одам ўлдиришдан завқ оларди. Мен кексаликдан нафратланаман - ўзим қариб қолганимдан ўзим уялиб кетаман. Қариликни Худо нари қилсин!.."
Шунинг учун ҳам яқинда кетворган бир хотин олдим. Буни қаранг, унга тўрт дона мактуб ёзиб жўнатгандим, ёпирай, ҳаммасига жавоб қайтарса бўладими! Ахийри бу ерга келгач, турмуш қуриб олдик. Оҳ, унинг юришини бир кўрсангиз эди - мен хотинимга ажойиб либослар олиб бердим".
Чол яна ҳиқиллай бошлади, нотаниш сайёҳ бечора қарияни юпатаман, деб анча уринди. "- Ахир бахтлимисиз?" - ниҳоят бир таскин сўз топгандай бўлиб сўради у.
"Бўлмасам-чи", - деди қария анча дадилланиб, лекин кўп ўтмай тағин алжирай кетди: "Мен яна яхши одамман ҳам. Истаган ерингизга бориб, мен ҳақимда бемалол сўрайверинг - исмим Том, темирчи Томман. Хотиним қадамини товусдай хиром билан босади. У эндигина ўттизга чиқди, мен эса етмиш бешдаман, - ўзиям бир дунё туфлиси бор-да, ҳаммасини мен олиб берганман.
Хотиним мени ҳеч нарсани билмайдиган қари чол деб ўйлайди - ўзи ҳамма мени Том ҳеч вақони билмайдиган бир қария-да, деб қаттиқ адашишади. Ана шунақа, мени Том дейдилар, ақлим ҳам бало мени, темирчи Томман. Мен етмиш бешга кирган бўлсам киргандирман, аммо барибир мункиллаб қолган эмасман. Одамлар ҳеч тортинмай хат жўнатишаверсин, мен сира эринмайман, барига жавоб қайтаравераман. Ахир бунинг учун ҳеч кимдан бир тийин ҳам ҳақ сўрамайман-ку!"
Инглиз тилидан
Қандилат ЮСУПОВА таржимаси.
|